Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Кексаларга ҳурмат – азалий қадрият

Юртимизда нуронийларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганлиги, уларнинг саломатлигини асраш ва ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларимизнинг порлоқ келажагини таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимизда истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб ҳар бир йилга ном бериш анъанавий тус олган бўлиб, ушбу йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларимизнинг алоҳида Дастур асосида белгилаб олиниши эса биз учун қувонарли ҳолдир.

Хусусан, ўтган 2014 йилга “Соғлом бола йили” деб, 2015 йилга эса “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилишида, албатта, бир узвий боғлиқлик мавжуд ҳамда ушбу омил мамлакатимиз келажагининг фаровонлигини таъминлашга қўйилган навбатдаги муҳим қадамлардан биридир, дейиш мумкин.

Зеро, шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг “Мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари”га бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги “Бугунги тинч ва обод ҳаётимизни барпо этишга беқиёс хизматлари сингган, хонадонларимизнинг файзи бўлган мўътабар кексаларимизнинг фаровон ва муносиб умр кечиришлари учун кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимиз, деган таъбирларини алоҳида қайд этиш жоиздир.

Шу билан бирга, муҳтарам Президентимиз томонидан ушбу мажлисда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кексалар ва ногиронларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатадиган тузилмаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, ёшларимиз Ватанимиз келажагининг эгалари, кексаларимиз эса бугунги осуда, фаровон ва тинч ҳаёт кечиришимизга бевосита хизматлари сингган ҳамда бугун қурган улкан биноларимизнинг пойдеворларини мустаҳкам бўлишига замин яратган мўътабар инсонлардир.

Шу азиз ватанда туғилиб, осуда ва тинч умр кечираётганлигимиз, ёшларимиз иззатда, кексаларимиз ҳурматда яшаётган ушбу диёрда инсоний орзуларга етишаётганлигимиз биз фуқароларда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади.

Дарҳақиқат, ҳукуматимиз томонидан тайёрланаётган давлат Дастурида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар, хусусан, кекса авлод вакиллари, яъни 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизмат даражаси ва сифатини ошириш, муҳтожларни ёрдамчи ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, туманлар ва маҳаллаларда қарияларимиз учун мулоқот марказлари, уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, турли клублар ташкил этиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш каби аниқ чора-тадбирларнинг назарда тутилиши келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган мақсадларимизнинг нақадар устувор эканлигидан далолат беради.

Айни пайтда Поп туманидаги тиббиёт бирлашмалари томонидан ҳам кекса нуронийларнинг соғлиғини доимий равишда назорат қилиб боришнинг зарурий механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Юқорида илгари сурилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Поп туман 1-сон ФҲДЁ бўлими томонидан ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар” мактаби, “Ота-оналар университетлари” ҳамда идора қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни” ўқув машғулотларида ёш оила қурувчиларнинг оила ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини янада бойитиш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда муқаддас даргоҳ эканлигини тушунтириш мақсадида тумандаги энг кекса намунали оилаларнинг ҳаётий кечинмаларини ёш келин-куёвларимизга ўрнак сифатида айтиб бериш ва турмушнинг моҳиятини тушунтириш учун тумандаги кекса оилаларнинг хизматларидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Мухтасар айтганда, бу каби учрашувларимиз оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга ва, ўз навбатида, ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизматга шай баркамол авлодни тарбиялашга замин яратади.

Кабира Талапова, Поп туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудири


Рўйҳатга қайтиш