Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ногиронларнинг ҳуқуқлари ҳимояси йўлида

Жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахслар ногирон ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, дунё давлатларида қарийб 1 миллиардга яқин ногиронлар яшайди.

Мамлакатимизда ногиронларга турмуш фаолияти чекланганлигини бартараф этиш учун шарт-шароитларни таъминловчи давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими ишлаб чиқилган. Жумладан, 2008 йилнинг 11 июл кунидаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 2011 йил 30-май кунидаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори, «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2014 йил 13 октябрдаги ПФ-4658-сонли Фармони каби ҳуқуқий ҳужжатлар асосида, давлат ногиронлар турмуш фаолиятининг чекланганлигини баҳолаш асосида уларнинг ижтимоий ёрдам ҳамда ҳимоя чора-тадбирларига бўлган эҳтиёжлари ҳисобга олиниши таъминланишини, ногиронларни реабилитация қилиш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турлардаги дастурларни амалга оширилишини, ногиронларнинг жамият билан уйғунлашиши учун шароитлар яратилишини, уларни камситишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилишини кафолатлайди.

Қонунчилигимизда, ногиронларга пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар), техника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш, тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш ва маиший хизматлар кўрсатиш, транспорт хизматлари кўрсатиш каби ижтимоий ёрдам турлари қонуний равишда кафолатланган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронларни ишга жойлаштиришда ҳам бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, Мехнат кодексининг 68 моддасида ёки “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 7 моддасида давлат томонидан ногиронлар, шунингдек, ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарни ишга жойлаштиришда қўшимча кафолатлар белгиланган. Имконияти чекланган, ногирон болаларни таълим олиш ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида Вазирлар Махкамасининг 2007 йил 17 май кунидаги “Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб ҳунар коллежлари фаолияти тўғрисида”ги Қарори билан Республикамиз ҳудудларида бир нечта махсус коллежлар ташкил этилиб, бу коллежларда мингдан зиёд имконияти чекланган ёшларимиз таълим олмоқда.

Вазирлар Махкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги Қарорига асосан, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига фоизсиз таълим кредитлари берилиши белгилаб қўйилган.

“Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йулланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Йуриқномага кўра, Иккинчи жахон уруши қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, 1 гуруҳ уруш ногиронини кузатиб борувчи шахслар, 1 ва 2 гурух ногиронлари, кўзи ожиз 1 гуруҳ ногиронини кузатиб боруви шахсларга белгиланган тартибда санаторийларга бепул йўлланмалар берилади.

Жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши ва шу асосда қабул қилинадиган давлат дастури ҳам мамлакатимизда кексалар, шу жумладан ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфааталарини ҳимоя қилинишига қаратилган қонунчилик тизимини янада такомиллаштиради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ногиронлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунчилик тизимининг асосий мақсади, ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тизимини такомиллаштириш орқали уларни жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилгандир.

Т.Қаҳҳоров, Навоий шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш