Бугунги кунда нечта нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд?

Ш.Эгамқулов, Жиззах шаҳри

Жавоб: 2015 йил якунлари бўйича адлия органларидан 8400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб фаолият юритмоқда.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлари таъсис ҳужжатларини янги қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш ва ўз фаолиятларидан келиб чиқиб таъсис ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келиши табиий ҳол бўлиб, бунинг учун нодавлат нотижорат ташкилотлари нималар қилиши керак?

С.Ибодуллаев, Самарқанд шаҳри

Жавоб: Ўз таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатларини қабул қилиш учун аввало нодавлат нотижорат ташкилотлари уставига кўра таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга ваколати бўлган органи бу тўғрисида қарор қабул қилиш лозим. Шундан сўнг нодавлат нотижорат ташкилоти тегишли адлия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

белгиланган шаклда ариза;

ННТ ваколатли раҳбар органининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

икки нусхада - таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг матни ёки таъсис ҳужжатларининг янги таҳрири;

белгиланган миқдорда давлат божи тўлангани тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати;

давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси – номи ўзгарган тақдирда.

Савол: Таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг адлия органидан ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим қилишда кўп учрайдиган камчиликлар ҳақида маълумот берсангиз.

С.Эргашев Тошкент шаҳри

Жавоб: ННТнинг раҳбар органи томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир ой мобайнида рўйхатдан ўтказувчи органга ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилиш лозим. Бироқ, айрим ҳолларда ННТлар томонидан ушбу муддатга риоя қилинмаяпти. Бу эса, мазкур қарор асосида ННТларни қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, ННТнинг таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ННТнинг амалдаги уставида кўрсатилган раҳбар органи(юқори раҳбар органи) томонидан тасдиқлаш ўрнига, уставга кўра унга ваколат берилмаган раҳбар органи томонидан тасдиқланиш ҳолати учраб туради.

Бундан ташқари, ННТнинг таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш тўғрисидаги раҳбар органи қарорида ушбу раҳбар орган номини ННТнинг уставида кўрсатилган тарзда ёзилмайди. Масалан, ННТнинг амалдаги уставда унинг тегишли раҳбар органи номи “қурултой” кўрсатилган бўлса, тақдим қилинган ҳужжатда раҳбар органи номи “конференция” тарзида ёки уставда “умумий йиғилиш” кўрсатилган ҳолда тақдим қилинган ҳужжатда “умумий мажлис” тарзида ифодаланади. Ваҳоланки, ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим қилишда бу каби жиҳатларга эътибор қаратиш лозим.

Шунингдек, аксарият ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатларга ННТ раҳбар органи қарори ва давлат божи тўлангани тўғрисидаги банк тўлов ҳужжатининг ксеро нусхаси тақдим қилинади. Бироқ, қонун ҳужжатлари талаби бўйича ушбу ҳужжатларнинг асли тақдим қилиниши талаб этилади. Шу билан бирга, мурожаатларга банк ходими имзо қўймаган ёки банк штампи босилмаган давлат божи тўлангани тўғрисидаги ҳужжатларни илова қилиш каби камчиликлар ҳам тез-тез учраб туради.

Шу билан бирга, таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг матни ёки таъсис ҳужжатларининг янги таҳрири ННТнинг раҳбар органи томонидан тегишли вакил қилинган шахснинг имзоси билан тасдиқланиши, янги таҳрирдаги таъсис ҳужжати тартиб рақами қўйилган, ип ўтказиб тикилган бўлиши керак.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатларига қўйиладаган талаблар ва уларни тузишда эътибор берилиши лозим бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтсангиз.

Б.Худойназаров, Тошкент шаҳри

Жавоб: Барча нодавлат нотижорат ташкилотларининг таъсис ҳужжатлари учун асосий талаблар “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида санаб ўтилган. Унга кўра нодавлат нотижорат ташкилотларининг асосий таъсис ҳужжати бўлган уставда қуйидагилар назарда тутилади:

1. Нодавлат нотижорат ташкилотининг номи, мақсад ва вазифалари, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, у ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд;

2. Нодавлат нотижорат ташкилотининг тузилмаси ва раҳбар органлари, заруратга қараб унинг назорат-тафтиш органлари;

3. Раҳбар органларнинг ваколат доираси ва уларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколат муддатлари, доимий асосда ишлайдиган раҳбар орган жойлашган ер;

4. Аъзолик белгиланган бирлашмалар учун - аъзо бўлиш ва аъзоликдан маҳрум бўлиш шартлари ва тартиби, аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

5. Пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари;

6. Қайта ташкил қилиш;

7. Уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тартиби.

Ушбу санаб ўтилган талаблар ичида амалиётда кўпинча уставда нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари тўлиқ ёритилмайда ёки уставда келтирилган қоидалар уставнинг бошқа бандларига номувофиқ ифодаланади.

Масалан, ННТ уставида унинг мол-мулкини тасарруф қилиш, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш бўйича ваколатлар ННТнинг бир неча раҳбар органларига берилган бўлади. Бу эса, келгусида ННТнинг мол-мулкларини бошқаришда зиддиятлар келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга кўра устав матнида грамматик, орфографик ва стилистик хатоларга йўл қўймаслик лозим.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул  ходими Рустам Эшбоев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш