Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мустақиллик – ҳуқуқ демакдир

Ҳақиқатан ҳам, бугун босиб ўтган йўлимизни танқидий ва холисона баҳолар эканмиз, юртимизда миллик давлатчилик, эркин ва обод жамият қуриш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизнинг салоҳияти ва қудратини, халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, халкаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш йўлида қандай улкан марраларга эришган бўлсак, буларнинг бари Мустақиллигимизнинг натижаси эканлигини таъкидлаш лозим.

Мустақиллик ўзи нима? Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари бу саволга тўла жавоб беради. “Биз учун мустақиллик-энг аввало, ўз тақдиримизни қўлимизга олиш, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни, урф – одатларимизни тиклаш, ҳаммамиз учун мўътабар шу заминда ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни, барқарорликни сақлашдир. Азиз Ватанимизда адолат, инсоф, дину-диёнат, меҳру-оқибатни қарор топтиришдир, биз учун мустақиллик – Аллоҳнинг ўзи эл-юртимизга инъом этган табиий бойликларга эгалик қилиш, халқимиз қудрати, салоҳияти, ақлу заковатларига таяниб, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила учун муносиб ҳаёт қуриш, келажак авлодлар учун озод ва обод ватан қолдиришдир. Биз учун истиқлол – миллатимиз, мамлакатимизнинг жаҳонда обрў-эътибори, шон-шавкатини кўтарадиган соғлом авлодни, ҳар жиҳатдан баркамол ва фидойи ўғил-қизларни тарбиялаш, уларни вояга етказиш ва бахтини кўришдир. Ҳар бир фуқаромиз учун – миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъий назар – эркинлик, тенглик, биродарлик, муносиб шароит яратиб беришдир. Биз учун истиқлол – давлатимизни мустаҳкамлаш, буюк келажагимизнинг пойдеворини қуриш, миллий онгимиз ва фахримизни юксалтириш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнимизни эгаллашдир”.

Истиқлолга эришгач, Ўзбекистон ўзининг миллий ҳуқуқий тизимини вужудга келтиришга киришди. Республика парламенти қонун яратувчилик фаолияти билан фаол шуғулланиб, Мустақилликнинг дастлабки йилларида 200 га яқин қонунлар қабул қилинган бўлса, ҳозирги кунда қабул қилинган янги қонунларнинг сони 600 дан ошмокда. Улар янгиланган мустақил жамиятнинг сиёсий ва давлат тузилиши, унинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва халқаро муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгандир.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб сиёсий соҳага авваламбор, давлат мустақиллигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар, яъни “Мустақиллик декларацияси”, “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари ҳақида”ги ва 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган истиқлолимиз Қомуси бўлмиш – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Шунингдек, ҳамма соҳаларни тартибга солишга қаратилган бошқа қонунлар, бу қонунлар жумласига мулкчилик, хусусийлаштириш, корхоналар, тадбиркорлик, банк фаолияти, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва уларнинг ҳуқуқий кафолатлари, биржалар тўғрисида ва бошқа қабул қилинган ва ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунлар киради.

Хусусан, давлатимиз эртаси бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор қаратилди, уларнинг ўқиши, билим олиши ва спорт билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратилди ва яратилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожи учун катта ҳисса қўшаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ҳам алоҳида қулайлик ва имтиёзлар берилди.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида юқоридаги қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш юзасидан қатор самарали тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда ҳамда амалга оширилган ишлар ҳар ой ва ҳар чоракда умумлаштириб борилмоқда.

Жумладан, 2016 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Адлия вазирлигига жами 150 та таклиф киритилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида адлия бошқармаси томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, улғайиб келаётган ёшларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, миллий қонунчилик соҳасидаги ўзгаришлар ва янгиланишларни ўз вақтида аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинишини таъминлаш мақсадида жами 3006 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилган бўлиб, шундан 386 таси ОАВ орқали (104 та телевидение, 86 та радио, 110 та газета ва журналларда ҳамда 86 та веб саҳифада) ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган, 1226 маротаба давра суҳбати, 481 маротаба семинарлар ўтказилган.

Шундай қилиб, Мустақиллик ўзбек халки тарихида тамоман янги даврни бошлаб берди, миллий дунёқарашда янгича тафаккурни шакллантирди, қабул қилинган барча учун муҳим бўлган қонунлар эса юртимизда миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тизимни барпо этишга, эркин бозор иқтисодиётини ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилишига қаратилгандир.

Ҳ.Ҳотамов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш