Қандай ижара шартномаларини нотариал тасдиқлаш қонунчиликда шарт қилиб қўйилган?

Ж.Ураков, Бухоро шаҳри

Жавоб: 

Амалдаги қонунчиликка асосан фуқаролар ўртасидаги кўчмас мулк ижара шартномалари, шунингдек юридик шахслар, юридик ва жисмоний шахслар, жисмоний шахслар ўртасидаги автомототраснпорт воситалари ижара шартномалари нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.


Савол: Мулк ижараси шартномасини нотариал тасдиқлаш учун қандай ҳужжатларни нотариусга тақдим қилиш лозим?

Ж.Ураков, Бухоро шаҳри

Жавоб:

“Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 133-136-бандларига кўра, нотариусга мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

ижара нарсаси умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги каби ҳужжатлар тақдим этилади.

Ижарага берилаётган мулк давлат рўйхатидан ўтказиладиган мулк бўлса, нотариус шу куннинг ўзида тегишли нотариал идорадан ушбу мулкнинг бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотномани олиши лозим.

Мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар) ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғма жилдининг асли қайтариб берилади;

ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий прописка қилинган шахсларнинг розилиги.

Агар:

кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги;

хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги;

кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги ҳам талаб этилади.

Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, мазкур фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотномаҳамда хусусийлаштириш бўлимларининг хусусийлаштиришда розилик берган шахслар тўғрисидаги маълумотномалар нотариус томонидан тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан идоралараро сўров орқали олинади.


Савол: Фуқаро ўзига тегишли бўлган автомототранспорт воситаси, савдо дўкони, квартира ва бошқа мулкларни бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берган тақдирда қанча муддат ичида солиқ органларига хабар бериши керак?

Б.Мансуров,  Ромитан тумани

Жавоб: 

Шахс ижара шартномаси тузганлиги тўғрисида шартнома тузилган вақтдан бошлаб 1 ой муддат ичида ўзи яшаб турган ҳудуддаги ДСИ органига шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорти билан мурожаат қилиб, ижара шартномасини тақдим этиши шарт. Агар бу муддат ичида хабар қилмаса, ЎзР МЖТКнинг 174-моддаси 3-қисмига асосан жавобгарликка тортилишига олиб келади.


Савол: Кўчмас мулк ижара шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилиши шартми?

Р.Акрамов, Пешку тумани

Жавоб: 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 574-моддасига кўра, 1 йил ва ундан ортиқ муддатга тузилган бино, иншоотлар ижара шартномалари кадастр хизмати органи рўйхатидан ўтказилиши лозим, рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб шартнома тузилган деб ҳисобланади. “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларидан келиб чиққан ҳолда ушбу муддат 1 ой қилиб белгиланган бўлиб, фуқаро 1 ой ичида шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органига тақдим қилиши лозим. Ушбу қоидага риоя қилмаслик маъмурий жавобгарликка тортилишга олиб келади.


Савол: Уй-жой ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тартиби қандай?

Д.Рахимов, Вобкент тумани

Жавоб: 

Уй-жой ижара шартномаси тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинади. Уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан доимий яшовчи бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини 3 ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.

Бошқа ҳолатларда ижара шартномаси тарафларнинг талабига кўра суд тартибида бекор қилинади.

Саволларга Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ катта нотариуси Д.Бозорова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш