Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ёмон иллатларга қарши курашайлик

Дата: 11.03.2013    

Ичкилик барча ёмон иллатларнинг дояси, дейдилар. Ҳа, ичкиликбозлик кишини ҳар қандай тубанликка кўниктиради. Инсон қанча кўп ичса, яхши фикрлаш, меҳнат қобилияти, руҳ поклиги ва ҳиссиёт қувватидан шунча узоқлашар экан. Шу боисдир ичкиликбозлик ҳамма замонларда, ҳар қандай жамиятда қораланган.

Ҳазрат Алишер Навоий ўзларининг “Маҳбуб-ул қулуб” асарларида “Май ичмоқ-жигар қонин ичмоқдир; май ичиш билан заҳар ютма; жонинг нақдинасини сочиш билан наслинг тухмини қуритма”, деб танбеҳ берганлар. Шунингдек, бобокалонимиз май ичишни нафсу ҳаво қурбони бўлиш ва шайтон истагига тобелик деб баҳолаганлар. Таассуфки, энг иркит ичувчи ҳам майнинг зарар эканлигини ўзича билади, тан олади. Инчунун, ичкиликбозлик ожизликдир. Маънавий ожизлар, таъбир жоиз бўлса, ногирон кимсаларда ҳеч қачон мустаҳкам ирода бўлмайди.

Бир немис олимидан сўрашган экан.

-Нима қилсак жиноятларнинг олди олинади?

-Сизлар менга спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришни эллик фоиз камайтириб берсанглар, жиноятни ҳам эллик фоиз камайтириб бераман,-дебди у.

Ҳа, афсуски, ичкилик сабаб содир бўлган ва бўлаётган жиноятлар, фожиалар оз эмас. Бугун янада ташвиш уйғотаётгани эса, ёшларимиз, энг даҳшатлиси нафақат йигитлар балки қизлар орасида ҳам бу иллатга эргашаётганлари пайдо бўлмоқда.

Тўқликка шўхликнинг бундай кўринишини таҳлил қиладиган бўлсак, бевосита тарбияга бориб тақалади. Фарзанд ҳар қандай тарбияни оилада олади. Маънавий қарашлар, инсоний фазилату хислатлар сарчашмаси оиладир. Ана шу чашма булғанмасин. Машойиқларнинг бир гапи бор: “Гўшт айнимасин учун туз сепилади. Туз айниса-чи? Чораси недир?”. Қарангки аксарият ҳолларда катталар фарзандлари олдида дастурхон бошида ё иштаҳа очди учун, ёхуд бирор сана муносабати билан жарангдор қадаҳларни кўтарадилар. Хўш аёллар бундан андоза олмаяптиларми?

Бугун жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурган ёш оилаларнинг ажрашиб кетаётганларининг сабабларидан бири ичкиликбозликка тақалиб бораётганига мисоллар оз эмас. Ҳатто ичкилик сабаб ногирон туғилаётган болалар ҳам қайд қилинмоқда. Хўш бундай қисматга ким айбдор?...

Сарҳушлик ва мастликка ружу қўйиш баробарида кашандалик ҳам одат тусига кириб улгургани ҳақиқат.

Келажагини ўйлайдиган инсон бундай иллатлардан ўзини узоқ сақлайди ва атрофдагларни ҳам шунга даъват этади.

Барчамизга маълумки, 2011 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни амалга киритилди. Ушбу Қонуннинг мақсади, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Фуқароларнинг соғлиғини, аввало йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ҳамда ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга қаратилган.

Мазкур қонун орқали амалдаги мавжуд баъзи меъёрлар умумлаштирилмоқда. Жумладан, таълим, спорт ва диний муассасалардан камида беш юз метр радиусда жойлашган савдо объектларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш таъқиқланмоқда.

Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ўралишига, тамғаланишига доир талаблар белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: алкоголь маҳсулотларининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак; тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тамаки маҳсулоти қутиси (ўрови) олд томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини ва орқа томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак; тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) инсон соғлиғига етказиладиган зарарни камайтириб кўрсатувчи, тамаки маҳсулотининг хусусияти ҳақида зарарсиз маҳсулот сифатида ёки тамаки маҳсулотининг бошқа намуналарига қараганда зарари камроқ эканлиги тўғрисида ёлғон таассурот уйғотадиган ахборот жойлаштирилишига йўл қўйилмайди, мазкур Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи шахслар мазкур маҳсулотларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилганликлари учун ҳам жавобгарлик назарда тутилиб, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилиш таъқиқланади.

Хулоса қилиб айтганда, белгиланган бундай тартиб-қоидалар ва кўрилаётган амалий чора-тадбирлар албатта, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолини, айниқса ёшларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларида муҳим ҳуқуқий омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Нодира Мардонова,

Бухоро шаҳар “Никоҳ уйи” мудираси