Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ННТларнинг ўрни ва роли

Дата: 18.12.2015    

Фуқаролик жамияти бу – жамоатчилик тизими бўлиб, ўзини-ўзи бошқаришга асосланган жамият тушунилади. Демократик жамиятнинг муҳим тамойили ҳам мамлакат ҳудудида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши билан белгиланади.

Давлатимиз мустақилликка эришгандан ҳозирги кунгача бўлган қисқа давр ичида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча қонунлар, Президент қарорлари ва фармонлари ҳамда ҳукумат қарорларининг қабул қилиниши улар тизимини шакллантириш ва ривожлантиришда кенг йўл очиб бериб, ислоҳотларда, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятнинг бошқа соҳаларида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам кафолат мезонларини шакллантирди.

Асосий қомусимиз, яъни Конституциянинг 58-моддасига асосан давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Бу ҳуқуқий асослар ва механизмлар адлия органларида рўйхатдан ўтган ҳамда фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонининг янада ортиб боришига, уларнинг бугунги кунга келиб 8200 дан ошишига замин яратди.

Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотлар эса ўз навбатида бугун мамлакатимиздаги давлат органлари билан бир қаторда давлат ва жамият ҳаётидаги ҳар қандай соҳада фаол иштирок этиб келмоқда, дeмокрaтик қaдриятлaр, инсон ҳуқуқ вa эркинликлaри ҳaмдa қонуний мaнфaaтлaрини ҳимоя қилишнинг муҳим омилигa aйлaнмоқдa.

Шу билан бирга улар, инсонлар онгида Ватан тараққиёти ва истиқболига дахлдорлик туйғусини янада кучайтириш, улaрнинг ижтимоий, социaл-иқтисодий фaоллиги вa ҳуқуқий мaдaниятини оширишда кўмaклaшмоқдa.

Хусусан, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ҳуқуқбузарлик профилактикаси масалаларида аҳоли ўртасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, уларнинг мазкур жараёндаги ўрни ва роли жуда ҳам муҳим эканлигини гувоҳи бўламиз.

Чунки, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси барча томондан ҳамда кенг қамровда ташкил этилгандагина ўзининг самарасини беради. Бу эса мазкур жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа давлат тузилмалари билан бир даражадаги ҳамда кенг кўламдаги иштирокини талаб этади.

Хусусан, бу борада “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасаларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдамни кўрсатиш йўли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этиши мумкинлиги белгилаб ўтилган.

Ҳуқуқбузарлик профилактикаси доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан олиб бориладиган кенг кўламли фаолиятдан бири бу – ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳисобланади.

Чунки, ҳуқуқий жиҳатдан имкон қадар мукаммал билимларга эга бўлиш натижасида инсон ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари чегарасини аниқ билиши, ҳуқуқ ва мажбуриятини билган шахс уларни бузиш ҳуқуқий оқибатни юзага келтириши, мазкур ҳолатга нисбатан эса муқаррар чоралар, қонунчиликда кўрсатилган жазо чораларини келтириб чиқаришини тўлиқ англаб етишига олиб келади.

Демак, амалга оширилган ҳуқуқий тарғиботлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириши натижасида уларда ҳуқуқбузарликни содир қилишдан ўзини сақлаш рефлексларини шакллантиради десак муболаға бўлмайди.

Бу борада аксарият нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти”, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва бошқа бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича турли соҳаларда ҳуқуқий тарғиботлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳам доимий равишда шу каби ҳуқуқий тарғиботлар ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳуқуқбузарликлар ҳолатларидан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасалар тузиш, ушбу муассасаларда жабрланувчиларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик турдаги ёрдамлар кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилганлик ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин.

Ваҳоланки, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасида нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасалар тузиши, ихтисослаштирилган муассасалар ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур Қонуннинг 47-моддасига кўра эса давлат фаолияти ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий буюртмани жойлаштириш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар воситасида қўллаб-қувватлайди.

Хусусан, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамиятнинг турли соҳаларида иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил қилинган бўлиб, давлат томонидан мазкур фонд орқали нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти уларга давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериш, уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш орқали кенг кўламда қўллаб-қувватланмоқда.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш натижасида улар ўртасида турли хилдаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш соҳасида давлат ташкилотлари билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ҳаракати, бошқача қилиб айтганда, ижтимоий шериклиги айнан жамиятда фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий, диний келиб чиқиши, миллатидан ва жинсидан қатъий назар ўзаро ҳамкорлиги давлатнинг тинч-тотувлик ва барқарорлик асосида янада ривожланишига хизмат қилади.

Х.Кличев,  Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси етакчи маслаҳатчиси