Ҳадя билан хайр-эҳсоннинг фарқи нимада?

О.Худойбердиева, Бухоро шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 502-моддасига асосан ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади. Шунингдек, бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 511-моддасига асосан умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади.

Хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин. Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.

Савол: Ҳадя олувчининг ҳадяни қабул қилишни рад этиши мумкинми ва у қандай тартибда бўлади?

З.Жумаева, Бухоро шаҳри

Жавоб:Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Агар ҳадя шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳадяни қабул қилишни рад этиш ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадя қилувчи ҳадя олувчидан ҳадяни олишни рад этиши оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Савол:Ҳадяни бекор қилиш тартиби қандай?

Б.Рахматов, Бухоро шаҳри

Жавоб:Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

Саволларга Бухоро шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси О.Зияев жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш