Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мустақиллик – муқаддас туйғу

1.jpgШу кунларда Ўзбекистонимиз ўз давлат мустақиллигининг 25 йиллик тўйини катта тантана ва шоду-хуррамлик шукуҳида нишонламоқда. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, кейинги йилларда “Мустақиллик” деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр-қимматини, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини теранроқ англай бошладик. Чунки истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни тўла намоён этиш, ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш имконига эга бўлдик.

Босиб ўтилган 25 йиллик йўлимизга назар солсак, энг авволо, юртимиз мустақилликни қўлга киритганидан сўнг Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, жаҳонда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган, машҳур беш тамойилга асосланган ва пухта ўйланган тараққиёт модели ҳаётга чуқур татбиқ этилиб, барча жабҳаларда юксак натижаларга эришилгани кўз олдимизда намоён бўлади.

Таъкидлаш жоизки, энг улуғ орзуларимиз рўёби мужассам бўлган мустақиллик дея аталмиш буюк неъматни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Когон шаҳридаги “Бухорои шариф” МФЙда “Мустақиллик – ҳуқуқ демакдир” мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳам айнан юқоридаги масалаларга бағишланди.

Таъкидланганидек, ҳар бир авлод, ҳар бир инсон аввало ўзини англаш учун ўз қалбига, ўз илдизларига боқаркан, ватанни ҳам теранроқ, ҳам чуқурроқ англайди. Демакки, ҳар бир янги кун ватан ҳақидаги янги бир ҳикматни англашимизга имкон беради. Ўзимизни чуқурроқ билиб борганимиз сари она юрт, ота макон, киндик қони тўкилган тупроқ, бизни аждодлар билан боғлаган руҳий-маънавий ришталар ҳақида ҳам кўпроқ ўйлай бошлаймиз.

Бизнинг энг катта ютуғимиз юртдошларимиз онгу шуури, дунёқараши ўзгаргани бўлди. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида халқимизнинг онгу тафаккури юксалиб, сиёсий фаоллиги ошди. Уларда ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайди. Фуқароларимиз қабул қилинаётган ҳар бир қонун аввало ўзи ва оиласига, қолаверса, жамиятга нима бериши мумкинлигини кенг муҳокама этмоқда.

Бу эса юртдошларимизнинг жамият ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларга, хусусан, ҳуқуқий ислоҳотларга бефарқ эмаслигидан далолат беради. Яна шуни айтиш керакки, ҳар бир фуқаро қонун талаблари сўзсиз бажарилишидан нафақат ўзи, балки бутун жамият манфаатдор эканини чуқур ҳис этмоқда.

1.jpg“Эндиликда олдимизда турган муҳим вазифа – ана шу юксак тушунчалар билан бирга миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат” – дейилади давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида.

Мамлакатимизда халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб амалга оширилаётган одилона сиёсат туфайли ушбу вазифалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бутун мамалакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, Ўзбекистонни ўзининг азиз ватани деб ҳисоблайди, унинг тинч-тотувлиги, янада гуллаб-яшнаши учун ўзини масъул деб билади. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори кун сайин ошиб бораётганидан, нуфузи мустаҳкамланганидан чексиз фахрланади.

М.Рўзиева, Когон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси в.в.б


Рўйҳатга қайтиш