Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситаларига ишончномаларни расмийлаштириш тартиби қандай?

А.Авезов, Қоракўл тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситаларига ишончномалар улар божхона органларида расмийлаштирилгандан ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади. Аммо Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг 2010 йил 28 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 57-бандига кўра, “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларининг гувоҳномаларида “автотранспорт воситасини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш чекланади” сўзлари қайд этилган ҳолларда:

- 5 йил муддат доирасида автотранспорт воситасини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш, БЮД (божхона юк декларацияси)га тегишли ўзгартиришлар киритилгандан ва янги гувоҳнома расмийлаштириб берилгандан сўнг амалга оширилади;

- 5 йиллик муддат ўтгандан сўнг, БЮД га ўзгартириш киритилмасдан ва янги гувоҳнома расмийлаштирилмасдан қонун ҳужжатлари асосида автотранспорт воситасини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш мумкин.

Савол: Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни нотариал тартибда тасдиқлашда қанча миқдорда давлат божи ундирилади?

З.Жумаева, Бухоро шаҳри

Жавоб: Ҳаммамизга маълумки, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таьминлаш мақсадида, 18 ёшга тўлмаган шахсларга автомототранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари ишончномаларини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарорига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида 2006 йил 1 июлдан бошлаб, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатьий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади. Агар ишончнома биттадан ортиқ ишончли вакилга берилган тақдирда, у ишончли шахслар сони бўйича гербли бланкаларда расмийлаштирилади ва ҳар бир гербли бланка учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.

Шунингдек, яқин қариндошларга (ота-она, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари, болалар ва уларнинг эр-хотинлари, ака-ука, опа-сингиллар, набиралар, жиянлар) автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончомаларни нотариал тасдиклаш чоғида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, бошқа шахсларга эса автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш учун энг кам ойлик иш ҳакининг беш баравари, тасарруф қилиш билан боғлик ишончномаларни расмийлаштиришда ўн баравари микдорида давлат божи ундирилади. Яқин қариндошлар ўртасида бу турдаги ишончномаларни расмийлаштиришда қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, никох тузилганлиги хақидаги гувоҳнома кабилар) нотариусга такдим қилиниши лозим.

Саволларга Қоракўл туман 1-сон ДНИ нотариуси Алишер Бахромов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш