Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Жамоа шартномаси – ходим манфаатлари гарови

Дата: 16.12.2015    

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар кимнинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари устувор меҳнат ҳуқуқий принцип сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқларининг амалга оширилиши меҳнат қонунчилигида ўз аксини топган ҳуқуқий механизмлар воситасида таъминланади. Мазкур ҳуқуқий механизмлар орасида меҳнат шартномасининг тузилиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ муносабатлар билан биргаликда жамоа шартномаси ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг меҳнат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқининг таъминланиши нафақат меҳнат шартномасини тузиш ёки ўзгартириш ҳамда шу асосда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш орқали, балки ҳар бир корхона, ташкилотда тузиладиган жамоа шартномасини аниқ ва тўлиқ тарзда ҳуқуқий тартибга солиш билан ҳам кафолатланади.

Инсон ҳуқуқлари – oдaмлaрнинг инсонийлик шону шaрaфигa мунoсиб тaрздa яшaши вa фaoлият oлиб бoриши учун лoзим бўлaдигaн ҳaқ-ҳуқуқлaр мaжмуини ифoдa этaдигaн тушунчa бўлиб, бу ҳуқуқлaр тaбиий ҳуқуқлaр вa дaвлaт тoмoнидaн қoнуний aсoсдa кaфoлaтлaнгaн ҳуқуқлaргa бўлинaди.

Давлат томонидан қонуний асосда кафолатланган ҳуқуқлардан бири бу жамоа шартномасидир.

Жамоа шартномаси қандай ҳужжат? Ундаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар нималардан иборат? Жамоа шартномасида белгиланган ҳуқуқий жавобгарликлар қандай?

Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий – иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Корхона ва ташкилотларда ходимлар учун меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларининг белгиланишида жамоа шартномаси етакчи ўринда туради, чунки ундаги меҳнатга оид ва касбга оид шартлар ходимларга тааллуқли бўлган барча масалаларни ўз ичига қамраб олади.

Жамоа шартномаси барча ходимларга, шу жумладан шартнома кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам тадбиқ этилади.

Жамоа шартномасида касаба уюшмасига аъзо бўлиш тартиби, тарафларнинг ҳуқуқлари, иш берувчининг мажбуриятлари, касаба уюшмаси қўмитасининг мажбуриятлари, ходимларнинг мажбуриятлари, иш ҳақи, меҳнатни рағбатлантириш ва компенсация тўлаш тартиби, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат низоларини ҳал этиш, шартнома шартлари бажарилишини назорат қилиш ҳамда касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш тартиблари акс эттирилади.

Қисқача қилиб айтганда, жамоа шартномаси иш берувчи билан ходимлар жамоаси ўртасида ижтимоий шерикчиликни амалга ошириш, ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлган ҳамкорликни йўлга қўйиш воситаси бўлиб хизмат қилади.

Жумладан, жамоа шартномасида:

уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланиши;

иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида Меҳнат кодекси 2281-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланиши;

Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши;

ходимлар учун асосий таътилнинг давом этиш вақти 24 иш куни, хизмат кўрсатувчи ишчилар учун эса 18 иш куни ҳажмида белгиланиши;

йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши;

ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш нақд пулда ва банк пластик карточкаларига пул ўтказиб бериш йўли билан амалга оширилиши;

ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ миқдори штатлар жадвалига мувофиқ иш берувчи томонидан белгиланиши;

дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб қилинган ходимларга уларнинг ҳохишига қараб, бошқа дам олиш куни берилиши ва бошқа шунга ўхшаш иш ҳақи, меҳнатни рағбатлантириш ва компенсация тўлаш тартиблари белгиланишини назарда тутилади.

Жамоа шартномасини бажармаганлик учун қонун ҳужжатларига кўра, иш берувчи ва унинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқий жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолининг моддий фаровонлигини юксалтириш масалалари бевосита меҳнат муносабатлари билан узвий боғлиқдир. Чунки жамиятнинг иқтисодий асослари ҳам, фуқароларнинг моддий таъминланган ҳолати ҳам аҳолининг иш билан бандлик даражасига бориб тақалади. Бунда эса жамоа шартномаси алоҳида ўринга эга.

Шохжахон Эргашев, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси