Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Мактаб директорининг буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, мурожаатчи ишга тикланди


Шофиркон тумани Жўйрабод МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Т.Э. Шофиркон туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, уни асоссиз равишда ишдан бўшатишганини маълум қилиб, ишга тиклаш борасида амалий ёрдам сўраган. Мурожаат адлия бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганда Шофиркон туманидаги 45-сон умумтаълим мактаби директорининг 22.10.2020 йилдаги буйруғига асосан мурожаат муаллифи айнан шу куннинг ўзида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, бироқ меҳнат шартномаси бекор қилишда қуйидаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида касаба уюшмасининг розилиги олинмаган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-моддасида башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, меҳнат шартномаси мактаб ички меҳнат тартиб-қоидаларига зид равишда яъни мактаб ички меҳнат тартиб қоидаларининг 7-боби 4-бандида ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузилишлар рўйхати аниқ белгиланган, бўлсада, сабабсиз ишга келмасликнинг аниқ муддати кўрсатилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарори 36-бандида Агар корхонанинг ички меҳнат тартиб-қоидаларидаги ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган ножўя хатти-ҳаракатлар рўйхатида прогул учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин деб кўрсатилган бўлса, МК 100-моддаси 2-қисмининг 4-бандига кўра бу хатти-ҳаракат учун меҳнат шартномасининг бекор қилинишига кўрсатилган қоидаларда ходимнинг иш жойида узрсиз сабабларга кўра қанча вақт бўлмаганлиги (тўла иш куни, уч соатдан ортиқ ва шу каби) прогул деб топилиши белгилаб қўйилган тақдирда йўл қўйилиши белгиланган.

Бундан ташқари, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини 22.10.2020 йилда бекор қилган бўлсада, буйруқ нусхасини 24.10.2020 йилда, меҳнат дафтарчасини 27.10.2020 йилда почта орқали ходимнинг розилигини олмасдан жўнатган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасида Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган. Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами: 402, 29.01.1998 й.)  3.3-бандида Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисоботга олинмайди ва йўриқноманинг  3.1. банди асосида иш кўрилади). ходимнинг меҳнат дафтарчасини яшаш жойига почта орқали жўнатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилиши белгиланган.

Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан ФИБ Ғиждувон туманлараро судига фуқаро манфаатини кўзлаб, ғайриқонуний буйруқни бекор қилиш, мурожаат муаллифини ишга тиклаш ва ғайриқонуний равишда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги сабабли мажбурий прогул учун компенсация тўлови ва маънавий зарарни ундириш ҳақида даъво ариза киритилиб, тегишли суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман 45-умумтаълим мактаби директорининг 2020 йил 22 октябрдаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, фуқаро Т.Э. қайта ишга тикланди ҳамда фуқаро фойдасига 600 минг сўм маънавий зарар ва 599 минг 665 сўм мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундирилиши белгиланди.

Шохрух Саидов, Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси




0