Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Норма ижодкорлиги такомиллашмоқда

Дата: 24.11.2015    

Бугунги кунда, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида қонун ҳужжатларини қабул қилишга ваколатли давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига республика раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, Юртбошимиз ташаббуслари билан янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби янада кенг ёритиб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомда, Адлия вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

Барчамизга маълумки, ҳуқуқий экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент ва Ҳукумат қарорларига, шунингдек қонунчилик техникасига мувофиқлигини текширишга қаратилгандир.

Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш ҳисобланади.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органларинин норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада ривожлантириш учун, ушбу йўналишдаги мавжуд қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бинобарин, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 104-моддасига мувофиқ, Ҳоким ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради, ҳоким ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийлиги белгиланган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколати доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 22-моддасига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Шунга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ҳуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича жойларда ҳокимликлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган бўлиб, улар томонидан қабул қилинаётган қарор лойиҳаларининг ҳудудий адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш механизми йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тайёрланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама мукаммаллиги, юридик техника жиҳатдан тўғри расмийлаштирилганлиги ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг самарадорлигини таъминлаши ҳеч биримизга сир эмас.

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарор лойиҳалари сифатини янада ошириш, қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда дастуруламал бўлиб хизмат қилувчи Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2420, 2013 йил 1 февраль) (кейинги ўринларда Йўриқнома деб юритилади) ишлаб чиқилиб, барча маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эътиборига етказилди.

Мазкур Йўриқнома қабул қилингунига қадар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарор лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳудудий адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида аниқ бир ҳужжатнинг йўқлиги бир қатор муаммоларни келтириб чиқарар эди.

Ушбу Йўриқномада нафақат маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарор лойиҳаларини тайёрлаш ёки юридик-техник расмийлаштириш, балки тайёрланажак қарор лойиҳаси янада сифатли бўлиши мақсадида уни манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиш тартиби ҳам белгилаб берилди ва бу бўйича алоҳида янги боб киритилганлиги аҳамиятлидир.

Бундан ташқари, Йўриқноманинг 6-бандига кўра, Лойиҳада ҳатто битта умуммажбурий хусусиятга эга ҳуқуқий норма ўрнатилган бўлса, бундай лойиҳа албатта адлия бошқармаларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгиланган.

Шу билан бирга Йўриқномада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарорлари лойиҳаларини ҳудудий адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда, лойиҳанинг нафақат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги, уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлили амалга оширилади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги Низомга (рўйхат рақами 1856, 2008 йил 10 сентябрь) асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг давлат ҳисоби Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан юритилади.

Низомнинг 7-бандига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларининг матнлари, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига уларни қабул қилган органлар томонидан қабул қилинган кундан бошлаб уч кун ичида қоғоз ва электрон шаклларда юборилади.

Давлат ҳисобига қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Адлия вазирлигида ва адлия бошқармаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг фондлари ташкил этилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Шунга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мазкур органларнинг расмий нашрларида эълон қилиниши керак ва бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари малакали ходимлари томонидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилиниши ёҳуд давлат ҳисобига олиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишига, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказиши билан бир қаторда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида қарама-қаршилик ва турли зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги бўйича масъул ходимлари иштирокида бир неча маротаба ўқув семинарлари ўтказилиб тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Адлия вазирлиги ва унинг худудий бошқармалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида ҳам услубий, ҳам амалий раҳбарлик амалга оширилиб, уларнинг норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштирилишида ўз хиссасини қўшиб келмоқда.

А.Кадиров, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси