Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қонун лойиҳасини тайёрлашда хориж тажрибаси

Дата: 09.02.2016    

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қонун ижодкорлиги фаолиятини янада самарали амалга оширишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан қонун ижодкорлиги фаолиятида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан белгиланган вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Маълумки, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг босқичма-босқич қурилишини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳозирги даврда миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, ҳуқуқни қўллаш амалиётига алоҳида эътибор берилиши, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати яхшиланиши, қонун лойиҳаларини давлат бошқарувининг ва фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида амалий жиҳатдан кенг муҳокама қилиниши, хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқий тажрибаси билан ҳар томонлама қиёсий таҳлил қилиш асосида мукаммал қонунлар қабул қилинишига эришилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан 2015 йил 15 сентябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиёти тасдиқланди.

Мазкур услубиёт қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқилаётганда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш тартибини белгилайди.

Таъкидлаш жоиз, Конституциямизнинг 83-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қорақалпоғистон Республикаси ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суди, Олий суд, Олий хўжалик суд ва Бош прокурор (8 та субъект) эга ҳисобланади ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилиши кўрсатилган.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган жараёнда ўтказиладиган қиёсий таҳлилни амалга ошириш тартиби тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтадиган бўлсак. Жумладан, қиёсий таҳлилни амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳужжатлар ўрганилади:

биринчиси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатлари;

иккинчиси, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари;

учинчиси, АҚШ, Канада, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Европа Иттифоқи мамлакатларининг, шу жумладан, Буюк Британия, Германия, Франция, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги айрим мамлакатларининг (Россия, Козоғистон, Беларусь) қонун ҳужжатлари.

Қиёсий таҳлил ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасининг ҳар бир асосий қоидаси бўйича ўтказилади.

Қиёсий таҳлилга доир ишлар қу­йидаги тартибда амалга оширилади:

биринчиси, қўйилган вазифани аниқ англаб олиш ҳамда ўрганилаётган масалага оид ҳужжатларни тўплаш;

иккинчиси, миллий тажрибани ўрганиш ва умумлаштириш, миллий ҳуқуқий тартибга солишдаги бўшлиқлар ва муаммоларни аниқлаш;

учинчиси, халқаро ҳужжат ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари матнининг аниқлигини текшириш, шу жумладан, киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда текшириш;

тўртинчиси, ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси қоидаларини халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг нормалари билан қиёслаш;

бешинчиси, халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг принциплари, қоидалари ва мазмунининг батафсил таҳлили баён этилган таҳлилий қиёсий жадвалини тайёрлаш;

олтинчиси, тайёрланган ҳужжатларни зарур бўлган ҳолларда манфаатдор ташкилотлар билан, шунинг­дек, олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг кенг доирасини жалб этган ҳолда муҳокама қилиш.

Қиёсий таҳлил натижалари халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича таҳлилий қиёсий жадвалда акс эттирилади.

Қонунчилигимизда қиёсий жадвал намунаси Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмаларнинг (2012 йил 9 апрель, рўйхат рақами 2352) 1(а) ва 1(б) иловаларида кўрсатилган.

Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича таҳлилий қиёсий жадвални тўлиқ ва тўғри расмийлаштириш мақсадида юқоридаги услубий кўрсатмаларга қиёсий таҳлилни ўтказиш намунасини киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Қиёсий жадвал тайёрланаётганида халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, тегишли халқаро тажрибанинг Ўзбекис­тон Республикаси шароитларида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар тадрижий тартибда кўрсатиб ўтилади.

Умуман олганда, қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиётининг қабул қилинганлиги ўз ўрнида — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасида фаолият олиб борувчи барча ходимлар учун дастурий қўлланма бўлиб хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

Д.Қаландаров, Адлия вазирлиги масъул ходими