Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ижтимоий, маънавий муҳитни янада соғломлаштиришда диний ташкилотларнинг ўрни

Дата: 28.12.2015    

Кейинги йилларда терроризмнинг глобал хавфсизликка ва миллатлараро дўстликка қарши йўналтирилган жиддий таҳдидга айланаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан, турли бузғунчи жамоалар мингйиллик қардош халқлар орасига раҳна солиб, уруш оловини ёқмоқда. Халқлар орасига адоват уруғини сочиб фитна-фасод мевасини кутаётганлар борлиги бизни янада ҳушёрроқ бўлишга чорлайди.

Инсоннинг мазмунли яшаб, яхши орзу-умидларга эришувида тинчлик ва хотиржамлик алоҳида ўрин тутади. Динлараро аҳиллик, тинч-тотувлик ва осойишталикни таъминлашда эса инсонлардаги бағрикенглик хусусияти муҳим омил саналади. Бағрикенглик бор жойда турли фитна-офатлар ва зиддиятлар келиб чиқмайди.

Халқимиз қадим-қадимдан бу олий ҳислат билан бошқаларга ибрат бўлган. Бунга кўплаб тарихий маълумотлар гувохлик беради.

Юртимизда яшаётган турли дин ва элат вакиллари ўртасида ҳар доим тотувлик ва бағрикенглик ҳукмрон бўлган. Айниқса, истиқлол йилларида эзгулик, тинчлик ва инсонпарварлик ғоялари юртимизда янада чуқур илдиз отмоқда. Бугун Ўзбекистонда бир юз қирққа яқин миллат ва элат, ўн олти конфессия вакиллари истиқомат қилмоқда. Динлараро бағрикенглик ҳар хил эътиқодга эга кишиларнинг бир замин, бир Ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Бугун Ватанимизда ҳукм сураётган бағрикенглик нафақат минтақада, балки бутун дунёда намунали ва ибратли эканини фахр билан таъкидлаймиз.

Ҳар йили юртимизда иситиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўз байрам ва диний тадбирларини эмин эркин ўтказишади. Бу борада уларга етарли шароитлар яратилган. Мамлакатимизда 16 та конфессия фаолият олиб боради. Диний ўқув юртларидан 9та мадраса, Тошкент ислом институти, провослав ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда. Юртимизда мустақиллик йилларда динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган Мусулмонлар Қурбон ва Рамазон ҳайитларини, христианлар Пасха ва Рождество, яҳудийлар эса Пейсах, Пурим ва Ханука байрамларини кўтаринки руҳда нишонлашлари учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча шароит ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Ҳозирга қадар юртимиз фуқароларидан 90 минг киши ҳаж ибодатини, 70 минг киши умра ибодатини амалга оширишга мушарраф бўлган бўлса, охирги бир неча йил мобайнида 1500 (Бир минг беш юз) яҳудий ва христианликка мансуб кишилар Исроил, Россия ва Греция мамлакатларида ўзларининг муқаддас зиёратларини амалга оширдилар. Имом Бухорий, Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб буюк аждодларимизнинг юбилейлари нишонланиб, мақбаралари қайта бунёд этилди.

Ўтган давр мобайнида бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган устувор тамойилларнинг нақадар тўғри эканлиги амалда ўз исботини топди. Тўла ишонч билан айтиш жоизки, инсон ҳуқуқлари олий қадрият, деб белгиланган қомусимизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Аммо инсониятни бугун ташвишга солиб турган бир нарса бор. У ҳам бўлса,динни ниқоб қилиб ҳунрезлик ғояларини олиб бораётган оқимлардир. Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл (ёки қилаётган иш)лари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.

Минг афсуски, XXI аср ҳам инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, ИШИД чиларнинг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.

«Ислом» ва «террор» сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради»(Нахл-91).

Шубҳасиз, бугунги оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраб турган «ислом терроризми» ҳақидаги даъволар, «яҳудий терроризми» ёки «христиан терроризми» тушунчалари каби нотўғри ва асоссиздир. Террорчи гуруҳларнинг авалламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда «террор» деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда «улкан гуноҳ», деб белгилаб қўйилган.Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради.

Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.

У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони Каримдаги: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор-у дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқланган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.

Пайғамбаримиз (с.а.в) даврида бўлган урушлардан бирида душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилгани У зотнинг жуда ҳам ғазаблантирган эди. Набий алайҳиссалом: «Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!», – деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эканлар. Демак, У зот ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилган.

Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Ояти Каримада «(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!» (Иброҳим, 42) деб таъкидланган.

Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки тузилмалар ғояларига мутаассибона ёндошиш оқибатида минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан тавсифлаш ўринлидир. Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётганларнинг фикрича, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларними? Усома ибн Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу бир жангда имон калимасини айтган одамни ўлимдан қўрққанидан қутулиб қолиш учун айтяпти, деган ўй билан ўлдирганида Пайғамбаримиз (с.а.в) жуда ҳам қаттиқ хафа бўлиб, унинг ҳаракатига қатъий эътироз билдирган эканлар. Сабаби, унинг гумон билан қилган даъвоси мутлақо асоссиз бўлган. Чунки, қалбнинг эгаси фақат ва фақат Аллоҳ бўлиб, исломда кишиларни айтган сўзларига эътибор қилиниши белгиланган.

Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!».

Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, Ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин кишига мўмин кишининг уч нарсаси ҳаром: моли, қони ва обрўси”, деб марҳамат қилганлар. Динимиз ҳаётдаги ҳар бир воқеликда ана шунга амал қилишни буюради. Қонунчилигимизда ҳам бунинг алоҳида кафолати бор: “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 27-модда).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...» (Моида, 32). Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бу ҳақда бундай дейилган: “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир” (24-модда).

Қуръони Каримда: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...” (Бақара, 256) дейилади. Яъни инсон хоҳлаган динига эътиқод қилишга ҳақлидир. Қонунчилигимизда эса: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» деб белгиланган (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 31-модда).

“Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун” тамойили илгари сурилган жамиятда яшаяпмиз, ўз ҳуқуқларимиздан фойдаланамиз, бурч ва мажбуриятларимизни тўла адо этамиз.

А.Алеветдинов, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи