Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Демократик тараққиётнинг амалий самаралари

Тошкентда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш – жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг устувор йўналиши” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамкорлигида Германиянинг К.Аденауэр ва Ф.Эберт номидаги жамғармалари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Европа Иттифоқининг “Қонун устуворлиги платформаси – Марказий Осиё” лойиҳаси, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Германия, Словения, Россия, Болгария ва бошқа давлатлардан экспертлар иштирок этди.

Конференцияда одил судлов соҳасида инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларини амалга оширишнинг миллий ва хорижий тажрибаси, Ўзбекистон ва хорижий давлатларда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, одил судлов соҳасида инсон ҳуқуқларининг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва бу борада ахборот-таълим фаолиятининг замонавий моделини яратиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган қонун устуворлиги, ҳокимиятни тармоқларга ажратиш, шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш принциплари мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар асосини ташкил этиши таъкидланди. Бунинг самарасида мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштиришда салмоқли натижаларга эришилди, мамлакатимизни жадал ривожлантириш шартлари ва халқаро ҳуқуқ стандартларига мос қонунчилик базаси яратилди. Мазкур қонунчилик базасининг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни кафолатлайдиган қатор қонун ҳужжатлари ташкил қилади.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ суд ҳокимияти мустақил ҳокимият тармоғи бўлиб, қонунийлик ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш унинг асосий принципларидир. Шунга биноан 2000 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди, бошқа қонунларга, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Фуқаролик кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу тариқа суд тизими ижро ҳокимиятининг назорати ва таъсиридан чиқарилди. Судья лавозимига номзод тақдим этиш, судьялар ваколатларини тўхтатиш ва муддатидан аввал бекор қилиш, уларга нисбатан интизом жазосини тайинлаш Адлия вазирлиги ваколатидан чиқарилди. 

Бундан ташқари, судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш, хусусан, суд тизими учун кадрлар масалалари билан махсус орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси шуғулланмоқда. Адлия вазирлиги ҳузурида махсус ваколатли тузилма – Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш департаменти ташкил этилди. Бу эса судларни уларга хос бўлмаган вазифалардан сезиларли даражада озод этди ва диққат-эътиборни одил судловни амалга оширишга қаратиш имконини берди.

Ўзбекистонда 2008 йилнинг январидан бошлаб, ўлим жазосининг бекор қилингани муҳим аҳамият касб этди. “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадамдир. Мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлди.

2001 йилдан бошлаб, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига ярашув институти киритилди ва у самарали фаолият юритмоқда. Ярашув институтининг талабига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмайди. Мазкур институтнинг самарадорлиги ҳамда ўзбек халқининг бағрикенглик ва кечиримлилик каби ноёб фазилатларига мослиги унинг изчиллик билан кенгайиб боришига асос бўлди. Ҳозирги кунда 53 та жиноят таркиби бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти кўзда тутилган. Уларга кўра, жиноятларнинг таснифи ўзгартирилди. Бунинг натижасида оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.

Халқаро экспертлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) ролини юқори баҳолади. Тадбирда ушбу институтнинг мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишдаги иштирокига бағишланган маъруза тингланди. Парламент омбудсмани Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ва бошқа ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилади.

– Ўзбекистонга илк бор келишим бўлса-да, мамлакатингизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш даражаси тўғрисида кенг тасаввурга эга бўлдим, – дейди Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти вакили, Хитой ижтимоий фанлар академияси Халқаро ҳуқуқ институти оммавий халқаро ҳуқуқ бўйича тадқиқот бошқармаси директори Сун Шиян. – Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар, Конституциявий суд, ўлим жазосининг бекор қилингани, “Хабеас корпус” демократик институтининг жорий этилгани менда алоҳида таассурот қолдирди. Мамлакатингизнинг халқаро экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорлиги ҳам диққатга сазовор. Бундай ҳамкорлик Хитой билан ҳам изчил ривожланишига ишонаман.

Конференция қатнашчиларининг чиқишларида Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва эркинлаштиришда янги босқични бошлаб бергани юксак баҳоланди. Ушбу дастурий ҳужжатда жиноий-ҳуқуқий соҳадаги сиёсатни янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш, мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чоралар ҳам белгиланган.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари мазкур Концепцияда белгилаб берган қонунчилик ташаббусларига мувофиқ мамлакатимизда миллий қонунчиликни такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилаётир. Ўтган давр мобайнида шахснинг ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, мамлакатимиз парламенти томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат суриштирув ва дастлабки тергов пайтида суд назоратини кучайтириш, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини амалга оширишни таъминлаш имконини берди.

Бундан ташқари, жиноят-процессуал қонунчилигидан суднинг жиноий иш қўзғатиш, бундай иш юзасидан айблов хулосасини эълон қилиш ваколати чиқарилди. Бу эса суднинг холислиги, бетарафлигини таъминлаш, жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришга ёрдам берди. Дастлабки тергов босқичида суд назорати кучайтирилди. Лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги бундай чораларни қўллашнинг ҳуқуқи судларга ўтказилди.

– Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда суд тизими мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар самараларининг гувоҳи бўлмоқдаман, – дейди АҚШ округ судининг Миннесота штати округи бўйича федерал судьяси Жон Танхайм. – Энг муҳими, бу жараёнда судьялар мустақиллиги ва бетарафлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жиноят сиёсатини эркинлаштириш соҳасида Ўзбекистон эришаётган ютуқларни ҳам қайд этишни истардим. Бу қамоқда сақланаётган маҳбуслар сонини камайтириш имконини бермоқда. Бу кўплаб мамлакатлар, жумладан, бундай ёндашувни қўллаш режалаштирилаётган АҚШ учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Конференцияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ташкилий-таркибий тузилишини оптималлаштириш ва уларнинг фаолиятини жиноятчиликка қарши курашнинг устувор йўналишларига қаратиш орқали ушбу органлар тизимини такомиллаштириш соҳасида ҳам Ўзбекистон тажрибаси кўриб чиқилди. Тадбирда сўнгги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, биринчи навбатда, прокуратура фаолиятини ислоҳ этиш бўйича қонунларнинг сўзсиз бажарилишини, демократик ислоҳотларни илгари суриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлайдиган кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуни жиноятлардан огоҳлантириш, уларнинг ўз вақтида олдини олиш чоралари самарадорлигини, суриштирув ва дастлабки тергов сифатини ошириш, ушбу соҳада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, биринчи навбатда, Ички ишлар вазирлиги органлари фаолиятини янада эркинлаштиришни таъминлашга ёрдам бермоқда. Ушбу ҳужжатда жиноятчиликка қарши курашишда иштирок этадиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматларнинг ваколатлари, мазкур фаолиятни амалга оширишда устувор йўналишлар аниқ белгиланган ва бу жиноятчиликка қарши самарали курашиш имконини бераётир. Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг асосий саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган.

Парламентимиз томонидан жорий йилнинг апрель ойида қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун бу борада муҳим қадам бўлди. Мазкур қонун ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш субъектлари ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, бу борада тизимли ва тартибли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини тартибга соладиган кўплаб ҳуқуқий нормаларни унификация қилишга қаратилган.

Конференция доирасида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганишга бағишланган маъруза тингланди. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатдики, сўров иштирокчилари аксариятининг фикрича (91,3 фоиз) мамлакатимиз аҳолиси давлат ва жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш билан боғлиқ ижобий ўзгаришларни ҳис этмоқда. Фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан турли жиноятларга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ютуқлари алоҳида таҳлил қилинди. Жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги Индексини эълон қилган “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилотининг йиллик маърузаси тақдим этилди. Бу борадаги вазиятни дунёнинг 99 мамлакатида баҳолашнинг “Тартиб ва хавфсизлик” бош мезони йўналиши бўйича кўриб чиққан халқаро экспертларнинг баҳосига кўра, Ўзбекистон жиноятчиликка қарши кураш, сиёсий зўравонликнинг олдини олиш, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги, мустақил суднинг мавжудлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг самарали фаолият кўрсатиши каби йўналишларда қонун устуворлигининг асосий кўрсаткичлари ва бошқа омиллар бўйича беш етакчи мамлакат қаторидан жой олган.

– Ўзбекистонда бир неча йилдан буён ишлайман ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яхши танишман, – дейди Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга кўмаклашиш” лойиҳаси раҳбари Том Паттерсон. – Ўзбекистон бу жараёнга жиддий эътибор бераётгани ва бу борада нафақат қонун ҳужжатларини қабул қилиш, балки уларнинг ҳаётда ижросини таъминлашга асосланган изчил ёндашувдан фойдаланаётганини таъкидлашни истардим. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу жараёнда адлия, ички ишлар, прокуратура органлари ва Олий суд фаол иштирок этмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар наинки миллий даражада тўпланган билимлар асосида, балки халқаро тажриба ва жаҳондаги энг яхши амалиёт инобатга олинган ҳолда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мазкур конференцияда кўплаб халқаро экспертларнинг иштирок этгани ҳам шундан далолат беради.

Экспертларнинг таъкидлашича, ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълимни яхшилаш тинчлик-осойишталикни асраш, жамиятни янада инсонпарварлаштиришда юқори марраларга эришиш имконини бермоқда. Зеро, юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият асоси ва ҳуқуқий тизим такомиллашаётганининг кўрсаткичидир.

Конференцияда Ўзбекистонда ҳуқуқий таълим ва маърифатни тубдан яхшилаш, жамиятда ҳуқуқий билимни тарғиб қилишга қаратилган самарали чоралар кўрилаётгани қайд этилди. Юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида таълимнинг барча босқичлари – мактабгача таълимдан олий таълимгача, шунингдек, давлат хизматчиларининг малакасини оширишни ўз ичига олган миллий тизим яратилди. Узлуксиз ҳуқуқий таълимнинг чуқур ва пухта ўйланган услуб ва услубияти, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билан шуғулланадиган махсус тузилмалар (кафедралар)ни ташкил қилиш, тегишли адабиётларни чоп этишни кўзда тутадиган кенг кўламли ахборот тизимини шакллантириш ушбу миллий тизимнинг асосий принципларидандир. Бу жараёнда Тошкент давлат юридик университети алоҳида ўрин тутади.

– Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий маданият, таълим, маънавият ва тарбия даражасининг юқорилиги фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни ривожлантиришга ёрдам беради, – дейди Германия тижорат суди судьяси Штефан Граф Финк фон Финкенштайн. – Ўзбекистонда бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни мамлакатингиз Конституциясига киритилган, фуқароларнинг давлат ва жамият ишида янада фаол иштирок этишини таъминлайдиган тузатишлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигига ёрдам берадиган қонунларнинг қабул қилинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, демократлаштириш борасидаги навбатдаги қадамлардир.

Парламентимиз томонидан шу йил қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни тубдан яхшилаш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онгини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилий-ҳуқуқий механизмлардан хабардорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур қонун Ўзбекистонда илк бор ўтказилган ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида ишлаб чиқилди.

Бунинг самарасида ўтган даврда фуқароларнинг ижтимоий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошди. Бу мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни муваффақиятли давом этаётганидан далолат беради. Халқаро экспертларнинг фикрича, мамлакатимизда қабул қилинаётган комплекс чора-тадбирлар давлат ва жамиятни изчил янгилаш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш жараёнини кенгайтириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда ва Ўзбекистон демократик тараққиёт тарафдори эканининг ёрқин исботидир.

Конференция якуни бўйича қабул қилинган тавсияларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани қайд этилди. 

ЎзА


Рўйҳатга қайтиш