Меҳнат дафтарчаси сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилишим лозим?

Т.Муҳаммадиев, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 8/04-01, 32/01-сон билан тасдиқланган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) мувофиқ, ҳар бир корхона ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, лекин штат жадвалида назарда тутилган ходимлар сонидан ошмаган ҳолда, меҳнат дафтарчалари сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат дафтарчалари ва меҳнат дафтарчаларига қўшимча варақлар корхоналар томонидан маҳаллий меҳнат органларидан олди-сотди шартномаси асосида сотиб олинади. Меҳнат дафтарчаларини бошқача тартибда сотиш, шунингдек, фуқаролар томонидан меҳнат дафтарчаларини сотиб олиш тақиқланади.

Меҳнат дафтарчалари ва меҳнат дафтарчаларига қўшимча варақларни сотиб олиш шартномасини тузиш учун корхоналар маҳаллий меҳнат органларига ёзма мурожаат қилишлари лозим. Ёзма мурожаатда штат жадвали бўйича ходимлар сони, вакант лавозимлар (жойлар) сони, шунингдек, меҳнат дафтарчаси (меҳнат дафтарчаси дубликати) ёки меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ берилиши лозим бўлган ходимлар тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

Меҳнат дафтарчаси ва меҳнат дафтарчасига қўшимча варақларни корхоналар томонидан қайта сотишга ёки бошқача тартибда бегоналаштирилишига йўл қўйилмайди.

Савол: Мен хусусий корхонада ишлайман. Меҳнат дафтарчамни бир кунга олиб туриш мақсадида қилган мурожаатим раҳбар томонидан рад этилди. Корхона раҳбарининг ушбу қарори тўғрими?

Ф.Эранов, Наманган шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 8/04-01, 32/01-сон билан тасдиқланган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) мувофиқ, иш берувчи ходимнинг талабига биноан меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки нусхани тасдиқланган ҳолда беради.

Ходимнинг ёзма равишдаги илтимосномасига кўра, қайтариб бериш шарти билан меҳнат дафтарчаси унинг эгасига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Бунда меҳнат дафтарчасига охирги иш жойи ва лавозими ҳақида киритилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида ташкилот томонидан маълумотнома берилиши лозим.

Бу даврда мазкур Йўриқномада белгилангандан ўзгача тартибда меҳнат дафтарчасига қўшимча ёзувлар киритиш, уни ўзгартириш, гаровга бериш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади ва барча жавобгарлик ходимнинг зиммасига юклатилади.

Савол: Мен якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаман. Меҳнат дафтарчамга ўзим бу ҳақида тегишли ёзув киртиб уни муҳр билан тасдиқласам бўладими?

О.Шерматов, Самарқанд шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 8/04-01, 32/01-сон билан тасдиқланган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) мувофиқ, хусусий тадбиркорлик ва якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс бўлмаган фуқароларнинг ҳамда деҳқон хўжаликларида ишловчиларнинг меҳнат дафтарчаларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли маълумотлар киритилади.

Шунингдек, ушбу йўриқномага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат дафтарчаларига чет элда (шартнома асосида) ишлаган иш даври ҳақидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агар давлатлараро битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан тегишли маълумотномаларга асосланиб киритилади.

Фуқароларнинг чет элда (шартнома асосида) ишлаган иш даври умумий иш стажи жамланиб, яъни қайси корхонада, қайси даврда ва қайси лавозимларда ишлаган йиллари, ойлари ва кунлари умумий тарзда ёзилади.

Савол: Менга яқинда корхона раҳбари Меҳнат кодексининг 100-моддасига асосан ишдан бўшатишини ва буни меҳнат дафтарчамга ёзиб қўйишини ҳамда мен бошқа жойга ишга кира олмаслигимни айтди. Унинг ушбу ҳаракати тўғри бўладими?

Х.Тиллаев, Бухоро шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 8/04-01, 32/01-сон билан тасдиқланган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) мувофиқ, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ёзувлар меҳнат дафтарчасига қуйидаги тартибда ёзилади:

1-устунда ёзувнинг тартиб сони;

2-устунда меҳнат шартномасининг бекор қилиниш санаси;

3-устунда меҳнат шартномасини бекор қилиниши;

4-устунда эса ушбу ёзувнинг нимага асосланиб киритилгани, буйруқ санаси ва сон рақами кўрсатилади. Масалан: ходим билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ва 1997 йилнинг 10 июни охирги иш куни ҳисобланган вақтда ходимнинг меҳнат дафтарчасига қуйидаги ёзувлар киритилиши лозим: иши тўғрисидаги маълумотлар бўлимининг устунида ёзувнинг тартиб сони қўйилади, 2-устунда бўшатилиш санаси (1997 йил. 06. 10.).

3-устунда «меҳнат шартномаси бекор қилинди» деб ёзилади.

4-устунда буйруқнинг санаси ва сон рақами кўрсатилади.

Меҳнат дафтарчасида меҳнат шартномасини бекор бўлганлиги тўғрисидаги ёзув амалдаги қонун талабларига мос бўлиши, яъни, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) тўғрисидаги ёзув киритилмаслиги шарт.

Савол: Менга иш ҳақим ортиқча тўлаб юборилганлиги важи билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг меҳнат дафтарчам берилмасдан келинмоқда. Иш берувчининг мазкур ҳаракати қонунийми?

Ш.Болиев, Самарқанд тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасига мувофиқ, Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Ушбу кодекснинг 188-моддаси талабларига кўра, Ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда ололмай қолган иш ҳақини иш берувчи унга тўлаши шарт. Бундай мажбурият, агар иш ҳақи ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги ва меҳнат низоларини кўрувчи органнинг бундай ишлар юзасидан чиқарилган қарори ўз вақтида бажарилмаганлиги, меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги, ҳар қандай йўллар билан ходимнинг шаънига доғ туширувчи маълумотлар тарқатилганлиги натижасида, башарти бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса, шунингдек бошқа ҳолларда олинмай қолган бўлса, келиб чиқади.

Саволларга Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармасининг  бўлим бошлиғи Мухаммад Тошов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш