Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар адлия эътиборида

Дата: 28.10.2015    

Бухоро вилоят адлия бошқармасининг Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлими томонидан 2015 йил 9 ойи давомида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида жами давлат реестрида 73 та (ўтган йилнинг шу даврида 69 та) хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда жами 9 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатмаяпти.

Бўлим томонидан фаолият кўрсатмаётган ва зарар кўриб ишлаётган хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар солиқ ва статистика органлари билан ҳамкорликда хатловдан ўтказилди. Фаолият кўрсатмаётган хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмаслик сабаблари ва юзага келаётган муаммолар аниқланиб, таҳлил қилинди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 6 та, яъни “Point Vision”, “Mashhad-Buxoro Tekstil”, ва “Kogon Polimer Teks”, “Al-Kabir Zamir Tekstil” ҳамда “Bukhara Laminant Luxe”, “Volga Stroy Invest” қўшма корхоналари давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бўлимга жорий йилнинг 9 ойи давомида 12 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 3 та мурожаат қаноатлантирилган, 6 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 3 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган.

Жумладан, Когон шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган “Бухарагипс” қўшма корхонаси раҳбари Д.Дерипалконинг Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг жорий йил июль ойида режали текшириш ўтказилишидан норози бўлиб ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаат қилган.

Мурожаатни ўрганиш юзасидан тўпланган ҳужжатларга асосан амалдаги қонун ҳужжатлари асосида режали текшириш ўтказилишини қайта кўриб чиқиш учун Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасига тегишли кўрсатма киритилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси томонидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 2014 йил 30 ноябрдаги 04-сонли қарори билан тасдиқланган 2015 йил июль ойи текширишлар режа-жадвалидан “Бухарагипс” қўшма корхонасининг чиқарилиши таъминланди.

Бўлим томонидан Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда ўтказилаётган мониторингларнинг механизми ишлаб чиқилган бўлиб, ўтказилган мониторинг натижаларига кўра қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Вилоятда мавжуд 73 та хорижий инвестициялар ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналардан 68 тасида хорижий инвестициялар ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарда сўровлар ўтказилди.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатлари асосида кичик корхоналарга берилган имтиёзлар хорижий корхоналар фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 100 % хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар кичик корхона сифатида ташкил этилган ва ўз фаолиятида бу турдаги корхоналарга яратилган имтиёзлардан фойдаланаётганлиги аниқланди.

Текширишларни рўйхатга олиш китоблари мониторинг қилинганда, айрим назорат қилувчи идораларнинг масъул ходимлари томонидан китоблар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 7 ноябрда 2280-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари лозим даражада тўлдирилмаганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан 5 та тақдимнома киритилиб, уларга асосан 4 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Тасдиқланган иш режага асосан Жондор туман ҳокимлигида тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларга риоя қилиниши аҳволи ўрганилганда, лицензиялар берилишида ортиқча йиғимлар ундирилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, Жондор туманида фаолият юритаётган “Бухара Альянс” хорижий корхонаси раҳбари Р.Пулотов 2013 йилнинг 25 октябрь куни туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, савдо фаолиятини амалга ошириш учун улгуржи лицензия олишда амалий ёрдам сўраган. Мазкур мурожаатга асосан туман ҳокимлиги ҳамда МЧЖ ўртасида 2013 йил 28 октябрь куни битим тузилиб, лицензия берилган. Бироқ, лицензияловчи орган томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун 45.765 сўм ундирилиши ўрнига 45.765 сўм ортиқча, яъни 91.530 сўм тўлов ундирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жондор туман ҳокимлигига тақдимнома киритилиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган туман ҳуқуқшуноси Н.Каировга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Шунингдек, Бухоро вилоят хўжалик судига ортиқча ундирилган 45.765 сўмни қайтариш юзасидан даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан ушбу даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.

Бўлим томонидан 2015 йил 9 ойи давомида ҳуқуқий маданиятни ошириш, миллий қонунчилик соҳасидаги ўзгаришлар ва қўшимчаларни аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жами 14 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 7 таси оммавий ахборот воситалари орқали (1 та газета ҳамда 4 та радио 2 маротаба телевидиние), 2 маротаба давра суҳбати, 5 маротаба семинарлар шаклида амалга оширилган.

Р.Расулов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими