Отам оилада ёлғиз фарзанд бўлган. Аввал бувим, сўнг отам вафот этишган.

Савол: Ҳозирги кунда фақат бобом ҳаёт.

Ушбу вазиятда мен ва укам тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўлар эканмиз. Шу ҳақда тушунтириш берсангиз.

М.Сайфиллоева, Ромитан тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига кўра, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворисликда меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сиз ва укангиз бобонгиз вафотидан сўнг унинг биринчи навбатдаги меросхўрлари сифатида мерос олиш ҳуқуқига эга бўласиз.

Шунингдек, фуқаролик кодексининг 1135-моддасида биринчи навбатдаги меросхўрларга болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини), мерос қолдирувчининг ота-онаси (фарзандликка олувчилар) кириши белгиланган. Демак, бувингиз бобонгиздан аввал вафот этган бўлса, отангиз бобонгизнинг биринчи навбатдаги меросхўрларидан бири ҳисобланади. Лекин отангиз ҳам бобонгиздан аввал вафот этган экан, шунга кўра отангизнинг меросдаги улуши сиз ва укангиз ўртасида тенг бўлинади. Меросни расмийлаштириш учун бобонгиз доимий пропискада турган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат этишга ҳақлисиз.

Саволга Ромитан туман 1-сон ДНИ  нотариуси М.Қурбонова жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш