Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар

Дата: 05.01.2016    

Фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар — туғилиш, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш, ўлимнинг юзага келиши инсоннинг муҳим субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг юзага келиши, ўзгариши ва тўхтатишига сабаб бўлади. Фуқаролик ҳолатини қайд этиш эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат – гербли гувоҳноманинг берилиши учун асос бўлади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қандай тартибда бўлади ва унинг аҳамияти нимада?

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ва унга асосан берилган гувоҳнома унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи шаксиз далил ҳисобланади.

Фуқаронинг туғилиш фактини қайд этиш мазкур фуқарога нисбатан ҳуқуқ лаёқатининг вужудга келганлигини, унинг маълум ота-онадан туғилганлигини, фуқаронинг тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлганлигини, никоҳ ёшини, ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини, жиноий жавобгарликка тортилиш ёшини белгилаш учун зарурдир.

Бундан ташқари, ФҲДЁ органлари томонидан туғилиш фактларининг қайд этилиши бўйича ҳисоботлари статистик маълумотларни белгилашда асосий манба бўлиб хизмат қилади.

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома боланинг туғилганлигини, унинг ота-онаси ким эканлигини тасдиқловчи ягона ҳужжатдир.

Ўлим фактининг ФҲДЁ органларида қайд этилиши фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати бекор бўлганлигини тасдиқлайди. ФҲДЁ органлари томонидан ўлим ҳақида берилган гувоҳномага асосан мероснинг очилиш факти ва вақти аниқланади. Марҳумнинг қарамоғида бўлган вояга етмаган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга нисбатан ижтимоий таъминот органлари томонидан нафақа тайинланади. Эр-хотиндан бирининг вафот этиши оқибатида никоҳ тугайди. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 223-моддасида ўлим ФҲДЁ органларида қайд этилгандан кейингина марҳум дафн этилиши мумкинлиги белгиланган.

Фуқаролик ҳолати далолатномалари ўзининг ҳуқуқий табиати билан юридик факт ҳисобланганлиги учун у маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келишига ёки бекор бўлишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 18-моддасига асосан, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида оила ҳуқуқи нормалари билан белгиланган шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келади.

Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан никоҳдан ажралиш суд тартибида ёки ФҲДЁ органларида амалга оширилади. Эр-хотин ўртасида мулкий низолар, вояга етмаган фарзандлар бўлса, эр-хотиндан бирининг никоҳдан ажралиш истаги бўлса-ю, иккинчиси рози бўлмаса, никоҳдан ажралиш масаласи фуқаролик судида ҳал қилинади. Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин ажралишга ўзаро рози бўлсалар ва улар ўртасида мулкий низо бўлмаса, никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратилади. Никоҳдан ажралиш гувоҳномаси эр-хотин ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар тугалланганлигини тасдиқлайди.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Айрим ҳолларда фуқаролар томонидан ўзига тегишли гувоҳнома йўқотилади ёки гувоҳномадаги ёзув, муҳр ўқиб бўлмас ҳолатга, яъни яроқсиз ҳолга келганида қандай тартибда гувоҳномалар берилади?

Гувоҳнома йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келганида такрорий гувоҳнома олишни хоҳловчи шахс далолатнома ёзувларини қайд этган ФҲДЁ органига бевосита ўзи мурожаат этиши лозим. Агар ўзининг бориш имконияти бўлмаса, яшаб турган жойидаги ФҲДЁ органи орқали мурожаат этиши мумкин. Яшаш жойидаги ФҲДЁ органи орқали такрорий гувоҳнома бериш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этилганда, аризани қабул қилган ФҲДЁ органи уни далолатнома ёзувини қайд этган ФҲДЁ органига ижро учун жўнатади.

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар фуқаронинг ўзига, вояга етмаган болаларнинг такрорий гувоҳномалари эса уларнинг ота-онасига ёки ота-онанинг нотариал тартибда тасдиқланган ишончномаси орқали бошқа шахсларга, васийлари, ҳомийлари, болаларни ижтимоий ҳимоялаш муассасаси маъмуриятларининг аризалари бўйича берилади.

Ота-онаси бўлмаган тақдирда, вояга етмаган шахсларга ёки паспорт олишмаган шахсларга туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар ушбу шахснинг фотосурати ёпиштирилган, яшаш жойидаги фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки мазкур шахс таълим олаётган таълим муассасаси томонидан берилган маълумотнома асосида берилади.

Вафот этган шахсларга нисбатан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берилмайди. Зарур ҳолларда, вафот этган шахснинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма ёки маълумотнома берилади.

Ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар марҳумнинг яқин қариндошларига ва меросхўрларига берилади.

Никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома никоҳланган шахсларнинг ўзларига берилади.

Никоҳ тузилганлиги ҳақида далолатнома ёзувида никоҳдан ажралиш қайд этилганлиги ҳақида белги бўлган ҳолларда такрорий гувоҳнома берилмайди. Бунда аввалги никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви асосида маълумотнома берилади.

Такрорий гувоҳнома олиш учун мурожаат этган шахс ФҲДЁ органига шахсини тасдиқловчи ҳужжати – паспортини тақдим этиши лозим.

Такрорий гувоҳнома олиш тўғрисидаги аризада ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми, манзили, шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, гувоҳнома сўралаётган шахснинг фамилияси, исми, ота исми, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома сўралганда эса эр-хотиннинг фамилиялари, исмлари ва ота исмлари, далолатнома ёзуви қачон ва қайси ФҲДЁ органи томонидан қайд этилганлиги ва такрорий гувоҳнома қандай сабабга кўра талаб қилинаётганлиги кўрсатилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ФҲДЁ органларида қайд этилиши фақат манфаатдор шахс учун эмас, балки унинг оила аъзолари учун ҳам аҳамиятли бўлиб, фуқароларнинг жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

А.Сайфиев, Ғиждувон туман ФҲДЁ бўлими инспектори