Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қучоғи гулларга тўлган аёл

Дата: 24.11.2015    

Инсон ҳаётда бир марта яшайди. Агар одамзод дунёда икки марта яшаганида эди у донишмандона умр кечирган бўларди. Чунки олдинги яшаган ҳаётидан олган сабоқлари унга шундай умргузаронликни тортиқ қилиши турган гап. Афсуски, умр бир марта берилади. Ана шу умри давомида оқил инсонлар ўзидан яхши ном қолдиради: одобли фарзандлар, зукко шогирдлар, гўзал боғ-роғлар, умрбоқий китоблар ва яхши сўзлар умри безагига айланади. Бир сўз билан айтганда, ях­ши инсон умр­бўйи хизмат қилган соҳасида ўз тажриба мактабини яратади. Шогирдлари уни кўрганда “фалончи опанинг ёки фалончи аканинг мактабини ўтаганмиз”, дейди. Тамара Тиллаева ҳуқуқшунослик соҳасида ана шундай ўзига хос тажрибага эга инсон.

1972-1977 йиллари Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) талабаси бўлди. Сўнг илк фаолиятини 1977 йил Ўзбекистон Республикаси Олий судининг катта консультантлик вазифасида бошлаган бу инсон катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. У ўз умрини гулларга буркаб, фарзандлари камолини кўриб, шогирдлар ютуғидан ғурурланиб эл назаридан қолмай яшамоқда. Аслида инсон учун бунинг ўзи бахт.

1990 йил Тамара Тиллаевага ишонч билдирилиб, Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси вазифасига, сўнг туман суди раисининг ўринбосари, кейин эса шу туман судининг раиси лавозимига тайинланган.

Тамара Тиллаева судья бўлиш билан бирга оилада меҳрибон она эди. У она сифатида жиноятчиларнинг бегуноҳ турмуш ўртоғи ва уларнинг норасида гўдакларини ўйларди. Чунки ўша оғриқларни юрагидан ўтказа оладиган том маънодаги она эди.

Тамара опанинг катта салоҳияти, сермулоҳазалиги ва касб­га бўлган садоқати соҳада самарали хизмат қилишга замин яратди.

У ўзининг бу фазилатини ёш шогирдларига ҳам сингдиришга ҳаракат қилади. Шогирдларини шижоатли, жасур ва бир сўзли бўлишга ундади. Бунда у ўз иши, фикри билан уларга намуна бўлди. Шу туфайли байрам ва туғилган кунларда у кишининг қучоқлари доимо гулга тўлади.

— Тамара опанинг гўзал хислатлари кўп дейди, — у кишининг шогирдларидан бири Ангрен шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Умида Эргашева. — Устозимиз яхши ҳуқуқшунос бўлиб қолмай санъат ва адабиётнинг ҳам шайдоси. Опа ана шундай фазилатлари билан ҳам ҳар қандай санъаткор ва ёзувчи билан соатлаб суҳбатлашиши мумкин.

Аслида гўзалликка интилган қалб маънан гўзал бўлади. Гўзал қалбда ижодкорлик туғ­ёни жўш уради. Тамара опада ана шу фазилат ҳам бор. Шу боис унинг ҳуқуқшуносликка оид, ижтимоий-сиёсий ва “оммавий маданият”га қарши кураш ҳа­қидаги кўплаб мақолалари республикамиз ОАВларида чоп этиб келинмоқда.

Бугунги кунда республикамизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларида Тамара опанинг шогирдларини учратасиз. Узоқ йиллар Адлия вазирлигининг Ҳуқу­қий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлади. Ҳалол меҳнати, камтарлиги, ташаббускорлиги ва қатъиятлилиги билан эътиборга сазовор бўлди.

Яқинда Адлия вазирлиги жамоаси Тамара Тиллаевани қутлуғ ёши билан табриклаб шундай дея табрик йўллади:

“Ҳуқуқшунослар ва ҳамкасбларингизнинг камтар ҳамда талабчан раҳбар, устозларингизнинг сермулоҳазали, изланувчан шогирд сифатида таърифлашларида ҳам бевосита юртни севиш, касбни ардоқлашга бўлган меҳнатингиз намоён бўлади.

Бугун меҳнатингиз қадрланган ва эътироф этилган дамда қутлуғ ёшингиз билан яна бир бор табриклар эканмиз, Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, хонадонингизга файзу барака тилаймиз”.

Биз ҳам ана шу тилакларга қўшиламиз. Қучоғингиз доимо гулларга тўлиб, фарзандлар, неваралар ва шогирдлар ардоғида бўлинг, деймиз.

Эрмуҳаммад Шерматов, Адлия вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси