Ўзбекча
Бухоро вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
Ишонч телефони:
(+998 65) 223-78-51
(+998 65) 223-21-20
(+998 65) 223-74-16

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

 қарори

 ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ВА МАЪРИФАТ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ИШЛАРИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарорига мувофиқ ҳамда давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини ҳамда маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 1. Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 2. Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш бир ой муддатда ўз Регламентини тасдиқласин.

 3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н. Йўлдошев зиммасига юклансин.

 Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

 Тошкент ш.,

 2012 йил 23 июль,

 226-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги 226-сон қарорига
ИЛОВА

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тўғрисида

 Низом

I. Умумий қоидалар

 1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарорига мувофиқ Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда Идоралараро кенгаш деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

 Идоралараро кенгаш Ўзбекистон Республикасида давлат органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи коллегиал орган ҳисобланади.

2. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

3. Идоралараро кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

 II. Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ва функциялари

 4. Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

 давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш;

 ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини яхшилаш, шунингдек таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг ҳуқуқий билим даражасини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;

аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш.

 5. Идоралараро кенгаш ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

 а) давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

 ҳуқуқий тарғибот соҳасида давлат бошқарув органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг келишилган фаолият юритишларини таъминлайди;

 давлат органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларидан улар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни сўрайди ва олади, уларнинг бажарилиши аҳволини таҳлил қилади, умумлаштиради, шунингдек ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

 давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятига доир тадбир ва дастурларнинг бажарилишини ўрганади, уларнинг ҳисоботларини эшитиб боради;

 давлат органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирларни белгилаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

 ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини амалга оширишга доир тадбирлар режаси ва дастурларининг амалга оширилишини ташкил этади;

ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларининг услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш, шунингдек ушбу йўналишдаги ишларни амалга оширишнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқади;

 б) ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш соҳасида:

 давлат органларининг олий ва ўрта махсус маълумотли юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганади, замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

 мамлакатда ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

 олий ва ўрта махсус касб-ҳунар ўқув юртларининг ҳуқуқшунослик йўналишидаги талабалари ва ўқувчилари учун ўқув дастурлари ва режаларини ўрганади, уларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

 ҳуқуқшунослик фанини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ўрганади, илмий-тадқиқот ишлари режаларини кўриб чиқади;

 в) аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш соҳасида:

 оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг устувор йўналишлари тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

 оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган ҳуқуқий мавзудаги материалларни таҳлил қилади, уларнинг мазмунини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади;

 жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларнинг кенг тарғибот-ташвиқот қилинишини ташкил этади;

 аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди.

 III. Идоралараро кенгашнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

 6. Идоралараро кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

 давлат органлари ва таълим муассасалари томонидан ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўйича олиб бораётган ишларини ўрганиш, шунингдек уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

 ҳуқуқий тарғибот ва маърифат, шунингдек умумтаълим фаолияти бўйича ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасаларидан белгиланган тартибда талаб қилиб олиш;

 аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

 ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш учун давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтларини, шунингдек мутахассислар, олимлар ва фуқароларни жалб қилиш;

 давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини олиб боришга доир иш режалари, чора-тадбирлар режалари ҳамда дастурларини ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш, уларни қайта кўриб чиқиш бўйича тавсиялар бериш.

 Идоралараро кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 7. Идоралараро кенгаш мазкур Низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш учун масъулдир.

IV. Идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш

 8. Идоралараро кенгашга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири раҳбарлик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

 Идоралараро кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва мажлисларини чақириш;

 Идоралараро кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

 Идоралараро кенгаш аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

 Идоралараро кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

 9. Идоралараро кенгаш аъзолари:

Идоралараро кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;

 ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг долзарб масалалари бўйича Идоралараро кенгашга таклифлар киритадилар;

 Идоралараро кенгаш муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

 Идоралараро кенгаш аъзолари Идоралараро кенгашдаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

10. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини тасдиқланган режага мувофиқ амалга оширади ва мажлисларини заруриятга кўра, лекин йилига камида икки марта ўтказади. Идоралараро кенгаш раиси томонидан унинг аъзоларининг навбатдан ташқари мажлис ўтказиш учун сабаблари ва асослари баён қилиниши лозим бўлган ёзма илтимосномасига асосан навбатдан ташқари мажлис чақирилиши мумкин.

11. Идоралараро кенгаш мажлисини унинг раиси олиб боради. Идоралараро кенгаш раиси бўлмаган тақдирда мажлисни Идоралараро кенгаш аъзоларидан бири бошқаради.

Идоралараро кенгаш мажлиси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.

Мажлис ўтказиш учун кворум бўлмаганда Идоралараро кенгашнинг янги мажлис ўтказиш санаси эълон қилинади. Янги мажлис ўтказишда унинг кун тартиби ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.

12. Идоралараро кенгаш мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалаларнинг аҳамиятига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.

13. Идоралараро кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Адлия вазирлигига ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 V. Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ва котиби

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси Идоралараро кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.

15. Ишчи орган:

Идоралараро кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

навбатдаги давр учун Идоралараро кенгашнинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Идоралараро кенгаш муҳокамасига киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Идоралараро кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материаллар ва эксперт хулосаларини олади;

Идоралараро кенгаш мажлиси кун тартиби масаласи бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ва мажлис ўтказилишини ташкил этади.

келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади ва Идоралараро кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Идоралараро кенгаш кўриб чиқиши учун унинг қарорига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.

16. Идоралараро кенгашнинг котиби:

Идоралараро кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

 Идоралараро кенгаш мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи органнинг ишини ташкил этади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Идоралараро кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

Идоралараро кенгаш раиси билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар рўйхатини келишади;

Идоралараро кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Идоралараро кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижасини кўриб чиқиш учун Идоралараро кенгаш мажлисига тақдим этади;

Идоралараро кенгаш протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Идоралараро кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

VI. Идоралараро кенгаш томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш

17. Идоралараро кенгаш қарори Идоралараро кенгашнинг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Идоралараро кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Идоралараро кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.

18. Идоралараро кенгаш раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Идоралараро кенгашнинг алоҳида масалалар бўйича Идоралараро кенгаш аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.

19. Идоралараро кенгаш қарорлари Идоралараро кенгаш мажлиси протокол билан расмийлаштирилади. Идоралараро кенгаш мажлиси протоколига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Идоралараро кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Идоралараро кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.

20. Идоралараро кенгаш протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар ишчи органда сақланади.

21. Идоралараро кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларининг давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

22. Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ва котиби Идоралараро кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганадилар ва кўриб чиқадилар, зарурият бўлганда Идоралараро кенгаш раисига тегишли таклифлар киритадилар.

23. Идоралараро кенгаш қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши аҳволини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.

 24. Идоралараро кенгашнинг иш тартиби Регламентда белгиланади. Регламент Идоралараро кенгаш томонидан қабул қилинади. 


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

 қарори

 ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ВА БОШҚА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРи ВА ЭРКИНЛИКЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИНГ ҲОЛАТИНИ ЎРГАНИШ БЎЙИЧА ИДОРАЛАРАРО ИШЧИ ГУРУҲИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва уларнинг мазкур соҳада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасиқарор қилади:

1. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда Идоралараро ишчи гуруҳи деб юритилади) тўғрисидаги Низом, шунингдек Идоралараро ишчи гуруҳи таркиби 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.

* 2-илова берилмайди.

 2. Қуйидагилар Идоралараро ишчи гуруҳи фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши, шу жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларини кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек БМТининг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг олиб бориш.

3. Идоралараро ишчи гуруҳ бир ой муддатда ўз Регламентини тасдиқласин.

4.Идоралараро ишчи гуруҳни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 февралдаги 112-ф-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Н.Йўлдошев зиммасига юклансин.

 Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

 Тошкент ш.,

 2012 йил 23 июль,

 227-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги 227-сон қарорига
1-ИЛОВА

 Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи тўғрисида

 НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарорига мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳининг (кейинги ўринларда Идоралараро ишчи гуруҳи деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

2. Идоралараро ишчи гуруҳи инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганишни ва умумлаштиришни амалга оширувчи идоралараро коллегиал орган, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлик ва ягона ёндашувни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Идоралараро ишчи гуруҳи таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

 3. Идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

 II. Идоралараро ишчи гуруҳининг вазифалари, функциялари ва ҳуқуқлари

 4. Қуйидагилар Идоралараро ишчи гуруҳининг асосий вазифалари ҳисобланади:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши, шунингдек қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларини кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш.

5. Идоралараро ишчи гуруҳи ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши, шунингдек қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларини кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилиш соҳасида:

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишлари тўғрисидаги шикоятлари, шу жумладан қийноққа солиш ва инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шафқатсиз муомала турларини қўллашга оид шикоятларини кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилади;

республика вазирликлари, идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқаро тузилмаларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласи бўйича таклифларини кўриб чиқади;

содир бўлиши мумкин бўлган инсон ҳуқуқлари бузилиши ва уни халқаро шартномаларда акс эттирилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари универсал стандартлари тамойиллари бўйича баҳоланиши тўғрисидаги маълумотларни тўплайди;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳолати тўғрисидаги объектив маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан интернетда чоп этилишини ташкил этади;

б) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши ҳолатлари аниқланганда, шу жумладан қийноқ ва инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турлари қўлланганда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ваколатли органларга илтимосномалар киритади;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этади;

 инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ишларни яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди.

в) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликни доимий таҳлил қилади ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш, БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар киритади;

нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида ўтказилган мониторинг натижаларини ўрганади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари ижро этилиши мониторингини олиб боради;

г) Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш соҳасида:

Ўзбекистоннинг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ Конвенцион органларининг якуний тавсия ва эътирозларини ижро этиш юзасидан миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқишда, шунингдек миллий ҳаракат режаларида назарда тутилган тадбирларни ижро этишга масъул бўлган давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларини белгилашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига кўмаклашади;

Ўзбекистоннинг тегишли даврий ахборотларини кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини ижро этиш юзасидан миллий ҳаракат режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий ахборотларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини бажариш юзасидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган миллий ҳаракат режаларини бажариш учун масъул ижрочиларга тарқатилишини ташкил этади;

мажлисларида миллий ҳаракат режаларининг ижро этилиши тўғрисидаги ахборотларни эшитади;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши ҳақидаги ахборотини эшитади;

тегишли даврий ахборотлар якунлари бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини бажариш юзасидан миллий ҳаракат режаларининг ижроси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши масалалари бўйича услубий тавсияномалар тайёрлайди.

6. Идоралараро ишчи гуруҳи ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши соҳасида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлардан, бошқа давлат органларидан, шунингдек фуқаролик жамиятлари институтларидан зарур маълумотларни, шу жумладан таҳлилий, статистик ва бошқа материалларни сўраш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида миллий ҳаракат режаларида белгиланган тадбирларнинг бажарилишига доир маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органлари, шунингдек фуқаролик жамиятлари институтларидан олиш;

инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши ҳақидаги маълумотларни ваколатли органлар эътиборига етказиш, шунингдек ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида илтимоснома киритиш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

 қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа чораларни кўриш.

 III. Идоралараро ишчи гуруҳи фаолиятини ташкил этиш

7. Идоралараро ишчи гуруҳи таркибига раҳбар, раҳбарнинг ўринбосари, аъзолар ва котиб киради.

8. Идоралараро ишчи гуруҳига Ўзбекистон Республикаси адлия вазири раҳбарлик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Идоралараро ишчи гуруҳи мажлислари кун тартибини белгилаш ва мажлисларини чақириш;

Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

Идоралараро ишчи гуруҳи аъзоларининг Ишчи гуруҳ зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

 Идоралараро ишчи гуруҳи фаолиятини самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни амалга ошириш.

 9. Идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари:

 Идоралараро ишчи гуруҳи мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;

инсон ҳуқуқлари эркинликларини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича Идоралараро ишчи гуруҳига таклифлар киритадилар;

 Идоралараро ишчи гуруҳи муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

Идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари Идоралараро ишчи гуруҳидаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

10. Идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятини тасдиқланган режага мувофиқ амалга оширади ва мажлисларини заруриятга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказади. Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари томонидан унинг аъзоларининг навбатдан ташқари мажлис ўтказиш учун сабаблари ва асослари баён қилиниши керак бўлган ёзма илтимосига асосан навбатдан ташқари мажлис чақирилиши мумкин.

11. Идоралараро ишчи гуруҳи мажлисини унинг раҳбари олиб боради. Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари бўлмаган тақдирда мажлисни раҳбар ўринбосари бошқаради.

Идоралараро ишчи гуруҳи мажлиси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.

Мажлис ўтказиш учун кворум бўлмаганда Идоралараро ишчи гуруҳнинг янги мажлис ўтказиш санаси эълон қилинади. Янги мажлис ўтказишда унинг кун тартиби ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.

12. Идоралараро ишчи гуруҳи мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалаларнинг аҳамиятига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.

13. Идоралараро ишчи гуруҳини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан амалга оширилади.

 IV. Идоралараро ишчи гуруҳининг ишчи органи ва котиби

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси Идоралараро ишчи гуруҳининг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.

15. Идоралараро ишчи гуруҳининг Ишчи органи:

Идоралараро ишчи гуруҳи фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Идоралараро ишчи гуруҳининг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Идоралараро ишчи гуруҳи муҳокамасига киритади, тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

 Идоралараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материаллар, маълумотлар ва эксперт хулосаларини олади;

Идоралараро ишчи гуруҳи мажлисининг кун тартиби масаласи бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ва мажлисни ўтказилишини ташкил этади;

 келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади ва Идоралараро ишчи гуруҳи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди.

Идоралараро ишчи гуруҳи кўриб чиқиши учун унинг қарорига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.

16. Идоралараро ишчи гуруҳи котиби:

Идоралараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Идоралараро ишчи гуруҳи мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи органнинг ишини ташкил этади;

 кун тартибидаги масалалар бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар рўйхатини келишади;

Идоралараро ишчи гуруҳи аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Идоралараро ишчи гуруҳи қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини кўриб чиқиш учун Идоралараро ишчи гуруҳининг мажлисига тақдим этади;

Идоралараро ишчи гуруҳи мажлисларининг протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

 V. Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш

 17. Идоралараро ишчи гуруҳи қарори Идоралараро ишчи гуруҳининг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

 Идоралараро ишчи гуруҳининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.

 18. Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Идоралараро ишчи гуруҳининг алоҳида масалалар бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.

 19. Идоралараро ишчи гуруҳи қарорлари Идоралараро ишчи гуруҳи мажлиси протоколи билан расмийлаштирилади. Идоралараро ишчи гуруҳи мажлиси протоколига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Идоралараро ишчи гуруҳи аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.

 20. Идоралараро ишчи гуруҳи протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар ишчи органда сақланади.

 21. Идоралараро ишчи гуруҳининг ишчи органи ва котиби Идоралараро ишчи гуруҳи қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганадилар ва кўриб чиқадилар, зарурият бўлганда Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбарига тегишли таклифлар киритадилар.

 22. Идоралараро ишчи гуруҳи қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши аҳволини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.

 23. Идоралараро ишчи гуруҳининг иш тартиби Регламентда белгиланади. Регламент Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинади.



Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi