Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Конституция – бош қомусимиз

Дата: 11.03.2013    

Йигирма йилдирки, Конституциямиз биз ҳаммамиз орзу қилган мустақил, адолатли, ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этиш учун, дорилфунун вазифасини шараф билан ўтамоқда.

20 йил миллий қонунчилик тарихида ўзига хос бир даврни ташкил этади. Бу даврни миллий қонунчилик тизими ташкил топган, шаклланган, шаклланаётган ҳуқуқий ислоҳотчилик, қонун яратувчилик кўникмаси, тажрибаси даври деб аташ мумкин.

Айтиш жоизки инсон ҳуқуқлари – демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси. Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи бош мезондир.

Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсади ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқлари, айбсизлик презумпцияси каби қатор фундаментал, халқаро-ҳуқуқий нормаларга мос тамойиллар мамлакатимиз ҳуқуқий доктринасининг асосий ғояларини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишни – мамлакат ижтимоий ривожланиши ва давлат қурилиши, шунингдек ички ва ташқи сиёсатининг энг асосий йўналиши этиб белгилади.

Конституцияда назарда тутилган асосий ҳуқуқ ва эркинликлар парламент томонидан қабул қилинган 15 та кодекс ва 500 дан зиёд амалдаги қонунларда янада мустаҳкамланган.

Яна бир бор таъкидлаш керакки, бугун мамлакатимизда демократик тараққиёт йўлида қайси соҳада ислоҳотлар амалга оширилаётган ва қандай қонунлар қабул қилинаётган бўлмасин, уларнинг барчаси Конституциямизда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга қаратилган.

Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг Асосий қонунимизда эътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар билан изчил боғлиқлигини қуйидаги айрим таҳлиллардан ҳам билиб олиш мумкин.

Биринчи. Конституциянинг 24-моддасида инсоннинг яшаш ҳуқуқи белгиланган.

Ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи бўлган мазкур конституциявий ҳуқуқни кафолатлаш борасида мамлакатимизнинг жиноий жазолаш соҳасидаги сиёсатида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда унинг асосида қабул қилинган “Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазоси жиноий жазо тури сифатида бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди.

Дунёдаги 122 та мамлакат қатори Ўзбекистонда ҳам ўлим жазосининг бекор қилиниши ўз ҳуқуқий табиатига кўра давлатимизнинг жиноий-ҳуқуқий соҳада энг инсонпарвар ва одил сиёсат олиб бораётганини ҳамда ушбу соҳадаги сиёсатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган муҳим принципларга асосланишини яна намоён қилди.

Иккинчи. Конституциянинг 19-моддасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, 25-моддасида ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги назарда тутилган.

Маълумки, 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга санкция бериш ваколати прокуратура органларига берилган эди. Мазкур ҳолат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган тамойилига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо мос келмасди. Ҳозирги кунда дунёнинг аксарият ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларида фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш билан боғлиқ мажбурлов чораларини қўллаш фақатгина судлар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 августда «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги Фармони ва “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши натижасида эса 2008 йил 1 январдан бошлаб қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга санкция бериш ҳуқуқи прокуратура органларидан судлар ваколатига ўтказилди.

Юртимизда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг прокуратура органларидан судлар ваколатига ўтказилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги ҳамда уни суднинг қарорисиз ҳеч кимнинг чеклашга ҳақли эмаслиги тўғрисидаги конституциявий ва халқаро-ҳуқуқий норманинг амалга ошишини ҳамда қонуний жиҳатдан янада мустаҳкамланишини таъминлади.

Учинчи. Конституциянинг 116-моддасида фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Мазкур конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, ҳар бир шахснинг малакали юридик ёрдам олишга доир конституциявий ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, тергов ва суд жараёнларида айблов ва ҳимоя томонларининг тенглигини таъминлаш, адвокатларнинг ҳар жиҳатдан мустақил ва профессионал корпусини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида қабул қилинган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2009 йил 1 январдан бошлаб кучга кирди.

Эндиликда қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида адвокат томонидан фуқароларга жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб юридик ёрдам кўрсатиш тартиби амалга киритилди.

Юртимизда адвокатура институтининг ислоҳ қилиниши баробарида ҳар бир шахснинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга оширишнинг самарали ҳуқуқий механизми яратилди.

Тўртинчи. Конституциянинг 35-моддасида ҳар бир шахснинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланган.

Мазкур ҳуқуқни мустаҳкамлаш мақсадида 2002 йил 13 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунга асосан барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқароларни қабул қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби жорий этилган.

Бешинчиси. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эътироф этган ҳолда халқаро стандартларга тўла мувофиқ келади. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Ушбу соҳадаги халқаро-ҳуқуқий нормалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш мақсадида 2008 йил 
17 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан республикада одам савдосига қарши курашиш тизими, ваколатли давлат органлари ва уларнинг вазифалари, шунингдек, одам савдоси қурбонларининг ҳимояси ва уларни ижтимоий, тиббий-психологик реабилитация қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Олтинчиси. Конституциянинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги, 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 12 ноябрда парламент палаталарининг қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”даги таклифлар асосида ишлаб чиқилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунини қабул қилинганлиги хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашда, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигини таъминлайдиган ишончли кафолат бўлди.

Шуни эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда Конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган барча ислоҳотлар Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида олиб борилмоқда.

Зотан, Асосий қонунимизнинг 93-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили ҳисобланади.

Шуни эътироф этиб ўтишимиз керакки, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида қарор топтириш борасида, қонунчилик ва амалий сиёсатимизда қандай натижа ва ютуқларни қўлга киритган бўлсак, уларнинг барчаси Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган талаб ва тамойиллар билан узвий боғлиқдир.

Биз қураётган янги жамият, ҳаётимизга тобора кириб келаётган янгиланиш жараёнлари, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тақдири ва келажаги, аввало, халқимизнинг бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашига, одамлар дунёқараши ва фаоллиги, уларнинг онгу тафаккурининг юксалишига боғлиқдир.

Зеро Президентимиз таъкидлаганларидек “бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишини таъминлайди”.

А.Баротов,

Бухоро вилоят адлия бошқармаси

бош маслаҳатчиси