Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ўз вақтида қайд этишнинг аҳамияти ва роли

Дата: 18.02.2016    

Қонун фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашни ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар — туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва инсоннинг муҳим субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларнинг юзага келиши, ўзгариши ва тўхтатилишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатларнинг ваколатли органларда қайд этилишини белгилайди.

Фуқаролик ҳолатини қайд этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат (гербли гувоҳнома) бериш учун асос бўлади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг аҳамияти шундаки, унга асосан ФҲДЁ органи томонидан берилган гувоҳнома, унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома боланинг туғилганлигини, унинг ота-онаси ким эканлигини тасдиқловчи ягона ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 205-моддасига мувофиқ болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозим.

Белгиланган муддатнинг ўтиб кетиши туғилганлик ҳолатини қайд этилишига тўсқинлиқ қила олмайди.

“Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун қўшимча равишда туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза, боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ёки боланинг туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома, боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома, боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома, тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотномалар тақдим этилиши белгиланган.

Ўн олти ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш йўқолган далолатнома ёзувларини тиклаш тартиби ва қоидаларига кўра амалга оширилади.

Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби белгилаб берилган бўлиб, унга кўра никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Никоҳ тузиш ихтиёрий бўлиб, бунинг учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши, никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланиши белгиланган.

Никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома — бу никоҳдан ўтган шахсларнинг эр-хотинлигини тасдиқловчи ва улар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келганлигини ифодаловчи ҳужжатдир.

Мазкур кодекснинг 223-моддасида ўлимни қайд этиш тартиби белгиланган. Ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади.

Ўлим содир бўлганлиги ҳақидаги ариза ўлим содир бўлган куни ёки мурда топилгач, уч кундан кечиктирмай берилиши зарур.

Ўлимни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этмасдан марҳумни дафн қилиш таъқиқланиши белгиланган.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ўз вақтида қайд этмаслик кейинчалик бу фуқаролар учун турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Боланинг туғилишини ўз вақтида қайд этмаслик бу боланинг айрим ҳуқуқ ва манфаатлари чекланишига олиб келмоқда. Масалан, болани тегишли тиббиёт, мактабгача таълим ҳамда таълим муассасаларига ўз вақтида қабул қилинмаслиги оқибатида, улар маълум бир муддат йўқотишларга, шунингдек, тегишли статистик маълумотларнинг тўғри юритилмасликка олиб келмоқда.

Юқорида таъкидланганидек туғилганлик ҳақидаги ҳужжат бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар унинг шахс сифатида ягона ҳужжатидир.

Никоҳни ўз вақтида қайд этмаслик оқибатида эса оилада эр-хотин ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келганлигини ифодаловчи ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги оқибатида турли ҳил муаммолар вужудга келмоқда. Масалан, қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб бирга яшаш, кейнчалик вужудга келадиган оилавий масалаларни ҳал этишда турли муаммолар вужудга келмоқда.

Ҳудди шундай, ўлимни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этмасдан марҳумни дафн қилиш тақиқланиши белгиланган бўлсада, бироқ айрим ҳолларда ушбу талабга зид равишда марҳум дафн этилмоқда. Бу эса ўз навбатида вафот этган шахснинг қариндошлари ва манфаатдор томонлар учун вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжат олинишида ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлмоқда.

Мазкур масалалар юзасидан республика ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ўз вақтида қайд этиш юзасидан аҳоли ўртасида мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, унинг натижасига кўра ўтган йил давомида ўн уч мингдан ортиқ туғилиши қайд этилмаган болаларнинг туғилишини қайд этишга ҳамда йигирма мингдан ортиқ қонуний никоҳдан ўтмасдан бирга яшаган оилаларнинг никоҳи қонуний равишда расмийлаштирилишига эришилди.

Шуни алоҳида такидлаш лозимки, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ўз вақтида қайд этиш юзасидан энг аввало фуқаролар ўзларини манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзлари ташаббускор бўлиши лозимлигини эсдан чиқармаслиги зарур деб ўйлаймиз.

 Х.Насимов, Адлия вазирлиги маъсул ходими