Яқинда наварали бўлдим.

Савол: Яқинда наварали бўлдим. Неварамга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун ФҲДЁ бўлимига борсам, улар мендан ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, никоҳ гувоҳнома ва туғилганлик тўғрисидаги тиббий маълумотнома тақдим этишимни сўрашди. Ўғлим ва келиним қонуний никоҳдан ўтишмаганлиги сабабли никоҳ гувоҳномаси тақдим эта олмайман. Ушбу ҳолатда болага туғилиш гувоҳномаси олиш тартиби қандай бўлади?

Ф.Мўминова, Ромитан туман

Жавоб: Боланинг ота-онаси қонуний никоҳда бўлмаса, ушбу ҳолатда туғилиш оталикни белгилаш тартибида расмийлаштирилади.

Бунда, никоҳда бўлмаган ота-она ФҲДЁ органига биргаликда ариза берадилар ва ариза билан бирга боланинг туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома ва онанинг илгари никоҳда бўлмаганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этадилар. Ота-она томонидан тўлдирилган ариза ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида текшириб кўрилади. Болага фамилия бериш ота-онанинг келишувига кўра амалга оширилади.

Шунингдек, оталикни белгилашда ота-оналардан бири иштирок этмаган тақдирда унинг аризадаги имзоси қонун билан белгиланган тартибда (тиббиёт муассасаси, ФҲДЁ органи, нотариус, ҳарбий қисм, жазони ўташ муассасаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан) тасдиқланади ва ФҲДЁ бўлими томонидан оталикни белгилаш ҳаракати расмийлаштирилади.

Савол: Ўғлим тез кунларда чет элга кетаётганлиги сабабли унинг никоҳ тўйини қисқа муддатларда ўтказмоқчимиз. Бироқ, ФҲДЁ бўлими томонидан никоҳни қайд этиш муддати 1 ой деб айтилди. Ушбу муддатни қисқартириш мумкинми?

Д.Файзуллаев, Бухоро шаҳар

Жавоб: Никоҳ тузувчи шахслар никоҳга кириш ҳақидаги ариза билан домий яшаш жойларидаги ФҲДЁ бўлимига мурожаат қиладилар ва мазкур ариза ФҲДЁ органи ходими иштирокида имзоланади ҳамда у томонидан аризада кўрсатилган маълумотлар ариза берувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан текшириб қабул қилинади.

Аризанинг олд томони топшириш вақтида тўлдирилиб, ўша кундаги сана қўйилади.

Шундан сўнг, ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади, мазкур йўлланма асосида тиббий кўрикдан ўтиб, натижаси юзасидан маълумотнома тақдим этилганда, аризанинг орқа томони тўлдирилади ва шу кундаги сана қўйилади.

Узрли сабаблар бўлганда ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи – болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, тиббий муассасанинг келиннинг ҳомиладорлиги ҳақидаги маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги ва шу каби ҳужжатлартақдим этилиши лозим.

Савол: Мен Бухоро вилоятида яшайман. Тошкент вилоятида яшовчи фуқарога уйланмоқчиман. Қайси ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишим мумкин?

И.Ҳомидов, Бухоро тумани

Жавоб: Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрисида улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат этган кундан бир ой ўтгач қайд этилади.

Алоҳида ҳолларда, истисно тариқасида (агар ота-онаси ва никоҳланувчи шахслар Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларида яшаб турган бўлсалар) никоҳланувчи шахслардан биринг отаси ёки онасининг ёзма аризасига кўра, никоҳ тузилганлиги ота-онанинг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органида қайд этилиши мумкин. Бунда никоҳ тузилганлигини қайд этган ФҲДЁ органи томонидан никоҳланувчи шахсларнинг яшаб турган жойларидаги ФҲДЁ архивларига етти кун ичида хабарнома юборилиши лозим. ФҲДЁ архивлари томонидан тегишли алфавит дафтарига ушбу хабарномалар асосида ёзув киритилади.

Турли вилоятларда (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳрида) яшовчи шахслар ўртасида никоҳ тузилганлиги қайд этилган ҳолларда ҳам мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда тегишли ФҲДЁ архивига хабарнома юборилади.

Никоҳ тузилганлиги қайд этилиши муносабати билан шу куннинг ўзида никоҳланувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига бу ҳақда белги қўйилади ва уларга қайтариб берилади.

Савол: Фарзандим 5 ёшга тўлди. Эътиборсизлигимиз сабабли туғилиш ФҲДЁ бўлимида қайд этилмаган. Бугунги кунда туғилишни қайд этиш мумкинми, агар мумкин бўлса, қандай ҳужжатлар керак бўлади?

Д.Мирзаева, Олот тумани

Жавоб: Ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига мурожаат қилиш лозим.

Ушбу ҳолатда туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза ва боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ёки боланинг туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома, боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома, боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома, тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши лозим.

Савол: Турмуш ўртоғим билан 1998 йилдан буён бирга яшаб келмоқдамиз, бир-биримизнинг соғлигимиздан хабардормиз. Қонуний никоҳдан ўтмаганмиз. Бугунги кунда қонуний никоҳдан ўтиш масаласида ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилмоқчимиз. Айтингчи тиббий кўрикдан ўтиш мажбурийми?

А.Бобоева, Ромитан тумани

Жавоб: Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрисида улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат этган кундан бир ой ўтгач қайд этилади.

ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 17-моддасида никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек ушбу Кодекс 13-моддасининг бешинчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳоллар яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар мавжуд бўлганда, тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

Савол: Турмуш ўртоғим билан 7 йилдан буён яшаб келмоқдамиз. Бироқ, орамизда фарзанд йўқ. Никоҳимизни бекор қилмоқчимиз. Ушбу масалада қаерга мурожаат қилсак бўлади?

Н.Суннатов, Жондор тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан вояга етмаган фарзандлари (шу жумладан, фарзандликка олинганлари) бўлмаган эр-хотинлардан никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ариза эр-хотиннинг агарда улар алоҳида яшаётган бўлса, улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ бўлимига берилади.

Аризада эр-хотин ажралишга ўзаро рози эканликлари, вояга етмаган болалари йўқлиги кўрсатилиши лозим.

Агар никоҳдан ажралишга эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлгани ҳолда умумий мулк ҳақида ёки меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр ёки хотиннинг таъминоти ҳақида низолар бўлса, у ҳолда никоҳдан ажратиш суд тартибида ҳал этилади.

Никоҳдан ажратишни қайд этиш эр-хотиннинг ёки улардан бирининг иштирокида никоҳдан ажратиш ҳақида ФҲДЁ органига ариза берганларидан кейин уч ой ўтгач амалга оширилади. Собиқ эр-хотинларнинг ҳар бирига никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома берилади.

Эр ёки хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиши тўғрисидаги истаги никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризасида кўрсатилиши керак.

Никоҳдан ажратишни қайд этишда, эр ва хотиннинг ўзаро келишувига кўра, уларнинг биридан ёки иккаласидан белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.

Эр ёки хотиндан бирининг иштирокида никоҳдан ажратишни қайд этишда давлат божи тўлиқ миқдорда ундирилади.

Савол: Отам 2011 йилда вафот этганлар. Ўша пайтда оғир тушкунликда бўлганимиз сабабли ўлим ФҲДЁ бўлимида расмийлаштирилмасдан қолган. Ушбу масалада ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилмоқчиман. Қандай ҳужжатлар тақдим этишим лозим?

Ш.Ғафуров, Бухоро тумани

Жавоб: Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома берилган вақтдан бошлаб бир йил ўтганлиги сабабли сиз ушбу масалада марҳумнинг охирги яшаш жойидаги ФҲДЁ органига мурожаат қилишингиз лозим.

Сиз ФҲДЁ бўлимига марҳумнинг паспорти, ҳарбий билети, ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома ва илгари ўлими қайд этилмаганлиги тўғрисида тегишли ФҲДЁ архивидан маълумотнома тақдим этишингиз лозим.

Савол: Уйимизда ёнғин бўлганлиги сабабли барча ҳужжатлар ёнғинда қолган. Фарзандларимнинг туғилиш гувоҳномалари ва никоҳ гувоҳномамни такрорий олиш мумкинми?

А.Маматов, Бухоро шаҳри

Жавоб: Туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар фуқаронинг ўзига, вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакилларига ёки нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома орқали бошқа шахсларга уларнинг аризаси асосида берилади.

Сиз туғилганлик тўғрисидаги ўзингизнинг туғилиш гувоҳномангизни туғилиш қайд этилган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиб, такрорий олишингиз мумкин. Вояга етмаган фарзандларингизнинг туғилиш гувоҳномаларини сиз ёки болаларнинг отаси ариза асосида олишингиз мумкин. Агарда фарзандингиз вояга етган бўлса, нотариал тасдиқланган ишончнома асосида оласиз.

Никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома никоҳланган шахсларнинг ўзларига уларнинг аризаси асосида берилади.

Зарур ҳолларда, никоҳланган шахсларнинг ота-оналари ва фарзандларига уларнинг аризаси асосида никоҳ тузилганлиги қайд этилганлиги ҳақида маълумотнома берилади.

Никоҳ тузилганлиги ҳақида далолатнома ёзувида никоҳдан ажралиш қайд этилганлиги ҳақида белги бўлган ҳолларда никоҳ тузилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди. Бунда аввалги никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви асосида маълумотнома берилади.

Саволларга Бухоро вилоят адлия бошқармаси  масъул ходими Зарнигор Имомова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш