Ислоҳотлар мақсадимиз пиллапояси
Дата: 03.12.2015
Юртбошимиз айтганларидек, мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат.
Суд ҳокимияти ўзининг бир қанча муҳим белгилари билан давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ажралиб туради. Шу белгиларни ҳисобга олганда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа механизмларга нисбатан афзалликлари, шак-шубҳасиз, жуда муҳимдир.
Айнан ушбу даврда кассация инстанцияси ислоҳ қилиниб, суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Бу ўзгаришга мувофиқ апелляция инстанцияси ишни янгитдан кўришга юбормасдан, уни ўзи тўла ҳажмда кўриб чиқади.
Бу ўзгаришлар давомида хўжалик судлари шакллантирилиб, эндиликда иқтисодиёт соҳасидаги низоларни ҳал этувчи мустақил судга айланди.
Ўзбекистон Републикаси хўжалик судлари тузилмаси 1992 йилдан, Республика мустақилликка эришганидан, демократик жамият қуриш зарурати тан олинганидан кейин шаклланди.
Хўжалик суди ташкил этилганига қадар корхоналар, ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий низолар ҳакамлик органлари томонидан ҳал қилинар эди.
Дастлаб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш тамойилларини янада демократлаштириш, шунингдек судьяликка номзод бўлган шахслар бўйича ва судьянинг ваколатларини илгари тугатиш бўйича тегишли таклифлар киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 30 июлдаги Ф-1038-сон Фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни тайинлаш ва лавозимларидан озод этиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 4 майдаги Фармони билан Судьяларни тайинлаш ва лавозимларидан озод этиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига ўзгартирилди.
Ўзбекистон Републикаси Президентининг Ўзбекистон Републикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” деб номланган маърузасида мамлакатимизни демократик янгиланишнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири бўлган қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришнинг ҳал қилувчи вазифаси бўлиб келаётганлиги хусусида тўхталиб ўтилди.
Президентимизнинг ушбу маърузаси мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатлари бешинчи босқичининг асоси бўлди.
Олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштиришдан мақсад судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, тайёрлаш тизимини, ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини янада таъминлаш, Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштиришдан иборат.
Бугун Ўзбекистон Республикасида ислоҳотлар, бозор иқтисодиётининг мустаҳкам асосларини яратиш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида комил ишонч билан бораётган бир вақтда корхона, муассаса, ташкилотлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини муҳофаза қилишнинг кафолати сифатида хўжалик судларининг роли ошиб бормоқда.
Ислоҳотларнинг амалга оширилишининг босқичларида хўжалик судларининг тизими, хўжалик суди судловини юритиш жараёни доимий такомиллашиб бормоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари туфайли ижобий натижаларга эришилмоқда. Шунингдек, бу соҳада ҳали бажарилиши лозим бўлган галдаги вазифалар, хусусан фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқини кучайтириш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳалима Сойибова, Ромитан туман 2-сон ДНИ нотариуси