Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Нотариат соҳасининг ҳуқуқий асоси

Дата: 04.01.2016    

Мамлакатимизда ҳуқуқий, демократик давлат қуришнинг асосий тамойилларидан бири бу – қонун устуворлигини таъминлашдир.

Мустақиллик йилларида Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, шу жумладан, нотариат соҳасини ривожлантириш ҳам мантиқий изчилликда босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Чунончи нотариат институтини янада такомиллаштириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Тузиладиган битимларнинг қонунийлигини таъминлашга ва низоли ҳолатларни келиб чиқишидан тарафларни ҳимоя қилишга қаратилган нотариат институти фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида нотариат фаолиятининг зарур норматив-ҳуқуқий базаси ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шакллантирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида нотариат – қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлик ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.

Нотариат институтини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги унинг ролини ошириш мақсадида Президент Фармонлари, қарорлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги 2010 йил 5 майдаги Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 июндаги “Давлат нотариал идоралари ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 22 декабрдаги 19-сон қарорлари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, қарор ва фармонларда кўрсатиб ўтилган вазифалардан келиб чиқиб, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтган йиллар давомида Бухоро ва Когон шаҳарларида, шунингдек, Қоракўл, Ғиждувон, Пешку ва Шофиркон туманларида давлат нотариал идоралари учун янги бинолар қурилди ва капитал таъмирланди.

Зеро, мамлакатимизда нотариат соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг амалиётда бир хилда ва тўғри талқин этилиши фуқароларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи идораларига ҳамда энг аввало, давлатга бўлган ишончининг янада ошишига олиб келади.

А.Баракаев, Бухоро шаҳар 6-сон ДНИ нотариуси