Имкониятим чеклаганлиги сабабли давлат ташкилотларига бевосита бора олмайман. Шу муносабат билан давлат ташкилотларига электрон тарзда интернет тармоғи орқали мурожаат қилишим мумкинми?

Р.Расулов, Ғиждувон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг 4-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий Низомнининг 5-бандига асосан Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, юқорида номи келтирилган қонуннинг 6-моддасига кўра электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши кераклиги белгиланган.

Бундан ташқари, жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланиши белгиланган.

Савол: Яшаб турган ўйимга туман газ идорасидан қарздорлик нотўғри ҳисобланганлигидан норози бўлиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага шикоят қилган эдим. Мазкур ҳолатга туман газ идораси ходимлари томонидан ойдинлик киритилганлиги муносабати билан қилган шикоятимни қайтариб олишим мумкинми? Агар мумкин бўлса қандай?

З.Давлатов,  Ғиждувон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг 18-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий Низомнининг 36-бандига асосан жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шунингдек, юқоридаги номи келтирилган қонун ҳужжатларида мурожаатни қайтариб олиш ҳақидаги ариза давлат органлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Саволларга Ғиждувон туман 3-сон ДНИ нотариуси  Абдулло Наврўзов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш