Нотариал идорага синглимнинг автотранспорт воситасидан фойдаланишим учун имтиёзли ишончнома расмийлаштириб беришни сўраб мурожаат қилганимда,

Савол:  нотариус менга сизлар ака сингил эмассизлар, чунки туғилиш гувоҳномаларингиздаги она графаси бўйича бошқа-бошқа оналарнинг фарзандисизлар деб, яқин қариндошлар бўйича ишончнома расмийлаштириб беришни рад этди. Ушбу ҳолат бўйича тушунтириш берсангиз.

А.Тошбеков, Бухоро шаҳри

Жавоб: Оила кодексининг 58-моддасида ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкинлиги, ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланиши, ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланиши ва эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмаслиги кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра, сиз синглингиз билан ёт аралашган қариндош ҳисобланасиз.

Давлат божи ставкаларига асосан ота-оналар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари, болалар ва уларнинг эр-хотинлари, ака-укалар, опа-сингиллар, набиралар, жиянларга автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни тасдиқлаганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Саволга Пешку туман 1-сон ДНИ нотариуси ёрдамчиси Равшан Акрамов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш