Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2013 йил 22 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари кўриб чиқилди ҳамда 2013 йил 18 январда республика Ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, энг аввало ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кенгайтириш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, таркибий қайта ўзгартиришларни чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари фаолиятини диверсификациялаш, шунингдек, аҳоли бандлигини, ҳаёти даражаси ва сифатини изчил ошириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.

Қайд этиб ўтилдики, жаҳон иқтисодиётида муаммолар кучайганлигига ва унинг ўсиш суръатлари секинлашганлигига қарамай, мамлакатни иқтисодий ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг чуқур ўйланган ва аниқ мақсадга йўналтирилган дастури тизимли ва изчил амалга оширилиши туфайли Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини сақлаш таъминланмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари – 9,4 фоизга, шу жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмлари – 15,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари – 6,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажмлари – 14,7 фоизга ва хизматлар кўрсатиш ҳажмлари – 12,4 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Инвестиция сиёсати фаол амалга оширилиши инвестиция муҳитини такомиллаштириш чора-тадбирлари билан биргаликда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг 12,5 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестицияларнинг – 12,4 фоизга ўсишига кўмаклашди. 2,2 мингта янги ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди, 60 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тугалланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқиш ҳажмларининг ҳисоблаб чиқилган экспортнинг ўрнини босиш самараси 4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 39,7 фоизга ўсиши таъминланди.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик фаолияти йўлидаги маъмурий тўсиқларни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш йил бошидан буён 21,2 мингта янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга, кичик бизнес субъектлари томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 15,2 фоизга ўстиришга ва ушбу секторнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 51,2 фоизгача кўпайтиришга кўмаклашди.

Аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ишини яхшилаш бўйича “Обод турмуш йили” Давлат дастури тадбирларини фаол амалга оширишни таъминлаш чора-тадбирлари кўрилди. Дастур тадбирларини молиялаштиришга барча манбалар ҳисобига 5,6 триллион сўмга яқин маблағ ва 250 миллион АҚШ доллари йўналтирилди.

Мажлисда 2013 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури амалга оширилишининг бориши муҳим устувор вазифа сифатида батафсил ва ҳар томонлама таҳлил қилинди. Қайд этиб ўтилдики, тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 2013 йилнинг ўтган 9 ойида 833,4 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш таъминланди, улардан 488 мингтадан ортиғи ёки 58,6 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Муҳокама давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича ишларни ташкил этишда йўл қўйган камчиликлари учун республиканинг бир қатор туманлари ҳокимларининг фаолияти қаттиқ танқидий муҳокама қилинди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, тижорат банклари, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарлари олдига аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. Бунда етакчи тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобига замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, банкрот корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва янги иш ўринлари яратиш учун инвестицияларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Мажлис кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2022-сон қарорига мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ишларининг ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – экспорт қилувчилар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, улар маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли, экспорт қилинадиган маҳаллий маҳсулотларнинг асосий турларига нархлар нохуш ўзгариб туришига қарамай, шу йилнинг ўтган 9 ойида экспорт ҳажми 13 фоизга ўсганлиги ва ташқи савдо айланмасининг катта ижобий сальдоси таъминланганлиги қайд этилди. Йил бошидан бошлаб олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 469 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди. Экспортнинг умумий ҳажмида минтақавий корхоналарнинг улуши икки мартага кўпайиши таъминланди. Экспортнинг умумий ҳажмида кичик бизнеснинг роли ва аҳамияти барқарор ўсиб бормоқда. Унинг улуши 2012 йилнинг шу давридаги 13,5 % ўрнига 19,1 фоизгача ўсди.

Хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги раҳбарларининг эътибори ишлаб чиқариш ҳажмини ва экспортга етказиб бериладиган маҳсулот турларини кенгайтиришнинг мавжуд захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш ишларини кучайтириш зарурлигига қаратилди.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ва тўлиқ фаолият юритишини жадаллаштириш топширилди.

Мажлисда келгуси йилларда қурилишнинг ўсиб бораётган ҳажмини таъминлаш учун пудрат қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини ҳар томонлама кўриб чиқиш ва батафсил таҳлил қилишга диққат-эътибор қаратилди. Қайд этиб ўтилдики, ишлаб чиқариш тармоқлари ва ижтимоий соҳада қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш, намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқда уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиши туфайли кейинги йилларда қурилиш ишлари ҳажми жадал ўсиши таъминланмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга кўпайди.

“Давархитектқурилиш” қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига вилоятларда замонавий қурилиш техникаси билан жиҳозланган ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг молиявий ҳолатини ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун республика Ҳукуматига киритиш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги билан биргаликда қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш асосида қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини аниқ нормативларини ишлаб чиққан ҳолда қишлоқда тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида вазирликлар, идоралар, ҳудудий бошқарув органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг иқтисодиёт тармоқлари, турар жой фонди, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларининг куз-қиш даврига тайёрлиги ҳолати, шунингдек, 2013-2014 йиллар куз-қиш даврига мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка ғамлаш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти, шунингдек, бир қанча вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг эътибори иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва турар жой фонди объектлари 2013-2014 йиллар куз-қиш даврига тайёрлиги ва барқарор фаолият кўрсатишини, шу жумладан, газ-транспорт ва энергия таъминоти объектларининг барқарор ишлашини, табиий газ, кўмир ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш учун шахсан масъул эканлигига қаратилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва картошкани зарур ҳажмларда ғамлашни тугаллашни тезлаштириш, шунингдек, ички бозорда улар нархининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймасдан аҳоли эҳтиёжини барқарор ва ишончли қондириш учун куз-қиш даврида сақлашга қўйилган захиранинг савдога тизимли қўйилишини таъминлаш топширилди.

Мажлисда йиғим-терим бўйича қишлоқ хўжалиги ишларини тугаллаш, кузги бошоқли дон экинларини ўстириш ва кейинги йил ҳосили учун комплекс агротехника тадбирларини амалга ошириш ишларининг ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиб ўтилдики, жорий йилда сув билан боғлиқ шароитлар жуда мураккаб бўлганлигига қарамай, агротехника тадбирларининг барча мажмуини ўз вақтида ўтказиш, суғорма сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ меҳнатчиларининг омилкорлиги жорий йилнинг 1 октябрига 1,97 миллион тонна пахта хомашёсини етиштириш ва йиғиб олиш имконини берди, 21 октябрига келиб эса – пахта хомашёси бўйича давлат буюртмаси прогнози бажарилиши таъминланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, тегишли хўжалик бирлашмаларига пахта ҳосилини йиғиштириб олишни жадаллаштириш, кузги шудгорлаш, кузги бошоқли дон экинлари экиш ва уларни ўз вақтида суғориш, шунингдек, шўрланган ерларни ювиш, коллектор-дренаж ва суғориш тизимларини тозалаш, гидротехника иншоотларини таъмирлаш ва тиклаш тадбирларини амалга ошириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, республикадаги йирик корхоналар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлашга ва келгуси йилда республика иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун ишончли кафолатлар яратишга доир аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 

ЎзА


Рўйҳатга қайтиш