Мен оила аъзоларим билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи эдим. Уни қандай амалга оширишимиз мумкин?

Ф.Ашматов, Асака тумани

Жавоб: Мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришни рағбатлантириш, уни қўллаб қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласига доимий равишда эътибор қаратиб келинмоқда.

Шунга кўра, бизнинг менталитетимизга мос бўлган тадбиркорликнинг янги ташкилий ҳуқуқий шакли оилавий тадбиркорлик жорий этилди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилди.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Оилавий тадбиркорлик бу — оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида фойда олишга қаратилган фаолият ҳисобланади. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхона ҳисобланади.

Оилавий тадбиркорлик иштирокчилари — оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, қариндошлари бўлиши мумкин.

Савол: Онам яхши тикувчилар.Улар бошчилигида аёллар учун кийим кечаклар тикиб, бозорга чиқармоқчимиз. Лекин ушбу тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бизда алоҳида бино мавжуд эмас. Шунинг учун ўзимиз яшаб турган турар жойда ушбу фаолиятни амалга оширсак бўладими?

К.Махмудова, Вобкент тумани

Жаоб: Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар оилавий корхона фаолияти амалга ошириладиган жойлар бўлиши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик субъектларига бошқа тадбиркорлик субъектларидан фарқли ўлароқ бир қатор афзалликлар берилган.

Хусусан, Оилавий корхона иштирокчиларига тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар турар жойларидан бир вақтнинг ўзида истиқомат қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширсалар коммунал инфратузилма хизматлари жумладан электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади

Савол:Қишлоқда яшайман. Вақтинча ишсизман. Уйда ўтирган ҳолда тадбиркорликнинг қайси турини амалга оширсам бўлади. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

Н.Қодирова, Бешариқ тумани

Жавоб: Ҳукуматимиз томонидан қишлоқ жойлардаги иш билан банд бўлмаган аҳолини уйда маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ишларини бажаришга жалб этиш, фуқароларнинг ижтимоий ва меҳнат кафолатларини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жисмоний шахслар уйида истиқомат қилган ҳолда тадбиркорликнинг касаначилик шакли билан шуғулланишлари мумкин.

Касаначилик бу — тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича амалга ошириладиган фаолият ҳисобланади.

Касаничилик фаолияти жисмоний шахснинг яшаш жойида ёки унинг оила аъзоларига тегишли бўлган биноларда амалга оширилиши мумкин. Бунда турар жой биноларини нотурар жой бинолар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди. Шу билан бирга, фаолиятни амалга ошириш учун рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.

Касаничилик билан 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги жисмоний шахслар шуғулланишлари мумкин. Меҳнат шартномаларига эга бўлган касаначилар иш билан банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва уларга меҳнат дафтарчаси берилади. Касаначининг ишлаган вақти меҳнат стажига қўшилади.

Бундан ташқари, касаначига иш берувчи томонидан берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарлар фойдаланиш даврида мулк солиғидан озод қилинади. Шунингдек, касаначилар фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан текшириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш берувчи корхонани текшириш вақтида ўтказилиши мумкин.

Савол: Менинг фарзандим 15 ёшда. Маҳалламиздаги ҳунармандга шогирд сифатида беришим мумкинми?

Қ.Матниёзов, Урганч шаҳри

Жавоб: Мамлакатимизда халқ ҳунармандчилигининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолишнинг энг самарали воситаларидан бири сифатида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳунарманд ўз касбининг сири асрорларини ёшларга ўргатиш учун 5 нафар шогирдни ҳунармандчилик фаолиятига жалб этишга ҳақлидир.

15 ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босадиган шахснинг ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилади.

Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлган шахс ҳунарманднинг шогирди сифатида ишлашга у умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда албатта ўқиши шарти билан йўл қўйилади.Яъни фарзандингиз мактаб,ёки коллеж ,лицейдаги ўқишидан сўнг хунар ўрганиши ва шогирд сифатида ишлаши мумкин.

Савол: Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли жорий қилинганидан хабардорман.Ушбу он-лайн тизими,ундан фойдаланиш тартиби хусусида маълумот берсангиз.

С.Ғайратжонов, Олмазор тумани

Жавоб: Текширишларни рўйхатга олиш китобининг он-лайн тизими амалиётга 2015 йилдан тўлиқ жорий этилди. Хусусан,тадбиркорлик субъектларидатехник имконият,яъни электрон имзо мавжуд бўлганда мажбурий тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли тўлдирилади. Бундай холатда текширишларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

“Текширишларни руйхатга олиш китоби”нинг он-лайн тизимига кириш etk.minjust.uz электрон манзил орқали электрон рақамли имзо ёрдамида амалга оширилади. Адлия вазирлиги томонидан ҳар бир текшириш жараёни бўйича тўлиқ назорат ўрнатилади.

Мазкур яратилган он-лайн тизим ёрдамида тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш имкони яратилди.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳа ортиқча вақтни тежайди, қоғоз ва бошқа харажатлар сарфини камайтиради.

Савол: Биз оила аъзоларимиз биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширамиз. Бунинг учун меҳнат стажи ҳисобланиб, биз пенсия таъминоти оламизми?

Г.Назарова, Ховос тумани

Жавоб — Албатта оилавий корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг ижтимоий мухофазаси қонунчилигимизда мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра ходимларнинг ишлаган вақти учун давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат дафтарчалари юритилса меҳнат стажига қўшилади. Бу эса пенсия таъминоти олишга асос бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Улуғбек Махмудов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш