Бир танишимдан қарз олиб, қарз шартномасини ёзма шаклда тузиб имзоладик, лекин шартномада кўрсатилган пулдан кам миқдорда қарз олдим.

Савол: Ушбу пул суммасини олишда иштирок этган гувоҳларим ҳам бор. Шундай бўлсада, қарз берган танишим қарз шартномасида кўрсатилган пул суммасини қайтариб беришимни талаб қилаяпти.Ушбу ҳолатда мен нима қилишим керак ёки қаерга мурожаат қилишим лозим?

Жавоб:Қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни қарз берувчидан амалда олмаганлигини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганлигини исбот қилиб, қарз шартномаси юзасидан қарз берувчи билан даъволашишга ҳақли.

Ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас, шартнома алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар қарз олувчи қарз шартномаси юзасидан даъволашуви жараёнида пул ёки бошқа ашёлар ҳақиқатан ҳам қарз берувчидан олинмаганлиги аниқланса, қарз шартномаси тузилмаган ҳисобланади. Қарз олувчи қарз берувчидан пул ёки бошқа ашёларни шартномада кўрсатилганидан амалда кам миқдорда олган ҳолларда шартнома ана шу миқдордаги пул ёки ашёларга тузилган ҳисобланади.

Савол:Танишимга уйини таъмирлаш учун қарз берган эдим. Уни нотариал тартибда расмийлаштириб қарзнинг мақсадини аниқ кўрсатдик. Бироқ, қарздор бу маблағни уй таъмир учун эмас, балки ўзининг шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборди. Бу борада мен қандай йўл тутишим лозим?

Жавоб:Агар қарз шартномаси қарз олувчининг маблағлардан аниқ мақсадда (аниқ мақсадли қарз) фойдаланиши шарти билан тузилган бўлса, қарз олувчи қарз берувчига қарз суммасидан аниқ мақсадда фойдаланилишини назорат қилиш имкониятини таъминлаб бериши шарт.

Қарз олувчи қарз шартномасининг қарз суммасидан аниқ мақсадда фойдаланиш ҳақидаги шартларини бажармаган тақдирда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Саволларга Жондор туман 2-сон ДНИ  нотариуси М.Ачилов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш