Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш соҳасида адлия органларининг фаолияти

Дата: 13.11.2015    

Маълумки, сўнгги йилларда мамлкатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мустаҳкамлаш ва янада қўллаб-қувватлаш соҳасига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши давлатнинг иқтисодий барқарор бўлишига ҳамда халқ фаровонлиги ва турмуш тарзининг ошиб боришига хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш жоизки, тадбиркорлик фаолиятининг асосини шартномавий муносабатлар ташкил этади. Сабаби, ҳар бир тадбиркор ҳар қандай муносабатга албатта шартномалар орқали киришадилар.

Бунда шартнома эркин бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминловчи ягона восита ҳисобланади.

Айнан тузилган шартномаларнинг ижросини таъминлаш ва ҳуқуқий механизмини белгилаш мақсадида илк мустақиллик йиллариданоқ ушбу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши таъминланди.

Бундай қонун ҳужжатлари қаторига Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, Фуқаролик кодексини, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунни ва бошқа бир қатор Ҳукумат қарорлари, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритиш мумкин.

Ушбу ҳужжатларда шартнома тушунчаси, тарафлар ўртасида шартномалар тузилиши ва бажарилиши, мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини тартибга солишга оид ҳамда бошқа асосий қоидалар белгилаб берилди.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда давлат органларининг асосий вазифалари ҳам назарда тутилди.

Жумладан, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шартномаларини, шунингдек контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш ишларини мувофиқлаштириб боради;

хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартнома муносабатларини ривожлантириш учун шароит яратиш чора-тадбирларини кўради.

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида:

хўжалик шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатади;

хўжалик шартномалари ҳамда уларни бажаришнинг аҳволи тўғрисидаги статистика маълумотларини умумлаштиради;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда хўжалик шартномаларининг бажарилиш жараёнини назорат қилиб туради;

хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматларининг ишини ташкил этишга, юридик маслаҳатчиларнинг малакасини оширишга кўмаклашади;

хўжалик шартномасини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнида қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилганлиги факти аниқланган тақдирда, айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўяди.

Юқоридагилар билан бирга, Қонуннинг 23-моддасида адлия органлари хўжалик юритувчи субъектларга шартнома мажбуриятларини тузиш ва бажариш чоғида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши, шунингдек ўз ваколатлари доирасида хўжалик шартномаларининг бажарилиш жараёнини назорат қилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон Қарори билан тасдиқланган Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга асосан, адлия органлари шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш соҳасида:

хўжалик юритувчи субъектларга шартномаларни, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасидаги хўжалик шартномаларини тузишда ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

хўжалик юритувчи субъектлар, энг аввало, уларнинг мансабдор шахсларини шартнома интизомини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар қўлланиши устидан назорат олиб боради;

хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг шартнома интизомига риоя қилиши бўйича масъулиятини ошириш юзасидан иш олиб боради;

қишлоқ хўжалигида шартномалар тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунчиликка риоя қилиши устидан назорат олиб боради.

Мазкур вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида адлия органлари томонидан жойларда доимий равишда хўжалик юритувчи субъектларга шартномалар тузилиши ва бажарилишида зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Хусусан, биргина 2015 йилнинг 9 ойи давомида хўжалик юритувчи субъектларга тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан 513 мингдан зиёд шартномалар тузилишида зарур ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шундан, давлатга пахта хом ашёси сотиш бўйича 41 мингга яқин, бошоқли дон сотиш бўйича 48 мингдан ортиқ, пилла харид қилиш бўйича 47 мингдан зиёд, мева-сабзавот, полиз, картошка ва узум маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 53 мингдан зиёд, минерал ўғит ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 94 мингдан ортиқ, агротехник хизматлар кўрсатиш бўйича 43 мингга яқин ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш бўйича 174 мингга яқин шартномаларни ташкил этади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда, ҳар йили 10 тадан зиёд намунавий шартнома лойиҳалари амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда тарафларнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, тузиш учун тавсия этилади.

Бундан ташқари, шартномавий интизомни мустаҳкамлаш ва шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича мониторинг юритилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда.

Хусусан, бу борада тегишли назорат олиб борилиши натижасида шартномалар тузилиши бўйича 317 мингга яқин, шартномалар бажарилиши бўйича 105,7 мингта қонун бузилиши ҳолатлари, хато ва камчиликлар аниқланди.

Мазкур қонун бузилишлар, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат органларига 5,8 мингдан ортиқ огоҳнома ва тақдимнома киритилди.

Кўрилган таъсир чоралари натижасида 18 мингта шартномалар қайта туздирилиб, давлат органларининг 119 та қарорлари ҳамда ҳужжатлари бекор қилинди.

Шунингдек, 1.319 нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан 59 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Масалан, Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан Жиззах туман ободонлаштириш бошқармаси фаолияти ўрганилиши давомида мансабдор шахслар томонидан шартномаларни бажарилишида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2015 йил 27 августда киритилган тақдимномага асосан бошқарманинг бўлим бошлиғи Д.Алимова эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шу билан бирга, айбдор мансабдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан тегишли идораларга 263 та таклифлар киритилди.

Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектларга шартномавий мажбуриятлар бажарилмаслиги оқибатида етказилган зарарларни ундириб бериш соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Хусусан, судларга 85,6 млрд. сўмлик 9,2 мингта даъво аризалари киритилиб, шундан 50,6 млрд. сўмлик 6,9 мингтаси қаноатлантирилди. Қолган даъво аризалари судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, мунтазам равишда фермер хўжаликларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, фермерларнинг манфаатини кўзлаб давлат органларига 1.532 та тақдимнома ва огоҳнома киритилиши натижасида 81 млрд. сўм пул маблағлари фермерларга тўлаб берилди.

Шунингдек, судларга киритилган 57,6 млрд. сўмлик 6,3 мингта даъво аризаларининг 30,5 млрд. сўмлик 4,4 мингтаси қаноатлантирилди. Қолган даъво аризалари судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Масалан, Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2015 йил 11 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан вилоят адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, “Қўшработ Агротехсервис” МЧЖдан 19,3 млн. сўм ижара ҳақини “Муниса Мавсума орзулари” фермер хўжалиги фойдасига ундириб берилди.

Юқорида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, адлия органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, уларни такомиллаштириш, фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан асослантирилган таклифлар доимий равишда ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, тарафлар ўртасида тузиладиган ҳар бир хўжалик шартномаси тўлиқ бажарилиши тарафларнинг, яъни хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий барқарор фаолият юритишини таъминлайди.

А.Сарабеков, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи