Эр-хотин ўртасида мол-мулклар қандай тартибда бўлинади, бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак?

С.Мирзаева, Ромитан тумани

Жавоб: Эр-хотиннинг умумий мулки улардан бирининг талаби буйича, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам бўлиниши мумкин. Шунингдек, кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мулкдаги улушига ундиришни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлишни талаб қилган тақдирда ҳам умумий мулк бўлиниши мумкин.

Умумий мол-мулкни бўлиш ҳақида ўзаро келишув асосида тузилган битим нотариал тартибда гувоҳлантирилган бўлиши керак.

Ўртада низо бўлган ҳолларда улардан ҳар бирининг улишини аниқлаш суд йўли билан амалга оширилади.

Фермер хўжалиги ёки деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланган.

Оила кодексининг 25-моддасида эр ва хотиннинг ҳар бирининг мол-мулки ҳақида кўрсатилганидек, никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя мерос тариқасида олган мол-мулки қаторида, бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулкини ҳам улардан ҳар бирининг ўз мулки бўлиб ҳисобланади.

Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим – бош, мактаб ва спорт жиҳозлари, чолғу асбоблар ва бошқалар) бўлинмайди. Шунингдек, вояга етмаган болалар номига омонат қўйилган маблағлар ҳам эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳисобга олинмайди.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда уларнинг улушлари тенг ҳисобланади.

Вояга етмаган болалар манфаатларининг эр-хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан суд четга чикишга хакли.

Эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.

Оилавий муносабатлар тугатилган ва эр-хотин алоҳида яшаган даврда орттирилган мол-мулк суд томонидан улардан бирининг ўз мулки деб топилиши мумкин.

Саволга Ромитан туман 1-сон ДНИ нотариуси  М.Қурбонова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш