Мен болалар шифохонасида ишлаймай. Ўзимга тегишли автомашинамни сотмоқчи эдим.

Савол:  Лекин иш жойимни узоқ вақтга тарк этолмайман. Шунинг учун нотариусга телефон орқали олдиндан навбат олиб қўйишим мумкинми?

С.Толибова, Тошкент шаҳри

Жавоб: Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-бандига асосан жисмоний ва юридик шахслар бевосита келиб ёки телефон орқали, ёзма ёхуд электрон шаклда, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус томонидан қабул қилинишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Савол: Мен болаларни мактабгача тарбиялаш муассасасида ишлайман. Ҳафтанинг душанба-жума кунлари кеч соат 5 га қадар тўлиқ ишлайман. Уй-жой ижара шартномасини тасдиқлаш учун нотариусга ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари мурожаат қилишим мумкинми?

Н.Тошева, Навоий шаҳри

Жавоб: Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандига асосан нотариусларнинг иш кунлари ва соати Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан белгиланади. Нотариусларнинг иш кунлари ва вақтини белгилашда муайян давлат нотариал идораси ёки нотариус томонидан ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида ҳам нотариал ҳаракатлар амалга оширилиши назарда тутилади, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бўйсунувчи туман (шаҳар) доирасида фақат битта нотариус фаолият юритадиган ҳоллар бундан мустасно.

Саволларга Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси катта маслаҳатчиси Д.Ёқубов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш