Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Хорижий сармоядор: уларга яратилаётган қулайликлар

Дата: 03.11.2015    

МАМЛАКАТИМИЗ мустақилликни қўлга киритгач жаҳоннинг илғор давлатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни ривожлантириш мақсадида трансчегаравий иқтисодий алоқаларни йўлга қўя бошлади. Бунда чет эл валютасини ва хорижий инвесторларни мамлакатимиз ҳудудига жалб этиш ва ҳамкорликда қўшма корхоналар очиш орқали ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш муҳим омил бўлди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳозирда мамлакатимизда икки ярим мингдан зиёд хорижий ва яна шунча қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Маълумки, инвестиция муносабатларини тараққий эттириш жараёнида иқтисодий низоларнинг келиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Мисол учун, "Metal-Tech" Исроил компанияси билан "Олмалиқ кон металлургия комбинати" АЖ (Ўзбекистон Республикаси томонидан ташкил этилган корхона) ўртасида қимматбаҳо металл қазиб олиш тўғрисида шартнома имзоланиб, замонавий завод қуриш режаси кун тартибига қўйилди. Томонлар ўртасида ўзаро инвестиция­ларни ҳимоя қилиш юзасидан келишув имзоланди ва маълум бир муддатга қадар ишлар режа асосида олиб борилди. Аммо ўрнатилган ускуналарнинг замон андазаларига жавоб бера олмай қолиши сабабли ишлаб чиқарилган товарларнинг жаҳон бозорида сотилиши сусая борди. Натижада муаммолар ҳам пайдо бўлиб, тарафлар ўртасида инвестициявий низо келиб чиқди. Мазкур низо бўйича "Metal-Tech" корхонаси Ўзбекистон Республикасининг "Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказига" тўғридан-тўғри арбитраж босқичига мурожаат этди. Иш кўриб чиқилгач, даъвода келтирилган важлар асоссиз, деб топилди ва мазкур низо Ўзбе­кис­тон Республикасининг фойдасига ҳал этилди.

Умуман олганда, низоларни имкон қадар арбитраж босқичига чиқармаслик, медиация ва келишув орқали ҳал этишлик мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шунингдек, инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича "Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияларга оид низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги халқаро конвенцияда (1994 йил 6 майда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган) давлатлар инвес­тициявий низоларни ҳал этишда қайси таснифдаги низолар марказда ҳал этилмаслиги ёхуд ҳал этилиши юзасидан хабардор қилиш бўйича тартиб-қоидалар мавжуд. Унинг ёрдамида Ўзбекистон Республикаси ҳар хил турдаги юрисдикциялардан ва мажбурлов чораларидан ҳимояланиш ҳуқуқини олиши мумкин. Яъни, мамлакатимизда мавжуд бўлган қимматбаҳо ерости ресурслари ёки ишлаб чиқариш объектлари юзасидан тузиладиган инвестициявий шартномаларни қабул қилишда уларни конвенция нормаларига қўшимча киритган ҳолда имзолашни тақозо этади. Бунинг ўзига яраша фойдали ва камчилик томонлари мавжуд бўлиб, жумладан, давлатнинг бу каби иммунитетдан фойдаланиши, ўз навбатида, инвестиция киритмоқчи бўлган хорижий инвесторларга ёқ­маслиги мумкин.

Шунингдек, сармоядорлар томонидан киритилаётган инвестициялар ҳам хал­қаро ҳуқуқ ҳамда инвестицияларни қабул қилиб олувчи давлатнинг қонунлари бўйича идора этилишини ҳисобга олган ҳолда келиб чиққан низоларни инвестицияни қабул қилиб олган давлат ҳудудидаги миллий ёхуд ҳакамлик судлари томонидан ҳал этишга уриниб кўришлик, агарда низо ҳал этилмаса, уни халқаро арбитражга олиб чиқиш мумкинлигини миллий қонунчилигимизда акс эттиришимиз зарур. Низонинг ечимини топишда, аввало, инвестицияни қабул қилиб олган давлатнинг миллий қонунчилиги билан ҳал этиб кўришга уриниш халқаро ҳуқуқнинг бир тушунчаси ҳисобланади. Ҳозирда дунёнинг жуда кўп давлатлари мазкур усулдан фойдаланиб келмоқда.

Мақсадимиз келгусида мамлакатимизни инвестициявий низолар туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган конфронтациялардан ҳимоя қилиш, чет эл сармоядорларига юртимиз ҳудудида қулай шарт-шароитлар яратиб бериш билан бирга жаҳон ҳамжамияти олдида республикамизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир.

Фарруҳ ТЎЙЧИЕВ, Адлия вазирлиги масъул ходими