Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Энг шариф зот устоздир Унга таъзим миллатга ва Ватанга таъзимдир

Дата: 17.11.2015    

Халқимизнинг қадимий таомили шуки, ҳар бир ота-она боласи мактаб ёшига етганда, фарзандини хат-саводли қилиш ташвишига тушади. Устозлар ҳам болага шунчаки илм ва тарбия бермаганлар. Балки шогирдни камолга етказиш масаласига бурч даражасида қараганлар. “Одам яратилгандан сўнг унинг туганмас бахти илм ва маърифатда бўлади”, деб ёзади Аҳмад Дониш.

Аслида устознинг мартабаси отанинг мавқеи билан баробар қўйилиши шундан. “Комиллик тушунчаси барча фалсафий оқимларда деярли бир хил: боланинг чуқур билим олиши ва унинг ибратли хулқ билан зийнатланишида деб тушунганлар. Зотан, ер — ҳаёт оламининг мадрасаси, унда коинот дарси ўргатилади. Чунки ерда ҳар нарсанинг ҳақи­қатини оча оладиган инсон яшайди”, деб ёзади мутафаккирлардан бири ўз асарида. Бинобарин, Арис­тотель айтганидек, “муаллим ўз шогирдини ўзидан-да билимли ва устун қилиб тарбиялашни мақсад қилар экан, унинг қай даражада юксалиши муаллимнинг салоҳияти қанчалик баланд эканига боғлиқ бўлади”.

Мана шу масала малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг мунтазам равишда малакасини ошириб боришнинг бош мезони бўлган. Хусусан, бугун ҳам “...мактаб таълимида ўқитувчи шахси — марказий ўқ вазифасини ўтайди”, деб таъкидлайди Юртбошимиз. Зотан, таълим-тарбия билан боғлиқ барча жараёнлар унинг теграсида кечади. Унутмаслик жоизки, ўқитувчи ўзи сабоқ бераётган, тарбиялаётган ўғил-қизлар учун илмий етуклик, ахлоқий баркамоллик мезони сифатида намоён бўлади. Умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги, ўқувчини ўқитувчи шахсига итоат ипи билан боғлайди. Бинобарин, у муаллимга ҳурмат кўзи билан қарайди. Диққат билан дарсини тинг­лайди, сўзини бўлмайди — маслаҳатларига қулоқ солади. Инсон умрининг илк давр­ларида юриш-туришда ҳам, муомала-муносабатда ҳам муаллимига тақлид қилади. Бу эса, мутафаккир инсонларнинг қайд қилишларича, ўқитувчи-мураббийдан дунёқараши, ахлоқий қарашлари, эътиқоди, хулқ-атвори, ҳис-туйғулари, хатти-ҳаракатлари муаттар ва теварак-атроф воқеаларига нисбатан ўз муносабати бўлишини талаб этади. Зеро, бу талаблар ўқитувчи билан ўқувчи орасидаги алоқани мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Гоҳида биз айрим масалаларда, жумладан, боланинг энг кичик ютуғини ҳам катта қувонч билан қаршилаш, унинг умидларини ўстириш, унда ўзига нисбатан ишонч ҳиссини мустаҳкамлаш борасида, фалон халқда фалон одатлар мавжудлиги ҳақида гапирамиз. Ваҳоланки, тарбиянинг мукаммал усули бизда қадимдан мавжуд бўлган. Мураббий-устозлар азалдан шогирдига ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Унинг хатти-ҳаракатлари, ўй-фикрларига доимий эътибор беришган. Уни шахс сифатида юксалтирадиган сифатлари қўллаб-қувватланган — керагида муносиб рағбатлантирилган. Бу эса боланинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаган, янгидан-янги натижалар сари ундаган.

Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) таҳсил олган бир дўстим, профессор Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг ўзига хос дарс ўтиш усуллари ҳақида гапириб берганди. Устоз аудиторияга кирганда тинг­ловчиларига: “Мен сизларга дарс ўтиш жараёнида, ниманидир ўргатиш баробарида, ўзим ҳам сизлардан кўп нарса ўрганаман”, дер эканлар. Бундай сўзлардан талабалар руҳланиб кетишар, кўпроқ нарса ўқишга, маш­ғулотларга алоҳида тайёргарлик билан келишга ҳаракат қилишар экан. Бу каби тажриба мактаблари авлоддан-авлодга ўтиб келгани, ҳо­зирда ҳам мавжуд экани қувонарли ҳол албатта.

Сирасини айтганда, ота-она ҳам — устоз мақомидаги зотлар ҳисобланади. Улар ҳам болаларига эзгулик фанидан дарс ўтадилар, илмли, одобли бўлишларини истайдилар. Бироқ ўқитувчининг улардан фарқ­ли бир жиҳати бор. Дейлик, уйда катталар болаларига талаб қўйганларида уларнинг ёш жиҳатига жиддий аҳамият бермайдилар. Учинчи синф ўқувчисига ҳам битирувчи синфда ўқийдиган фарзандларига қўйган талаб билан ёндашадилар. Тадрижийлик тамойиллари бунда эътибордан бироз четда қолади. Ўқитувчи эса ҳар бир боланинг ёшига, тайёргарлик даражасига, унинг лаёқатига қараб муносабатда бўлади. Бор маҳоратини ишга солиб, билимини, меҳрини берган ўқувчисини у бир умр шогирди мақомида кўради. Қаерда бўлмасин собиқ ўқувчисининг муваффақиятларидан қувонади, унга янада баркамоллик тилаб яшайди. Шунинг учун Навоий ҳазратлари: — “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидир, агар устоз рози — Тангри розидур!” — деб, устозлар шаънига мақтов сатрлар битган.

Таълимда замонавий ахборот технологиялари кенг қўлланила бошланди. Ўқи­тувчилар маъруза матнларини ўқув-қўлланмалари тарзида чоп эттириш, кўпнинг эътирофига сазовор бўлган тажрибаларини оммалаштириш имконига эга бўлдилар. Мураббий-устозлар ўртасида эркин рақобат майдони вужудга келди. Энг асосийси, улар энди аввалгидек шунчаки хат-саводли ўғил-қизларни тарбиялашга эмас, балки ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга бурчли эканликларини — шу жиҳатдан, жамият олдида масъул эканликларини ҳис қила бошладилар. Мана шу масъулият мактабни иморатлар ичида энг мўътабари, ўқитувчиликни касбларнинг орасида энг шарафлиси дейишга асос бўлди.

Минг афсуски, ушбу мўъ­табар иморатда фаолият юритиб, шарафли касб эгаси мақомига сазовор бўлганлар орасида ушбу номга тўлиқ муносиб эмаслари ҳам учраб туради. Бирор-бир хорижий тилни чуқурроқ билиш билан ёш­ларни, талабаларни баркамол қилиб тарбиялаб бўлмайди. Муайян фанларни чуқур ўргатиш, хорижий тилни мукаммал ўқитиш баробарида, ёшларимизни миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб, янада бо­йи­тишга, ота-она, маҳалла-кўй, жамият ва давлат олдидаги масъулиятини теран ҳис этишга ундаш, уларда ватанпарварлик ҳиссини шакллантириш, жисмонан ва маънан соғлом қилиб тар­бия­лаш таълим-тарбиянинг асосий омилларидандир. Замонамизнинг мураббий-устозлар олдига қўяётган 
асосий талаби ҳам шу аслида. Юқо­рида қайд этилгани каби ўз касбига бирёқлама ён­дашадиган инсонлар нафақат ўзларига, балки юриш-туриш, таълим-тарбиядаги ноқислиги билан ўзлари таълим бераётган ёш авлодга, унинг баркамол тарбиясига ҳам салбий таъсир ўтказади. Бундай салбий таъсирлар жамланиши оқи­батида жамиятимиз, давлатимиз, халқимизнинг тинч­лик-тотувлик, фаровонлик, иқтисодий юксалиш каби кўплаб эзгуликлари олдида сунъий тўсиқлар юзага келиш хавфи туғилади. Бундай хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида ушбу шарафли, таъбир жоиз бўлса, ўта масъулиятли касб эгаларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласига жиддий эътибор бериш, уларнинг нафақат таълимда, балки тарбияда ҳам комил инсон эканликларига талабни кучайтириш лозим.

Худоёр Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи