Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳайдовчи ва пиёдаларнинг эҳтиёткорлигининг янги талаблари ҳукумат томонидан белгиланди

Дата: 08.02.2016    

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар орасида йўл ҳаракати хавфсизлиги иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу соҳада транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларининг такомиллаштирилаётгани фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш, инсон ҳаётини асрашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза этилишини, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки, шунингдек атроф муҳит ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 10 апрелдаги ЎРҚ–348-сон “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус ваколатли давлат органларининг ваколатлари белгилаб берилган.

Шу билан бирга, мазкур қоннуннинг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларидан бири бўлиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, ушбу ваколатлардан фойдаланилган ҳолда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Йўл ҳаракати қоидалари лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрда “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қорорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 10 апрелдаги ЎРҚ–348-сон “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг Йўл ҳаракати соҳасидаги талабларини тўлиқ амалга ошириш, жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги вақолатларини аниқ белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 10 апрелдаги ЎРҚ–348-сон “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларидан бири, шаҳарлардаги, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчаларнинг, йўлкаларнинг ҳамда йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларининг, шунингдек шаҳар электр транспорти йўлларининг жиҳозланиши ва соз ҳолатда сақланишини таъминлаш ҳисобланади.

Ушбу соҳада, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятларини мувофиқлаштириш, уларнинг норма ижодкорлиги фаолиятида тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф қилиш, қабул қилинажак қарор лойиҳаларида коррупцияни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлашда турли ҳил ёндашувлар мавжуд эди.

Эндиликда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрда 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-бандига мувофиқ, аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситаларига ҳаракатланиш тезлигини оширишга (тегишли йўл белгиларини ўрнатиб) ваколатлидир.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган пиёдаларнинг ҳам йўлдаги ҳаракатларининг тартиблари аниқ белгилаб берилди.

Жумладан қоидаларнинг 19-бандида ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, пиёдалар яқинлашиб келаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқишларига рухсат этилади. Шунингдек, улар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермасликлари, яқинлашиб келаётган транспорт воситаларининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, кўринишни чекловчи, тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмасликлари керак. Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видеомаҳсулотларни кўриш, радио-аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш, ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.

Фуқароларнинг хаёти ва соғли ҳамда уларнинг ҳавфсизлигини янада ҳимоя қилиш борасида аниқ талаблар белгилаб берилди.

Жумладан, қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ, конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситаси ҳаракатланиб бораётганда ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақиб олиши шарт.

Айни қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади: автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар (ушбу Қоидаларнинг 159-бандига мувофиқ); транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори; ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган бемор йўловчилар;орқага ҳаракатни амалга ошираётган ҳайдовчилар; аҳоли пунктларида ҳаракатланишда – йўналишли такси ҳайдовчилари, таксининг орқа ўриндиғидаги йўловчилар; аҳоли пунктларида ташқи қисмига махсус рангли график чизмалар чизилган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилари.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқаро томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрда 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг мазмун моҳияти ва ундаги талабларга қатъий риоя қилинса йўл транспорт ходисаларини содир этилиши камайишига олиб келади, бу эса ўз навбатида жамиятимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва соғлиги ҳамда моддий аҳволи сақланиб қолинишига олиб келади.

А.Кадиров, Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бош маслаҳатчиси