Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини бериш тартиби қандай?

Савол:  Нима учун улар тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилади?

С.Назарова, Тошкент шаҳри

Жавоб:“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қо­нуннинг 16-моддасига асосан мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек, бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шакл­да юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

Шунингдек, мазкур Қо­нуннинг 18-моддасига мувофиқ давлат органига келиб тушган мурожаатлар шу ор­ган томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиниши керак.

Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Акбар Сайдаҳмедов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш