Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Электрон мурожаатлар ва уларнинг кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари

Дата: 28.01.2016    

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Ушбу эътибор натижасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳияти ҳамда имкониятларини юзага чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Эътироф этиш керакки, мамлакатимизда фуқароларнинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳуқуқлари ҳимоясига йўналтирилган 120 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Қолаверса, республикамиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ етмишга яқин халқаро ҳужжатга қўшилган.

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўрин берилган. Хусусан, Конституциямизнинг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.

Бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, 2014 йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, мамлакатимизда демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаётимизга жорий этилаётган демократик ўзгариш ва ислоҳотларнинг амалий натижаларини намойиш этди.

Мазкур Қонунда электрон шаклдаги мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Хусусан, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан электрон ҳужжатнинг мажбурий реквизитларига электрон рақамли имзо, электрон ҳужжатни жўнатувчи юридик шахснинг номи ёки электрон ҳужжатни жўнатувчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили ва ҳужжат яратилган сана киритилиши белгиланди.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

Мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Айнан, электрон мурожаатлар соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидан бири “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг 2015 йил 9 декабрда тасдиқланиши муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу Қонуннинг вазифаларидан бири ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш этиб белгилаб қўйилди.

Қонун ҳужжатларида ёки электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг келишуви билан электрон ҳужжатнинг бошқа реквизитлари ҳам белгиланиши мумкин.

Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш маркази Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ҳисобланади. Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сентябрдаги 215-сон қарори билан тасидиқланди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатини бериш электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш маркази – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан амалга ошириш қоидаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 июлдаги “Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини янада тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 190-сон Қарори билан амалга киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, электрон шаклда мурожаат қилишнинг ҳуқуқий асосларининг яратилганлиги ва бу каби мурожаатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш натижасидан хабардор бўлиш бир мунча қулай бўлиб, ҳар қандай шахс электрон мурожаатини тегишли тармоққа уланиб исталган жойда ўз ариза, таклиф ва шикоятларини юбориши мумкин. Бунда ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлайди. Зеро, ҳар бир мурожаатнинг ваколатли органи томонидан ўз вақтида ва холисона ўрганилиши жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Алижон Қахрамонов, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи