Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш тартиби

Дата: 17.02.2016    

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига кўра, нотариус жисмоний шахслар ўртасида, жисмоний шахслар ва юридик шахслар ўртасида ҳамда юридик шахслар ўртасида тузиладиган автомототранспорт воситаларини ва бошқа ўзиюрар машина ҳамда механизмларни, уларнинг номерли агрегат ва тиркама, ярим тиркамаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) ва бошқа турдаги битимларни тасдиқлайди.

Бундай битимларни тасдиқлашда ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ автомототранспорт воситалари билан боғлиқ олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента, ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган, «Давлат белгиси» ДИЧБда тайёрланадиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Бунда, бошқа шахсгаьбериш бўйича битимнинг биринчи нусхаси гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади.

Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди. Лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос қилиб олинган автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

 Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатламаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади, тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустасно. Тақиқ ва хатловнинг йўқлиги ҳақидаги маълумотларнинг амал қилиш муддати беш кундан иборат.

 Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар тасдиқлангунга қадар автомототранспорт воситалари автомототранспорт воситаси рўйхатга олинган ёки битим тасдиқланаётган жойдаги (сотиб олувчининг танловига кўра) ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши керак. Агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади. Штамп ўн кун мобайнида амал қилади.

 Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) битим матнида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

 - битимнинг номи, битим тасдиқланган жойнинг тўлиқ номи (вилоят, туман, шаҳар) ва тузилган санаси (йил, ой ва кун сўзлар билан ёзилади);

 - тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий рўйхатга олинган манзили, паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги;

 - битимда юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

 - автомототранспорт воситасининг русуми, ишлаб чиқарилган йили, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, агрегат рақамлари, қуввати (от кучи);

 - транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги;

 - автомототранспорт воситасининг тарафлар томонидан келишилган баҳоси;

 - автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;

- давлат божи қайси тараф томонидан тўланганлиги ҳақидаги маълумот;

 - битим неча нусхада тузилганлиги ва қайси рақамли гербли (махсус) бланкада (бланкаларда) расмийлаштирганлиги ҳақидаги маълумотлар.

 Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ва бошқа турдаги битимлар нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида ДЙҲХХ органларида рўйхатидан ўтказилиши керак. Бунда шартнома матнининг якуний қисмида ва тасдиқловчи ёзувда “Ушбу шартнома ИИВнинг тегишли ДЙҲХХ органларида ўн кун ичида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Мазкур талабни бажармаслик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади” деб ёзиб қўйилади.

 Битимнинг тасдиқловчи ёзувда гербли (махсус) бланканинг (бланкаларнинг) серияси, тартиб рақами ва ҳудудий коди кўрсатилиши лозим.

 Тарафларнинг ихтиёрига кўра шартномада қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

 Гербли (махсус) бланкадаги автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда герб йиғими ундирилади.

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш улар божхона органларида расмийлаштирилгандан ва ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади. Нотариус томонидан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битим тузилганлиги ҳақида белги қўйилиши зарур.

 ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтмаган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш тақиқланади.

 Нотариус автомототранспорт воситалари билан боғлиқ бўлган қонунга зид бўлмаган бошқа битимларни ҳам тасдиқлашлари мумкин.

У.Исмоилова, Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ котибаси