Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Конституциявий ислоҳотларнинг мақсади –– Давлат бошқарувини демократлаштириш

Дата: 05.11.2015    

Мамлакатимиз мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ Президентимиз миллий хусусиятларимиздан келиб чиқиб, ўзимизга хос бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик, режали тақсимот тизимидан воз кечиб, “Ўзбек модели” деган узоқ муддатга мўлжаланган сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳаларни қамраб оладиган мустақил тараққиёт йўлини ишлаб чиқди. Бу йўлнинг нақадар тўғрилигини шу 24 йилда босиб ўтган давр исботлади. Айниқса жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида унинг тўғрилиги яна бир бор исботланди.

Шунингдек, Давлат ҳокимиятини ва бошқарувини демократлаштириш-ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил ва янада чуқур татбиқ этиш борасида юртимизда бир қатор ислоҳотларга амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йилнинг 10-11 апрелда бўлиб ўтган ўн тўртинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ҳаётида долзарб аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонунлар маъқулланди. Улардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун мамлакатимизни модернизация ва ислоҳ қилишда навбатдаги муҳим қадам бўлиши шубҳасиздир. Мазкур Қонун давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган муҳим ғояларни ўзида мужассам этган. Конституциявий янгиланишларнинг мазмун-моҳияти – мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, биринчи навбатда, давлат бошқарувининг энг муҳим тамойилларидан бўлмиш давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини конституциявий таъминлашдан иборатдир. Конституциямизнинг 11-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган мазкур принципни амалга оширишнинг асосий усули ва шарти қонун ҳужжатларида, аввало, Конституцияда ҳокимиятнинг уч тармоғи ваколатларининг аниқ белгиланишига асосланган ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими ҳисобланади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими мамлакатимизда, босқичма-босқич, мантиқий изчиллик асосида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш даражаси, давлат ва сиёсий институтларнинг етуклик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ривожланиб келмоқда.

Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” маърузасида, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришни аниқ чоралари ва йўлларини қонунчилик ташаббуси орқали белгилаш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг зарурати, мақсади ва аҳамиятини ҳам аниқ кўрсатиб берди.

Жумладан, Бош вазир номзодини парламент қуйи палатасига сайловда энг кўп ўринларни олган сиёсий партия томонидан кўрсатилишини назарда тутадиган янги тартиб жорий этилди. Миллий қонунчиликка Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш институти киритилди. Айни пайтда, ҳокимиятнинг ижро этувчи органларини шакллантиришда Бош вазирнинг роли ва мустақиллиги сезиларли даражада кучайтирилди.

Ҳозирги пайтда миллий давлатчилигимизнинг ривожланиш даражаси, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши, мамлакатимиз аҳолисининг тобора юксалиб бораётган сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражаси, ижтимоий-сиёсий фаоллиги давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш вазифасини кун тартибига қўймоқда. Бунда давлат ҳокимияти тизимида вакиллик органларининг ролини янада ошириш, “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш” принципининг босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун айни шу мақсадларни амалга оширишга қаратилган.

Қонун ҳокимиятнинг ижро этувчи тармоғи фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини ташкил қилиш бўйича Конституциямизнинг 32, 78-моддаларига тузатишлар киритишни назарда тутади. Бу Конституциямизнинг иккинчи бобида белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципини амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканини белгилаб берадиган 32-модда бундай иштирок этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан ҳам амалга оширилишини кўзда тутадиган нормалар билан тўлдирилди. Жамоатчилик назорати ҳуқуқий асосларининг конституциявий мустаҳкамланиши унинг давлат ва жамият қурилишининг энг муҳим институтларидан бирига айланишига, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга, аҳоли турли қатламлари манфаатларининг янада тўлароқ ҳимоя қилинишига, фуқаролар, фуқаролик институтларини жамият ва давлат ишларини бошқаришга янада кенгроқ жалб этишга кўмаклашади.

Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат ваколатларини кенгайтириш ва кучайтириш мақсадида Конституциянинг 78-моддаси парламент палаталарининг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини конституциявий мустаҳкамлашга қаратилган қоидалар билан тўлдирилди. Бу, ўз навбатида, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашда, парламент назорати институти кўламининг янада кенгайиши ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Қонун Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларини янада аниқ белгилашни, унинг мустақиллиги ва айни пайтда масъулиятини ошириш бўйича Конституцияга тузатишлар киритишни назарда тутади. Конституциянинг 98-моддаси таҳрири ривожлантирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритиш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар экани аниқ белгилаб қўйилди.

Давлат бошқаруви тизимида барқарорлик, изчилликни таъминлаш, ижро этувчи ҳокимиятнинг мустақил фаолият кўрсатиш кафолатларини кучайтириш мақсадида амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши бўйича Конституциянинг 98-моддасида белгиланган нормалар мамлакат Президентининг қарорига кўра, ҳукумат айни шу даврда, Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунга қадар ўз фаолиятини давом эттириб туриши ҳақидаги қоидалар билан тўлдирилди.

Айни шу мақсадда Конституциянинг 93-моддаси 10-хатбошисидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимидан озод қилинишини белгилайдиган норма Президентнинг ушбу ваколати фақат Бош вазир истеъфога чиққан, Олий Мажлис палаталари томонидан унга нисбатан билдирилган ишончсизлик вотуми қабул қилинган тақдирда ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда амалга оширилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидалар билан тўлдирилди.

Умуман олганда, мамлакатимиз Конституциясига киритилган тузатишлар катта амалий ва долзарб аҳамият касб этади. Улар давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг мустаҳкамланишига, Президент – давлат бошлиғи, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлашга хизмат қилади.

Конституцияга киритилган тузатишлар ижро этувчи ҳокимият органлари, парламент палаталари ва маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни, уларнинг фаолият кўрсатиши ва ўзаро ҳамкорлигининг янги, замонавий талабларга жавоб берадиган ташкилий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш орқали энг аввло фуқаролар манфаатининг устунлиги таъминланади, марказий ижро органлари тузилмалари вазифалари аниқ белгиланади, уларни бошқариш, тартибга солиш ва тақсимлаш борасидаги ваколатлари, хўжалик тузилмалари фаолиятига ортиқча аралашувига барҳам берилди. Бу бозор тамойилларига жавоб бериб, иқтисоднинг ривожланишига олиб келади ва фаровон турмушни таъминлайди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштирмасдан фуқаролик жамиятини шакллантириш, аксинча фуқаролик институтларини ривожлантирмай давлат ҳокимияти ва бошқаруви демократлаштириш мумкин эмас. Бу икки масала бир – бири билан боғлиқ, уларни бир – бирисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Жасур Сирожев, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси