Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

ОИЛАНИ АСРАШ МУҲИМРОҚ

Дата: 03.11.2015    

Халқимизда қадимдан оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Чунки оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган гўшадир. Айнан оилада келажак авлод дунёга келади, улғаяди, тарбия топади, камолга эришади. Демак давлатимиз келажагини белгилайдиган, мамлакатимизни бундан ҳам юксак чўққиларга кўтарадиган ёш авлод оилада тарбия топади. Шунинг учун мамлакатимизда “Оила йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ёшлар йили” муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари доирасида юзга яқин ҳужжатлар тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилди.

Оилани мустаҳкамлаш нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон даражасида кўтарилган масалалардан биридир. Буни БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 май кунини ҳар йили “Халқаро оила куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қабул қилинган қароридан ҳам билиб олиш мумкин.

Бугунги кунда оилани мустаҳкамлаш, никоҳдан ажралишларни мумкин қадар камайтириш учун бутун дунё олимлари томонидан изланишлар олиб борилмоқда.

Европа психологлар уюшмаси томонидан ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, эрта турмуш қурган ёшларнинг деярли барчасида узоқ муддатли руҳий сиқилиш кузатиларкан. Бундан ташқари, бу ёшга хос ўйинқароқлик, қизиққонлик ва бошқа жиҳатлар масъулиятни ҳис қилишга тўсқинлик қилиши, бу эса никоҳнинг келажагига хавф солиши аниқланган. Кейинги пайтларда Ғарб мамлакатларида кўпайиб бораётган ажралишлар шу билан изоҳланган.

Европалик социологлар эрта турмуш қуриш оилаларнинг емирилишига сабаб бўлаётган хатарлардан бири дея эътироф этишмоқда. Аниқланишича, бундай никоҳларнинг салкам 82 фоизи ажралиш билан тугаркан.

Республика “Оила” илмий-амалий маркази томонидан ўтказиб келинаётган социологик тадқиқотларнинг хулосаларида таъкидланишича, никоҳдан ажрашишларнинг асосий сабабларидан бири бу эрта никоҳларнинг қайд этилишида экан. Шу сабабли улар никоҳ ёшини узайтириш кераклигини такидлаганлар.

Шу ўринда яна бир статистик маълумот, ўлик туғилган болалар ва пренатал ўлимларнинг аксарияти айнан 16-18 ёшда ҳомиладор бўлган аёллар эканлигини кўриш мумкин. Никоҳдан ажрашишлар нафақат оилаларни емирилиши, балки етим болалар ва кам таминланган оилаларни кўпайишига, носоғлом ёш авлоднинг дунёга келишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Юртимизда соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг ҳам соғлом фарзанд туғилишида, оилаларни мустаҳкамлашда аҳамияти катта эканлигини кўрсатади. Буларнинг самараси ўлароқ, 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,7 фоизга, ўтган йигирма йил мобайнида оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан кўпроққа камайди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ оналар ва болалар соғлигига катта эътибор берилмоқдаки, бу ҳар бир идора, ташкилот ёки ҳар бир фуқарога жуда катта масъулият юклайди.

Бунинг яққол мисоли сифатида, Жондор туман ФҲДЁ бўлими томонидан туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, соғлиқни сақлаш идоралари, қолаверса, бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Балоғат ёшига етмасдан турмуш қуришнинг ва қариндош уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг ўрни” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида тумандаги маҳаллалар, коллеж ва ўрта умумтаълим мактабларида “Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари”, “Қариндош уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг ўрни” каби мавзуларда 50 дан ортиқ тарғибот тадбирлари, 10 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар амалга оширилди.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатларнинг барчаси соғлом оилани шакллантириш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.

Ғ.Ахатов, Жондор туман ФҲДЁ бўлими инспектори