Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Қайд этиб ўтилсинки, сўнги йилларда Ўзбекистон Республикасида ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида умум қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимизнинг халқаро рейтингини янада оширишни таъминлаш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси қабул қилинди.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш, бизнесни тугатиш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатномалар бериш, электр тармоқларига уланишда «бир дарча» тамойилларини оммавий жорий этиш бўйича ишлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитининг ҳозирги ҳолати ва бизнесни юритиш шароитлари ҳали-ҳамон эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умум қабул қилинган халқаро нормаларга тўлиқ ҳажмда жавоб бермаяпти. Аввалгидек тадбиркорлик фаолиятини ҳаддан ортиқча тартибга солиш ҳолатлари мавжуд, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг контактсиз шаклларини самарали жорий этиш имкониятлари тўлиқ ҳажмда ишлатилмаяпти. Бизнесни юритиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар жойларда етарли даражада амалиётга жорий этилмаяпти.

Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш мақсадида:

1. 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда — чора-тадбирлар Дастури) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

чора-тадбирлар Дастурига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин, шу жумладан уларни амалда жорий этишнинг натижадорлиги тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида мунтазам сўровлар ўтказиш йўли орқали назоратни таъминласин;

икки ҳафта муддатда лицензия ва рухсатнома характерига эга ҳужжатларни олиш тартиботларидан ўтиш тартибини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш бўйича аниқ таклифларни киритсин.

3. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир ой муддатда ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштирсинлар ва кейинчалик уларни доимий равишда янгилаб борсинлар, бунда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилсин:

улар томонидан қабул қилинган идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни мажбурий равишда жойлаштириб бориш (тарқатилиши чегараланган ҳужжатлар ва тижорат сири баён этилган ҳужжатлар бундан мустасно);

тадбиркорлик субъектларига рухсатнома характерига эга ҳужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш ва беришнинг тартиби ва муддатлари;

тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва нархи.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига белгиланган талабларга мувофиқ, уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалари ва маҳаллий ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларини юритишда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалалари бўйича қўйиладиган талабларга риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади.

5. Солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилсин (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно).

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, хўжалик бошқаруви органларининг 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари бўйича кичик корхоналар ишчиларининг чекланган ўртача йиллик сонини ошириш тўғрисидаги таклифи 2-иловага мувофиқ қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қўшимча таклифларни киритган ҳолда иқтисодиётнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида фаолият юритаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарда қўшимча иш ўринларини ташкил этиш юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиётини бекор қилсинлар.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилади;

2014 йилнинг иккинчи чораги учун солиқ солишдан бошлаб, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) қурилиши якунланган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланганидан кейин 6 ой давомида, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда, ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловни, ушбу тўловларнинг тасдиқланган энг кам миқдорларини ҳисобга олмаган ҳолда, амалда бажарилган иш ҳажмларидан келиб чиқиб тўлайдилар.

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма асосдаги ўрганишларни ўтказиб борадилар.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш., 

2014 йил 7 апрель, 

ПФ-4609-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли Фармонига
2-ИЛОВА

2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб кичик корхоналарда ходимларнинг чекланган сони йилига ўрта ҳисобда амалдагидан икки бараварга ошириладиган тармоқлар

РЎЙХАТИ

Т.р.‎

Тармоқлар номи‎

Кичик корхоналардаги ходимларнинг ўртача
‎йиллик чекланган сони (нафар)‎

1.‎

Қурилиш материаллари саноати‎

200‎

2.‎

Енгил саноат‎

200‎

3.‎

Озиқ-овқат саноати‎

200‎

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли Фармонига
3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим Фармон ва қарорларига киритиладиган ўзгартишлар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1996 йил 31 майдаги ПФ-1467-сонли Фармонида:

а) 2-бандидаги «иловага мувофиқ» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 9 апрелдаги ПФ-1987-сонли Фармонининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Белгилаб қўйилсинки, 2014 йилнинг 1 июлидан қуйидагилар кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари тоифасига киритилади:

якка тадбиркорлар;

ишлаб чиқариш соҳасида йилига ўрта ҳисобда йигирма нафардан, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида — ўн нафардан, улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида — беш нафардан ошмайдиган ишчи ходимларга эга бўлган микрофирмалар;

қуйидаги соҳаларда йилига ўрта ҳисобда иш билан банд бўлган:

енгил, озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари саноатида — икки юз нафардан;

металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик ҳамда мебель саноатида — юз нафардан;

машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, қурилиш ва бошқа ишлаб чиқариш — саноат соҳасида — эллик нафардан;

илм-фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида — йигирма беш нафардан ошмайдиган ходимга эга бўлган кичик корхоналар».

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 декабрдаги ПҚ–1236-сонли қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тузиш жараёнида давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ишлаб чиқариш қувватлари доирасида Махсус Идоралараро комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилмаган ҳолда лойиҳалар ташаббускорлари томонидан амалга оширилади».

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 4 апрелдаги ПФ–4296-сонли Фармони 1-бандининг учинчи хатбошидаги «2014 йилнинг 1 апрелигача» сўзлари «2017 йилнинг 1 январигача» сўзлари билан алмаштирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «1999 йилда хорижий инвесторлар иштирокида капитал қурилишни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 1998 йил 31 декабрдаги 548-сонли қарорида:

а) 1-бандидаги «(1-илова)» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 майдаги 195-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., №5, 25-модда) билан тасдиқланган Тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан кредит бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 23-бандидаги «тижорат банкларининг бўлинмалари ва ўз таркибида бўлинмалари бўлмаган тижорат банклари учун, шунингдек хусусий банклар учун — 10 иш куни, банкларнинг вилоят бўлинмалари учун — 15 иш куни ва бош (республика) банклари учун — 20 иш куни» сўзлари «уч иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 20 августдаги 178-сонли қарори билан тасдиқланган Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-бандидаги «10 иш куни» сўзлари «уч иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин. 



Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш тўғрисида”ги 676–I-сонли Қарорига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 9, 176-модда; 1999 йил, № 1, 27-модда, № 9, 239-модда; 2001 йил, № 9–10, 194-модда; 2004 йил, № 5, 101-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 3–4, 116-модда, № 5, 180-модда; 2007 йил, № 6, 255, 291-моддалар, № 8, 374, 383-моддалар; 2010 йил, № 3, 103-модда, № 8, 314-модда) қисман ўзгартишлар киритиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2014 йил 3 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгаришлар киритиш тўғрисида”ги 890–II-сонли ва 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгаришлар киритиш тўғрисида”ги 892–II-сонли қарорлари маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари этиб сайлансин:

Абдувахитов Абдужабар Абдусаттарович – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори

Абдуназаров Олимжон Тоштемирович – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги назорат-тафтиш бошқармаси бошлиғи

Артикова Светлана Баймирзаевна – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси

Курбанкулов Суяржон Машарипович – Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси

Мирзаев Абдуманоб Кучкарович – Фарғона вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси

Норов Жалил Халилович – Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Навоий вилояти бўлими раиси

Ражабов Эсанбай – Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси

Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович – Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори

Фаттоев Ёқуб Талабович – Бухоро вилояти Пешку тумани “Фаттоев” фермер хўжалиги раҳбари

Ходжакулов Эркин Гайбуллаевич – Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғи

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари М.Х.Ахмедов, А.Дусбаев, Ю.У.Караев, С.С.Касимов, Г.Р.Рустамова, К.Тогаев, М.С.Ходжаев, Ў.Ш.Холов, А.Ширинов, С.Х.Шукуров, К.Т.Юсупов ва М.К.Якубованинг ваколатлари ўзлари берган аризаларга биноан тугатилган деб ҳисоблансин.

4. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига юборилсин.

5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.Собиров

Тошкент шаҳри,
2014 йил 10 апрель


Рўйҳатга қайтиш