Тақдир тақозоси билан ёлғиз қолдим, ҳомиладорман, маълумотим олий.

Савол: Ўзим ва 1 нафар вояга етмаган боламни боқиш учун ишга кириш масаласида Халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаларига мурожаат қилдим. Аммо улар менинг ҳомиладорлигимни важ қилиб, ишга қабул қилишмаяпти. Ҳомиладор ва вояга етмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда қандай имтиёзлар мавжуд?

С.Қодирова, Бухоро шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 224-моддасига кўра ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Шунга кўра, Сиз мурожаат қилган корхона ва ташкилотдан ишга қабул қилишни рад этганлик сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда жавоб хати олишингиз ҳамда ушбу хатга асосан ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилишингиз мумкин.

Савол: Парламентимизда аёлларнинг ўрни ва уларнинг сони ҳақида маълумот берсангиз.

Л.Шодиева, Пешку тумани

Жавоб: Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси мустақилликнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, мамлакатимиз парламенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонунларда депутатликка сиёсий партиялар томонидан номзодлар кўрсатишга тааллуқли муҳим қўшимча киритилди. Унга кўра, хотин-қизлар сони сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим. Ушбу қоида амалда ўз исботини топганлигини, яъни ҳозирги кунда парламентимизнинг ҳар иккала палатасида депутатлар ва сенаторлар умумий сонининг, яъни қонунчилик палатасида 
21 фоизни, Сенатда эса 15 фоизни аёллар ташкил этганлигини кўришимиз мумкин.

Саволларга Бухоро шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими  мудираси Зубайда Қурбонова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш