Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида тартибга солинади ва ер участкаларигÐ

З.Баҳронова, Бухоро шаҳар

Жавоб: Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 2014 йил 7 январдаги низомга асосан тартибга солинади.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун ушбу Низомнинг 31-бандида назарда тутилган асослар йўқ бўлган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ариза олинган кундан бошлаб икки кун мобайнида давлат рўйхатидан ўтказади.

Агар тақдим этилган ҳужжатларда техник тавсифдаги аҳамиятсиз камчиликлар ва уларни бартараф этиш имконияти бор бўлса, ёки қўшимча ҳужжатлар талаб қилинса, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш зарурати бўлса, рўйхатдан ўтказувчи рўйхатдан ўтказишни ариза олинган кундан бошлаб беш кунгача тўхтатиб туриш тўғрисида бир кун мобайнида қарор қабул қилади. Ҳужжатлар кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш билан тақдим этилган тақдирда, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан икки кун мобайнида амалга оширилади.

Агар камчиликлар белгиланган муддатларда бартараф этилмаган бўлса, рўйхатдан ўтказувчи белгиланган муддат ўтгандан сўнг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкасининг мансублиги масаласида низолар борлиги ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;

давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги;

ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўхтатиб турилган ҳолларда тақдим этилган материаллардаги камчиликларнинг рўйхатдан ўтказувчи томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилмаслиги;

ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;

ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинганлиги.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун такроран мурожаат этилган тақдирда, рад этиш ҳақидаги хатда илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Савол: Ер участкаларига бўлган қайси ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим?

Т.Мамедов, Когон шаҳар

Жавоб: Ер участкаларига бўлган қуйидаги ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, деҳқон хўжалиги, жамоа боғдорчилиги ва узумчилигини юритиш учун, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилган ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;

юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ ва ўрмон хўжалиги (қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари) ва фермер хўжаликлари бундан мустасно) юритиш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун берилган ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи;

юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланиш муддатлари кўрсатилмай берилган ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи;

юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланишнинг муайян муддатини белгилаб берилган ер участкаларидан муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштириб ёки сотиб олинган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи;

юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилган ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи.

Савол: Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш жараёнида қандай ишлар бажарилади?

С.Муродов, Олот туман

Жавоб: Ер участкасининг умумий майдони ва чегаралари, унга бўлган илгари рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ тури ўзгарган тақдирда, юридик ва жисмоний шахслар бир ой муддатда давлат рўйхатидан ўтказувчи органга ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида ариза беришлари шарт. Аризага ер участкасининг умумий майдони, чегаралари ва ҳуқуқ тури ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш жараёнида қуйидаги ишлар бажарилади:

аризага илова қилинган ҳужжатлар текширилади;

мавжуд план-картографик материаллардан фойдаланиб, ер участкасининг янги кадастр плани чизилади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимлар давлат реестрига, шунингдек кадастр йиғмажилдига тегишли ўзгартиришлар киритилади;

юридик ва жисмоний шахсга ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Н.Джўраева, Бухоро шаҳар 9-сон ДНИ нотариус ёрдамчиси  


Рўйҳатга қайтиш