Турмуш ўртоғим билан 10 йилдан буён қонуний никоҳдан ўтиб бирга яшаяпмиз, лекин ўртамизда фарзандимиз йўқ. Оилам бут бўлиши учун синглимнинг боласини асраб олмоқчиман.

Савол:  Шу масалада қаерга мурожаат қилай ва қандай ҳужжатлар тақдим этишим лозим?

Савол йўлловчининг илтимосига биноан Ф.И.Ш кўрсатилмади.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига мувофиқ, Сиз фарзандликка олиш ҳақидаги аризангиз билан васийлик ва ҳомийлик органига муржаат қилиб, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосасини олган ҳолда фуқаролик судига мурожаат қилишингиз лозим.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар алоҳида иш юритиш тартибида, фарзандликка олувчилар, васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор чиқарилгандан сўнг, ушбу қарор қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлими(ФҲДЁ)га мурожаат қилиб, фарзандликка олинаётган боланинг туғилишни қайд этиш дафтарига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Савол: Болани фарзанд қилиб олганлигимни ҳеч ким билмаслигини хоҳлар эдим, фарзандликка олиш сир сақланадими?

Савол йўлловчининг илтимосига биноан Ф.И.Ш кўрсатилмади.

Жавоб: Ҳа, албатта, фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинган. Фарзандликка олувчининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига хилоф равишда фарзандликка олиш сирини ошкор қилган шахслар қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Саволларга Шофиркон туман ФҲДЁ бўлими  мудири Р.Шодиев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш