Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Кексаларни эъзозлаш –ҳар биримизнинг бурчимиздир

Ўзбек халқида азал-азалдан кексаларга ҳурмат-эътиборда бўлиш, уларни асраб-авайлаб, маслаҳатларига, насиҳатларига қулоқ тутиш инсонийлик хусусиятларидан биридир. Зеро, давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида -“Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди, десак муболаға бўлмайди. Соддагина, ўзбекона қилиб айтганда, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган”,-дея такидлаб ўтдилар.

Бир кичик оилани ҳисобга оладиган бўлсак, оилада ўзидан катталарга, яъни ота-она, буви-бобога ҳурмат, уларнинг олдида бир умр қарздорлик бурчи одамийлигимиз тимсоли ҳисобланади. Шунингдек оилада катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган ота-боболаримиз, онахонларимизнинг ўгити, панд насиҳатлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Оқни қорадан, яхшини ёмондан фарқлашда, одоб-аҳлоқ сирларини ўрганишда, халқимиз ҳаётида асрлардан буён сақланиб, давом этиб келаётган расм-русум ва урф-одатларни ўрганишда улар яқин маслаҳатчига айланишган. Шундай экан, кўпни кўрган, ватанимиз равнақи, унинг саодати, юрт келажаги, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги йўлида беқиёс ҳисса қўшган отахон ва онахонларимизга ҳар томонлама эҳтиром кўрсатсак, уларнинг олдида фарзандлик бурчимизни садоқат билан адо этиб, уларни бошимизга кўтарсак арзийди. Бу борада эса юртимизда жуда кўплаб савобли ишлар қилинмоқда.

Авваламбор, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишлари мажбурийлиги констутициямизнинг “Оила” боби 66-моддасида алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, 1993 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг қариганда ижтимоий таъминлашга оид конституциявий хуқуқларини руёбга чиқарилишининг кафолатлари яратилган бўлса, 2004 йилда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. 
2014 йилнинг 13 октябрида қабул қилинган фармонда эса уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг йилда бир марта ўзлари учун мақбул санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан даволанишларига имкон берилди.

Бундан ташқари, барчамизга маълумки, мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда ҳар йилга ном бериш анъана бўлиб қолган. 2015 йил эса давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди.

2014 йилнинг 12 декабрида мамлакат раҳбари фармойишига мувофиқ “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилиб, Давлат дастури қабул қилинди.

Дастурда ёшга оид касалликлар, жумладан, кўриш ва эшитишнинг заифлашуви каби касалликлар профилактикаси ҳамда кекса авлод вакилларини соғломлаштириш тадбирларини янада такомиллаштириш кексалар учун қулайлик туғдирувчи, шу жумладан, уларга турли маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олишда барча қулайликларга эга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш, кўриш, эшитиш ва ҳаракатланишда муаммоси бор инсонларни реабилитациянинг техник ҳамда бошқа ёрдамчи воситалар билан таминлаш каби тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, дастурни шакллантиришда кекса авлод вакилларининг ҳар бири ёш тоифасининг алоҳида эҳтиёжларига эътибор қаратилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 60 ёшдан 74 ёшгача бўлган аҳоли-кексалар, 75 ёшдан 89 ёшгача бўлган аҳоли –қариялар, 90 ва ундан ортиқ ёшдагилар узоқ умр кўрувчилар ҳисобланади.

Кекса авлод вакилларининг мароқли ҳордиқ олишини ташкил этиш мақсадида уларнинг қизиқишига мос кўрсатувлар, спектакллар ва фильмлар намойишини кўпайтириш, янги кўнгилочар маданий ва маърифий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Дастурда кекса авлод вакилларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларига етарли шарт-шароитлар яратиш, уларга мос сайёҳлик хизматларининг тури ва шаклини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.

Мухтасар қилиб айтганда, ватанимиз равнақи, унинг келажаги бўлмиш ёш авлодни муносиб даражада тарбиялашда, шунингдек бой тарихимизнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларимизни келажак авлодга етказишда ўзининг матонати, иродаси билан фидоийлик қилаётган кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаб, қадрига етиш, асраб авайлаш, турли шарт-шароитлар яратиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Н.Қодирова, Косон туман ФҲДЁ бўлими мудираси



Рўйҳатга қайтиш