Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Депутатлар Омбудсман ҳисоботини эшитдилар

14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Ушбу масала юзасидан С.Рашидова маъруза қилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат ҳокимияти органларининг фаолияти устидан парламент назорати Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири экани таъкидланди, шу сабабли бу масала парламент вакиллари учун катта аҳамиятга эга. Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, қонун ҳужжатлари, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш механизмларининг такомиллаштирилишига кўмаклашишга қаратилганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилишида, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда, инсон ҳуқуқлари соҳасида жамоатчилик онгини оширишда иштирок этди. Депутатлар Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро этувчи ва суд тармоқлари, фуқаролик жамиятининг институтлари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилганлигини таъкидладилар. Ҳисобот йилида Омбудсман томонидан 15 дан ортиқ қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик ҳужжатларига, халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Омбудсманнинг Қонунчилик палатаси билан ўзаро ҳамкорлиги нафақат қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга, балки назорат-таҳлил фаолиятида иштирок этишга, қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш мониторинги якунлари бўйича ахборот алмашишга қаратилди.

Фуқароларнинг шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқиш Омбудсман фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Ҳисобот даврида фуқаролардан жами 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди, уларнинг 7,7 мингтаси Омбудсманнинг марказий идорасига, деярли мингта ариза ва шикоят эса минтақавий вакилларга юборилди. Электрон почта орқали фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш амалиёти кенгайтирилмоқда. Омбудсман ва унинг ходимлари шахсий қабулида фуқароларнинг деярли 1,4 мингта мурожаати кўриб чиқилди. Уларнинг барчаси амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ ҳолда кўриб чиқилди.

Саволларга жавоб берилганидан кейин Омбудсман ҳисоботи батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ўзининг сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим соҳаларини эркинлаштириш жараёнларини янада мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги кафолатларни таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устувор эканлигини таъкидладилар. Парламент вакиллари Ўзбекистон Республикасининг “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуни нормаларидан келиб чиқиб, ҳар бир инсон учун ошкоралик ва қулайлик унинг фаолиятининг асосий принциплари бўлиши лозимлигини қайд этган ҳолда, Омбудсманнинг фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тузилмалари билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталдилар.

Партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таъкидландики, Омбудсман бундан буён ҳам ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича, шу жумладан, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқларини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш ва унга ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш масалаларига жиддий эътибор қаратиши лозим. Депутатлар фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан билдирилган масалалар албатта ҳисобга олинишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг мурожаатлари бўйича фаолиятини ўрганиш фуқаролар мурожаатлари институтининг муҳимлигига яна бир бор ишонч туғдиришини алоҳида қайд этдилар. Депутатларнинг фикрича, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли билан алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар давлат органларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини муносиб даражада ҳуқуқий таъминлаш масалаларига урғу бердилар. Шу муносабат билан фракция вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини, хусусан, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тегишли равишда кўриб чиқилмаслиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш масалаларини такомиллаштириш юзасидан Омбудсман ва Қонунчилик палатаси депутатларининг яқин ҳамкорлигини давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Омбудсманнинг уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича фаолиятини янада чуқурлаштириш масаласини кўтардилар. Фракция вакиллари Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор тавсиялар киритдилар.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзоларининг фикрича, охирги йилларда фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир мурожаатларининг сони оз бўлса-да, ошаётгани кузатилмоқда. Шу муносабат билан депутатлар гуруҳи мақсадли тадбирларни ташкил этган ҳолда, аҳолининг экология соҳасидаги ҳуқуқий билими ва онгини ошириш масалалари юзасидан Омбудсман билан ҳамкорликни бундай буён ҳам давом эттириш истагини билдирди.

Депутатлар муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ҳамда тегишли қарор қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Рўйҳатга қайтиш