Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиётининг мазмун-моҳияти

Дата: 13.01.2016    

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қонун ижодкорлигининг сифатини кескин ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумки, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг босқичма-босқич қурилишини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳозирги вақтда миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бунда қонун ҳужжатлари нормаларини замонавий турмуш ва жаҳон стандартларига мослаштириш ҳамда ривожланган мамлакатларнинг бу соҳадаги илғор ижобий тажрибасини ва ютуқларини жорий қилиш мақсадида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига, тўлиқ ёки қисман эскирган айрим нормаларни янгилашга, шунингдек вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги борасидаги фаолиятини янада жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ҳуқуқни қўллаш амалиётига алоҳида эътибор берилиши, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати яхшиланиши, уларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган механизмлар етишмаслиги, қонун лойиҳаларини давлат бошқарувининг ва фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида амалий жиҳатдан кенг муҳокама қилиниши, хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқий тажрибаси билан ҳар томонлама қиёсий таҳлил қилиш асосида мукаммал қонунлар қабул қилинишига эришилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан, 2015 йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиёти тасдиқланди.

Мазкур услубиёт қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қонун лойиҳсини ишлаб чиқилаётганда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш тартибини белгилайди.

Аввалом бор айтиб ўтиш жоизки, Конституциямизнинг 83-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қорақалпоғистон Республикасининг олий вакиллик органи, яъни Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди ва Бош прокурори (8 та субъект) эга ҳисобланади ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилиши кўрсатилган.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган жараёнда ўтказиладиган қиёсий таҳлилни амалга ошириш нафақат юқоридаги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига тааллуқли, балки қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган бошқа такшилотлар ҳам мазкур услубиётда назарда тутилган қоидалар билан қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган жараёнда ўтказиладиган қиёсий таҳлилни амалга ошириш тартиби тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтадиган бўлсак. Жумладан, қиёсий таҳлилни амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳужжатлар ўрганилади:

биринчиси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган прициплари ва нормалари – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, Европа Иттифоқи, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатлари;

иккинчиси, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари;

учинчиси, АҚШ, Канада, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Европа Иттифоқи мамлакатларининг, шу жумладан Буюк Британия, Германия, Франция, шунигдек Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги айрим мамлакатларининг (Россия, Козоғистон, Беларусь) қонун ҳужжатлари.

Қиёсий таҳлил ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасининг ҳар бир асосий қоидаси бўйича ўтказилади.

Қиёсий таҳлилга доир ишлар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

биринчиси, қўйилган вазифани аниқ-тиниқ англаб олиш ҳамда ўрганилаётган масалага оид ҳужжатларни тўплаш;

иккинчиси, миллий тажрибани ўрганиш ва умумлаштириш, миллий ҳуқуқий тартибга солишдаги бўшлиқлар ва муаммоларни аниқлаш;

учинчиси, халқаро ҳужжат ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари матнининг аниқлигини текшириш, шу жумладан киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда текшириш;

тўртинчиси, ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси қоидаларини халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамалакатлар қонун ҳужжатларининг нормалари билан қиёслаш;

бешинчиси, халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг принциплари, қоидалари ва мазмуннинг батафсил таҳлили баён этилган таҳлилий қиёсий жадвалини тайёрлаш;

олтинчиси, тайёрланган ҳужжатларни зарур бўлган ҳолларда манфаатдор ташкилотлар билан, шунингдек олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг кенг доирасини жалб этган ҳолда муҳокама қилиш.

Ишлаб чиқувчи қиёсий таҳлил ўтказилаётганида солиштирилаётган нормаларнинг ўхшашлигига ва фарқларига, шу жумладан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг предмети, воситалари ва усулларига, таққосланаётган ҳуқуқий тизимлар, ҳужжатлар ва бошқарларда фойдаланаётган юридик тушунчалар ва атамаларга эътибор қаратиши лозим. Бунда ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари нормаларининг айнан такрорланишидан қочиш лозим бўлади.

Қиёсий таҳлил натижалари халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича таҳлилий қиёсий жадвалда акс эттирилади.

Қонунчилигимизда қиёсий жадвал намунаси Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмаларнинг (2012 йил 9 апрель, рўйхат рақами 2352) 1а ва 1б иловаларида кўрсатилган.

Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича таҳлилий қиёсий жадвални тўлиқ ва тўғри расмийлаштириш мақсадида юқоридаги услубий кўрсатмаларга қиёсий таҳлилни ўтказиш намунасини киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Қиёсий жадвал тайёрланаётганида халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, тегишли халқаро тажрибанинг Ўзбекистон Республикаси шароитларида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар тадрижий тартибда кўрсатиб ўтилади.

Қиёсий таҳлил вақтида ўрганилган материалларнинг ҳажми ва мазмунини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларини ўрганиш якунлари бўйича таҳлилий маълумотнома ҳам тайёрланиши мумкин.

Халқаро шартнома матнини ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларини миллий қонун ҳужжатлари ёки қонун лойиҳаси матни билан ягона жадвалда қиёслаш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, қиёсий жадвалда ўрганилган нормаларнинг асосий моҳияти кўрсатиб ўтилади.

Бундан ташқари, маълумот сифатида шуни таъкидлаш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, Европа Иттифоқи, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг аксарият халқаро шартномаларини Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг www.lex.uz веб-сайти орқали топиш мумкин.

АҚШ, Канада, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Европа Иттифоқи мамлакатларининг, шу жумладан Буюк Британия, Германия, Франция, шунигдек Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги айрим мамлакатларининг (Россия, Қозоғистон, Беларусь) қонун ҳужжатларини қуйидаги веб-сайтлар орқали излаб топиш мумкин:

www.legislationline.org, www.eulaw.ru, www.legislation.gov.uk, www.japaneselawtranslation.jp, www.caselaw.findlaw.com, www.spinform.ru, www.pravo.gov.ru, www.consultant.ru, www.garant.ru, www.online.zakon.kz, www.pravo.by.

Умуман олганда, Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиётининг қабул қилинганлиги ўз ўрнида – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасида фаолият олиб борувчи барча ходимлар учун дастурий қўлланма бўлиб хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Даврон Қаландаров, Адлия вазирлигининг Жиноий, маъмурий  ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бошлиғи